Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – "Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси А.Раматов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов, Хоразм вилояти ҳокими И.Сaбиров, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
Мазкур линия Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги "Бухоро — Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорига асосан бунёд қилинди. Темир йўл линиясини қуриш учун 1500 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилар, йўл қурилиши билан боғлиқ соҳа мутахассислари ва 1000 дан зиёд қудратли механизмлар жалб этилди.
Қурилиш-монтаж жараёнлари Бухоро туманидан Мискин бекатигача бўлган оралиқда, бир вақтнинг ўзида ҳар икки томонда олиб борилди.
"Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган янги темир йўлнинг умумий узунлиги 355 км. ни ташкил этади. Айни пайтда 335 км. га пўлат излар ётқизилди, 20 кмда тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, мазкур линияда 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. 21, 2 млн кубометр ҳажмдаги тупроқ ишлари амалга оширилди. Ушбу йўналишда 5 та станция (Янгиобод, Тузтепа, Учачик, Сузакдор, Даутепа) ва шунча разъездлар (Машак, Азанир, Алабуга, Жакасай, Акчуқа) ҳам барпо этилди.
Дастлаб, мазкур темир йўл линияси орқали юк поездлар қатнови амалга оширилади.
Шу кунга қадар пойтахтдан Урганчга қатновчи поездлар 1064 километр йўл босиб "Навоий – Учқудуқ – Мискин” магистрали орқали ҳаракатланаётган бўлса, ушбу лойиҳанинг қуриб битказилиши билан поездлар қатнови қарийиб 100 километрга яқин қисқарди. Бу эса йўл учун кетадиган вақтни, ёнилғини ва бошқа харажатларни тежашга замин яратади. Ушбу темир йўлнинг иккинчи босқичида электрлаштириш ишлари амалга оширилиб, келгусида электропоездлар қатнови амалга оширилиши кўзланмоқда. Ушбу йўналиш ишга туширилиши Оролбўйи минтақаси, жумладан Хоразм вилояти тараққиётини тезлаштиришдай муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
манбаа: xorazm.uz