Ҳазорасп туманида “Нуронийлар маскани” мажмуаси фойдаланишга топширилди
Мажмуанинг очилиш маросимида мустақиллик йилларида мамлакатимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муносиб турмуш кечириши, дам олиши, жамиятда фаол бўлиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида кекса авлод вакиллари вақтини мазмунли ўтказиши, ҳордиқ чиқариши, саломатлигини мустаҳкамлашига хизмат қиладиган “Нуронийлар маскани” ташкил этилмоқда.

Хоразм вилоятидаги 10 туман ва шаҳарда ҳам шу кунларда мазкур масканлар қурилиш ишлари якунланиб, мажмуалар фойдаланишга топширилмоқда.

Ҳазорасп туманининг сўлим гўшасида қарийб 1 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган ва замонавий жиҳозланган “Нуронийлар маскани”нинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар иштирок этди.

– Мажмуадаги шароитларни кўриб, шундай юртда яшаётганимдан фахрланиб кетдим, – дейди меҳнат фахрийси Ўктам Раҳимов. – Телевизорда дунёнинг турли нуқталарида содир бўлаётган нотинчликлар, табиий офатлар, айниқса, аёллар, болалар ва қарияларнинг машаққатли ҳаётини кўриб, юртимиздаги бугунги тинчлик-хотиржамлик, дориломон кунларга қайта-қайта шукрона айтамиз. Ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кўнглимизни кўтариб, умримизга умр қўшмоқда. Мажмуада кексалар учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё. Кутубхона, тиббиёт хонаси, спорт зали, фитобар, фаоллар зали, миллий услубдаги айвон – барчаси нуронийлар учун хизмат қилаётир.

Эндиликда “Нуроний” жамғармаси Ҳазорасп тумани бўлими ҳам ушбу бинода фаолият кўрсатади.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР