"Урганч-Хива” йўналишида темир йўл қурилишига киришилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев шу йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи давомида вилоят ижтимоий – иқтисодий тараққиётини таъминловчи кўплаб тадбирларни ҳаётга тадбиқ қилиш тўғрисида топшириқлар берган эдилар. Ана шунлардан бири "Урганч-Хива” йўналишида темир йўл қурилиши эди.

Куни кеча Урганч туманидаги "Тандирчи” маҳалласида шу йўналишидаги темир йўл қурилишининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Таъкидланди-ки, 2017 йилнинг 10 февраль куни вилоят тарихида унутилмас сана бўлиб қолади. Чунки ушбу темир йўл воҳа тараққиёти учун улкан аҳамият касб этадиган, муҳим объектлардан бири бўлиб қолади.

Хоразмга илк бор темир йўл 1952 йилда келган эди. Ўшанда бери ўтган 60 йилдан ортиқроқ вақт давомида у вилоятимизнинг ижтимоий – иқтисодий ривожланишини таъминлаб келган муҳим омиллардан бири бўлиб келди.

Ярим асрдан кўп вақт давомида Хоразм темир йўли ўз фаолиятини такомиллаштириб борди. Янги – янги йўналишлар, хизмат турларини жорий қилди.

Айниқса, мустақиллик йиллари "Ўзбекистон темир йўллари”, хусусан вилоятмизнинг шу соҳаси учун ҳам жадал тараққиёт даври бўлди.

2004 йилда Амударё устига темир йўл кўпригининг қурилиши йўловчиларнинг узоғини яқин қилди. Аввал Урганч - Тошкент йўналишида йўлга чиққан йўловчилар манзилларига 23 соатда етиб борган бўлсалар, энди улар бунинг учун 18 соат вақт сарфлайдиган бўлишди.

Урганч шаҳрининг Бош режасини амалга ошириш ва туризмни ривожлантириш дастурлари асосида 2012 йилда қайта таьмирланган Урганч темир вокзали вилоят марказининг кўркига кўрк бўлиб қўшиладиган объектлардан бири бўлди.

Бугун "Навоий-Канимех-Мискин” темир йўлининг қурилиши жадал давом этмоқда. Умумий узунлиги 400 километрга тенг бўлган йўл қурилиши якунига етгач Урганч – Тошкент ёки Тошкент Урганч йўналишида йўлга чиққан йўловчи ўз манзилига 5 соатда етиб борадиган бўлади.

Бошланаётган "Урганч-Хива” темир йўли вилоятда транспорт-коммуникация тизимини янада такомиллаштириш йўлида бошланган тадбирларнинг узвий давомидир. Бу йўл воҳамизнинг юк ва йўловчи ташиш имкониятларини оширади. Энг асосийси, Хоразм, Хивага келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар кўпайтиради. Агар халқимизнинг "Меҳмон кирган уйга барака келади”, деган ибратли гапини эсласак ушбу йўл вилоятимизга кўплаб меҳмонларга қўшиб насиба, барака келтиради.

Шуҳрат Маткаримов, Вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби
xorazm.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР