Шундай даврлардан бири XVII-XVIII асрлар ўзбек адабиёти эди. Олим машҳур шарқшунослар Е.Э.Бертельс ва С.Айний маслаҳати билан турли хил баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган Хоразм воҳасидаги адабий ҳаётнинг асосан XVII-XVIII асрлардаги ҳолатини тадқиқ этишга қаратилди. Олим Хоразм шаҳар ва қишлоқларини кезиб чиқди, қанчадан-қанча адабиёт мухлислари, зиёлилар, кўпни кўрган, тарихни хотирлайдиган қариялар билан учрашди, улар ёрдамида ўз илмий кузатишлари учун материаллар йиға бошлади. Домла хоразмлик шоирлар, хаттотлар, тарихчилар, луғатшунослар, мусиқа ижрочилари ҳаёти ва ижодига оид бой қўлёзма манбаларни қўлга киритди. Ҳатто Хива моддий-маданий обидалари пештоқларига, таниқли олим ва шоирлар, уларнинг яқинлари мақбара ва марқадларидаги ёдгорлик тошларига ёзиб қолдирилган шеърий лавҳа ва байтларгача эринмай собитқадамлик билан йиғиб чиқди, улардан ўз илмий тадқиқотларида фойдаланди.
Вафойининг Орангхонга мадҳу зам йўли билан экспромт-бадиҳа тарзида айтилган ажойиб ғазали, унинг шахсиятига доир нақлларнинг «Фирдавс ул-иқбол» (Мунис ва Огаҳий) тарихий асаридан олинганлигини, Равнақнинг Муҳаммад Амин Меҳтар қизи вафотига ёзилган ғазал-марсиясининг мақбарадан ёзиб олинганлигини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя.
Заҳматкаш олимнинг эзгу умидлари ушалди. У ХОРАЗМ ДИЁРИДАН 60 ГА ЯҚИН НОЁБ ҚЎЛЁЗМА МАНБАЛАР, АРХИВ МАТЕРИАЛЛАРИ, илмга ва олимга хайрхоҳ одамлар оғзидан ёзиб олинган ёхуд бисотида сақланаётган адабий материаллар билан қайтди. Кечани кундузга, кундузни кечага улаб, бой хазина устида тинмай иш олиб борди. Хоразмдаги бадиий адабиёт, илм-фан, маънавий ҳаёт харитасидаги хаёлий бўшлиқ ўрнида диққатни тортувчи ажойиб чизгилар пайдо бўлди.
Машҳур адабиётшунос, академик А.Ҳайитметов таъбири билан айтганда «…унинг 1959 йили «XVII-XVIII асрларда Хоразмда ўзбек адабиёти» деган мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаши ўзбек адабиётшунослиги тарихида муҳим воқеа бўлган эди, дейиш мумкин. Қилдан қийиқ қидириб, ўзбек адабиёти камситилган, унинг намояндаларига бирини мистик, бирини хон саройининг маддоҳи, шаклбоз деб, қоралаш авжга чиққан бир шароитда Воҳид Абдуллаевичнинг Ўзбекистоннинг энг қадим ўлкаларидан бири – Хоразмдаги бой адабиёт тарихига қўл уриб, ундаги номлари ўша пайтгача унутилиш, мерослари йўқолиш ҳолатига келиб қолган ўнлаб ўзбек шоирларини, уларнинг асарларини аниқлаши ва ўрганиши, фанга олиб кириши унинг катта жасорати бўлган эди. Унинг бу тадқиқоти туфайли ўзидан бой адабий бойлик қолдирган ВАФО ВАФОЙИ, МАВЛОНО НОДИР, ПАҲЛАВОНҚУЛИ РАВНАҚ, МАВЛОНО РОҚИМ, МУҲАММАДНИЁЗ НИШОТИЙ, МУҲАММАД ХОКИСОР каби қаламкашлар бой адабиётимиз тарихидан ўз ўринларини эгалладилар.
Бу шу диссертацияга ҳакамлик қилган озарбайжонлик академиклар Ҳамид Арасли, Файзулла Қосимзода, Жаъфар Хандон каби машҳур олимлар томонидан алоҳида таъкидлангани, эътироф этилганида ҳам кўринади.
У ҳатто XVIII аср олим ва шоирларидан бўлмиш Муҳаммад Хоксор ва унинг турли фан ва соҳаларга доир истилоҳларни ўз ичига оладиган ўзбек тилидаги «Мунтахаб ул-луғот» асарини ҳам кашф этди, унинг лингво-поэтик таҳлилигача яратди. Шу асарга оид докторлик ишида келтирилган материаллар олимнинг 70-йилларга келиб чоп этилган «Хоксор ва Нишотий» монографиясининг майдонга келишига асос бўлди. Олим бу соҳадаги изланишларини давом эттириб Хоразмдаги ўзбек адабиётининг XIX асрдаги пешқадам намояндалари Шермуҳаммад Мунис ҳамда Муҳаммад Ризо Огаҳий мероси ҳақида алоҳида-алоҳида адабий портретлар яратди.
«Воҳид Абдуллаев яратган тадқиқотларнинг пойдевори бағоят мустаҳкам. Негаки, улар илк манбалар, мўътабар қўлёзмалар устида заҳмат чекиш ва кўз нурларини бағишлашнинг ҳосиласи эрур. Шу жиҳатдан ёш тадқиқотчилар устознинг тажрибаларидан кўп нарса ўрганишлари мумкин».
«Устоз Воҳид Абдулла илм соҳасида янгилик яратиш, оз бўлса-да, янги сўз айтиш услубида ишлардилар ва шундай бўлишни шогирдларидан ҳам талаб қилардилар. Чунки устознинг ўзлари Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолиятига, XVII-XVIII аср ўзбек адабиёти тарихига доир янги сўз айтиб, адабиётшуносликни бойитиб, катта ҳурмат ва обрўга, шуҳратга сазовор бўлган эдилар. Бунга эса доимий изланиш ва тинмай меҳнат қилиш туфайли эришилган эди. Домланинг бу фазилатлари шогирдларига ҳамиша намуна бўлиб хизмат қиларди. Устоз ҳар бир сўзни асосли ва текширилган бўлишини истардилар ва шогирдларига шуни ўргатардилар».
АДАБИЁТЛАР:
Ҳайитметов А. Тилга олинган манба, 124-бет.
Ҳаққулов И.Аллома // Абдуллаев В. Танланган асарлар. 2-жилд. – Т.: Фан, 2002. 131-бет.
Валихўжаев Б. Аллома, мураббий, устозни эслаб…// Абдуллаев В. Танланган асарлар. 2-жилд. – Т.: Фан, 2002. 112-бет.