Отаси 1882 йилда вазир лавозимига тайинланиб, оиласи Хивага кўчгандан сўнг, ёш Исломхўжа хоннинг фарзандлари билан бирга саройда тарбияланди. 1889 йилда вазир Иброҳимхўжа вафот қилган вақтда унинг ўғли 15 ёшлик Исломхўжа хонликнинг Бош закотчиси ҳисобланарди.
Амакиси Сайид Абдуллахўжа вазир қилиб тайинлангач, Исломхўжа Хазораспга ҳоким қилиб юборилди. Хазораспдаги 10 йиллик фаолияти давомида Исломхўжа етук давлат арбоби сифатида танилди. Ниҳоят 1898 йилда Муҳаммад Раҳимхон уни яқинда вафот қилган бош вазир Сайид Абдуллахўжанинг ўрнига тайинлайди.
Исломхўжа 26 ёшида бош вазир бўлган ХХ аср бошларидаги ўта мураккаб сиёсий шароитда Сайид Исломхўжа хонликда саноат ва қишлоқ хўжалик ишларини йўлга қўйиш, савдо-сотиқни ривожлантириш ва маданий ҳаётни жонлантириш ишларига катта эътибор берди.
У 1903, 1907, 1911, 1913 йилларда Россия шаҳарларига сафар қилган вақтида рус маъмурлари билан фойдали музокаралар олиб борди ва кўплаб шартномаларни имзолади. Натижада Урганч ва Хонқа шаҳарларида янги ёғ заводлари қурила бошланди. Урганчда "Рус-Осиё банки" бўлими очилди. Хонликнинг Хива, Янги Урганч, Тошҳовуз, Хонқа, Хазорасп ва бошқа шаҳарларида капиталистик саноат ишлаб чиқариш корхоналари қурила бошланди. Исломхожанинг хонликда обрўси ва салоҳияти кундан - кунга ошиб борди. У кўп марта Муҳаммад Раҳимхоннинг топшириғига кўра туркман сардорлари билан музокаралар юритди.
1910 йилда Вазири Акбар Исломхўжа хоннинг янги халқнинг осойишта ва фаровон турмуш кечириши билан боғлиқ бўлган барча масалалар ўрганилиб, тез фурсатда ҳал қилинсин деган фармонини эълон қилдирди. Ушбу ишларни амалга оширишни хурматли Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғлига топширдик" дейилади фармонда.
Исломхўжа шаҳарда маъмурий бинолар қуришга ҳам бошчилик қилди. Унинг ташаббуси билан 1910-1912 йилларда янги услуб мактаби, почта-телеграф биноси, мадраса ва минора, ҳамда шаҳар касалхонаси қурилди.