Муҳаммад Аминхон (1817-55) - Хива хони (1846-55).
Хива шаҳрида ва унинг атрофида кенг миқёсда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб борди.

Оллоқулихоннинг ўғли. Хива хонлигини иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган олдинги хонлар сиёсатини давом эттирди. Атрофидаги барча исёнкор туркман қабилаларини бўйсундирди ва хонлик даромадини оширди. Муҳаммад Аминхон ўз ҳукмронлиги даврида Хуросон ва Марвга 10 мартадан кўпроқ қўшин тортиб борди.

Хонлик пойтахти бўлган Хива шаҳрида ва унинг атрофида кенг миқёсда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб борди. Хива шаҳрида қурилган Муҳаммад Аминхон Мадрасаси ва унинг ёнидаги ҳашаматли Кўк (Калта) минора шулар жумласидандир.

Ҳали битмаган минорани шу давр шоирлари "Фалак айвонига қўйилган устундек" деб таърифладилар. Муҳаммад Аминхон Хоразм пойтахтини Кўҳна Урганч (қадимий Гурганж)га кўчириш учун у ерда ҳам кўп қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширди. Лекин, Сарахс (Туркманистон)да туркманлар билан бўлган жангда ҳалок бўлди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР