Байрам дастурхони тўкин бўлади
Янги йил байрами олдидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг анъанавий савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Унда деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ”Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмасига қарашли ташкилотлар томонидан фаолияти йўлга қўйилган "Хизмат – беминнат” павильонларида 38 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига арзон нархларда таклиф этилмоқда.

Биргина Урганч шаҳрида ўтказилаётган ярмаркада кунига 2 тоннага яқин қорамол, 2 тонна парранда гўшти, 5 тонна балиқ ,25 минг дона тухум,15 тонна гуруч, 25 тоннага яқин мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари савдо пештахталарига чиқариляпти.

-Янги йил олдидан бундай савдо ярмаркаларининг ташкил қилиниши элдошларимиз учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди,-дейди урганчлик меҳнат фахрийси Бахтиёр Бўриев.-Ушбу тадбир туфайли аҳоли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан тизимли ва кафолатли тарзда таъминланмоқда.Муҳими ярмаркага чиқарилаётган маҳсулотлар нархи бозордагидан анча арзон бўлиб,сифати ҳам харидорларга манзур бўляпти.

Ушбу савдо ярмаркалари хоразмликларнинг байрам дастурхони янада тўкин бўлишига, Янги йил оқшоми файзли ўтишига хизмат қилади.

Одилбек Одамбоев, xorazm.uz
"Халқ сўзи”мухбири

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР