Ишбилармон ака-ука Крафтлар
“Германия капитали Россиянинг узоқ Осиёдаги Хива деб аталган мамлакатига ҳам етиб борди. Ака-ука Крафтлар Хиванинг шаҳар ва қишлоқларида пахта тозаловчи ва ёғ ишлаб чиқарувчи заводлар қурдилар, банклар очдилар”. “Берлинер цайтунг” газетаси. 1914 йил 19 июн.

Дарвоқе, нуфузли немис газетаси фахр-ифтихор билан бутун дунёга овоза қилган Осиёнинг узоқ чекка ўлкасидаги шаҳар ва қишлоқларида янгилик яратиб замонавий пахта тозалаш заводлари, банклар очишга журъат этган ишбилармон ака-ука Крафтлар ким эди? Нега немис газетаси улар ҳақида оғизларидан бол томиб мақолалар ёзди? Ахир Хива ва Бухоро хонликлари аллақачон Россиянинг ярим мустамлакасига айланган эдику?

Чиндан ҳам ўша мақола эълон этилганидан 42 кун ўтар-ўтмасдан Германия I-жаҳон урушини бошлаб юборган бўлса, ишбилармон ака-ука Крафтларнинг узоқ Хива ҳамда Фарғона водийсидаги йирик корхоналари нима бўлди деган ҳаққоний савол туғилади.

Аслида, “Берлинер цайтунг” Ўрта Осиё хонликларида етиштирилаётган арзон ва сифатли пахта, шириндан-шакар мева, жун, қоракўл тери, мўйна каби ноз-неъматларни тарғиб этиб келаётган ягона газета эмасди. Россия, Германия, Франция, Буюк Британия, Италияда нашр этилаётган газета ва журналлар XIX асрдан буён Ўрта Осиёнинг Қора ва Қизил қумлари остида нефть конлари, Бухоро амирлигида олтин тоғлари, Фарғона водийсида бебаҳо маъдан – уран манбаалари борлигини тез-тез эълон этиб турардилар. Улар ўз олимларини Хива, Бухоро, Қўқон хонликларига дарвеш қиёфасида жўнатиб, зарур маълумотларни олиб турардилар.

Ўша даврларда Хоразмдан Германияга нафақат пахта толаси, ёғ, балки мол териси, жун ва ҳатто сўйилган қўйларнинг ичак-чавоғи ҳам темир канистраларга жойлаб жўнатиларди. Худди шунингдек АҚШга беда уруғи, Англияга қовун қоқи, Японияга доривор гиёҳлар бот-бот экспорт қилиниб турган. Айнан шунинг учун ҳам хорижий савдогарлар, урушқоқ генераллар Хива хонлигини рус губерниясига айлантириш, немис корчалонлари Ўрта Осиёга бутунлай эгалик этиш, мустамлакадаги аҳолининг қонини зулукдек сўриш учун I-жаҳон урушини бошлаган эдилар.

Кези келганда германияликларни Россияга, русларнинг Хива, Бухоро, Қўқон хонликларига суқилиб киришларига бироз тўхталиб ўтамиз. Европага дарча очган Рус подшоси Петр-I, сўнгра Екатерина-II немис тадбиркорлари, айниқса савдогарларига кенг имкониятлар яратиб бердилар. Келиб чиқиши немислардан бўлган Екатерина II Император аъло ҳазратлари 1763 йилда махсус манифест эълон этиб Россияга кўчиб келган муҳожир деҳқонларга 30 десятинадан ер улашди ва 10 йил солиқлардан озод этади. Натижада минглаб немис ишбилармонлари Урал, Одесса, Ставрополь, Волга бўйларига жойлашиб катта-кичик корхоналар очдилар, деҳқончилик, чорвачиликни ривожлантириб юбордилар. Наполеон босқини (1812 йил) даврида Россияга ўн минглаб немислар қочиб ўтган. 1897 йилги аҳоли рўйхатига кўра Россиядаги немисларнинг сони 1,8 миллион кишига етган. Улар электр асбоблари ишлаб чиқарадиган “Сименс” компаниясига асос солдилар, Россия темир йўллари ва банк тизимини такомиллаштирдилар. Жумладан генерал Николай Осипович Крафт Москва - Санкт-Петербург темир йўлининг бошлиғи, Константин Николаевич фон Кауфман 1873 йилда Хивани забт этган Туркистон генерал-губернатори “Ярим оқ подшо”, шунинг-дек рус армиясини динамит портловчи моддаси билан таъминлаб турган Альфред Нобель ва бошқалар Ўрта Осиёда кўплаб савдо-саноат корхоналари очдилар.

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, шўролар ҳукмронлиги даврида чоп этилган тарихий, бадиий, публицистик адабиётлар бирёқлама синфий-сиёсий нуқтаи назардан баён этилгани сабабли немис миллатига мансуб кишилар ҳақида аксарият китобхонлар онгида улар тўғрисида ножоиз, нохолис тасаввурлар ҳосил бўлган. Бунга I ва Иккинчи жаҳон урушларининг келиб чиқишига сабаб бўлган фашистлар Германияси раҳбарлари Бисмарк, Гитлер, Гимлер, Геринг каби сиёсий арбоблар ва баъзи тарихчилар айбдордирлар.

Тараққийпарвар, аниқ ҳисоб-китоблар билан иш юритувчи, кўнгли очиқ иқтидорли немис миллатига мансуб халқлар бир неча маҳаллий ва жаҳон урушларига мажбуран тортилганлиги ҳаммага аён.

Немисларнинг менонит тоифасига мансуб ажойиб кишилари ҳам борки, улар худди мўмин-мусофирлар каби ёшлигидан қўлига қурол олмаслик, одам ўлдирмаслик, ҳалол ва покиза яшаш ғоялари остида тарбия топганлар.

Хивани забт этган руслашган немис генерали фон Кауфман Хоразм воҳасига 150 нафар немис-менонит оилаларини жўнатган. Улар Хива яқинидаги Оқ мачит қишлоғида 1936 йилгача яшаганлар. Шулар туфайли халқимиз картошка, бодринг, карам, помидор, лавлаги нималигини билди. Уларни экиш, тарбиялаш, ейишни ўрганди.

Хивадаги Нуруллабой саройи, касалхона, почта, телеграф, Урганч пахта-ёғ заводи, фотография, керосин, лампа, сепаратор, электр двигатели каби янгиликлар айнан немис ишбилармонлари томонидан Хоразмга – тўғрироғи бутун Ўрта Осиёга расм бўлган эди.

Энг муҳими Россияда қўним топган ака-ука Иоган ва Генрих Крафтлар 1883 йилда Москвада, 1885 йилда Фарғона водийсининг Қўқон шаҳрида, 1903 йилда Янги Урганчда банк тизимини йўлга қўйдилар, савдо йўллари, кўплаб пахта тозалаш ва ёғ, совун ишлаб чиқариш заводларини ривожлантирдилар.

Сулоланинг кенжа вакили Александр Николаевич Крафт болалигидан ўткир зеҳнли, рус ва немис тилларини аъло даражада биладиган, савдо иши ва техникага қизиқувчан йигит бўлиб ўсди. Отасига қарашли савдо уйларида, фабрика ва заводларида, чет элларда ишлаб, тажриба орттирди. 1901 йил 20 январда белгиялик аслзода Эмма Бернес билан турмуш қурди. Ёш келин-куёвлар аввал Қўқон шаҳрида, сўнгра Янги Урганчга келиб савдо-саноат ишларини отасидан қабул қилиб олдилар.

Эндиги навбатда ака-ука Крафтлар асос солган савдо-саноат корхоналари сон ва сифатини замонавий уй-жой, янги техника ва технология билан қуроллантириб янада кўпроқ капитал тўплаш бош вазифа қилиб белгиланди. Шу мақсадда Крафтлар Қўқон ва Янги Урганчда икки қаватли банк, яшаш жойи ва завод ишчи корпусларини бунёд этдилар. Наманган, Поп, Олтиариқ, Серово, Скобелев (Янги Фарғона) шаҳар ва қишлоқларидаги савдо уйлари ва пахта заводлари учун Германия ва АҚШдан янги барабан, жувоз, “Жин” дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди.

Крафтларнинг ишбилармонлик ва тадбиркорлик хусусиятлари бир томондан Россия ҳукуматига катта фойда келтираётган бўлса, иккинчи томондан маҳаллий бой-зодагонларни илғор техникага асосланган завод ва фабрикаларни юритиш, ишчилар синфини шакллантириш, бозор иқтисодий сиёсати тамойиллари асосида чет эл инвестицияси кириб келишини тезлаштирган эди.

Крафтлар хом ашё сотиб олиш билан кифояланиб қолмадилар, балки уларнинг орзуси янада кўпроқ даромад олиш, шу худудда тўла ҳукмрон бўлиб қолиш эди. Бу даромад нима эвазига келаётгани уларни умуман қизиқтирмасди. 1910 йилда Крафтлар Янги Урганчдаги пахта тозалаш заводига тўла ҳукмрон бўлиб янги биноларни қуришга киришдилар. Икки йил давом этган қурилиш 1912 йил ниҳоясига етди ва янги завод ёғ-мой жувоз ва совун ишлаб чиқариш цехларига эга бўлди. Янги завод цехлари Англия ва АҚШдан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланди ва ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулот чиқариш унумдорлиги икки – уч баробар оширилди. Ёғ-мой чиқариш бўлимида учта очиқ пресс, битта икки қозонли ўчоқ, битта гидропресс, биттадан вальцовка ва чигитни тозалаш ускунаси бўлиб уларни ишлатишда 150 киши меҳнат қилган. Крафт томонидан қўйилган ишбошқарувчилар уларни аёвсиз эксплуатация қиларди.

Меҳнат фахрийларидан бири А.Т.Пискунов: “Заводдаги иш сменалари катталарга ҳам, ўспирин ва болаларга ҳам бир хил давом этарди, аммо иш ҳақи берилганда болалар анча кам оларди. Дам олиш кунларисиз ишлардик. Шароит ачинарли ҳолда, иш жойларимиз чанг-тўзанг бўлиб ифлосланиб қоларди. Иш хавфсизлигини таъминлаш учун умуман ҳеч нарса қилинмас эди”, дейди.

Умуман айтганда минглаб қоғоз пуллар бу заводнинг пайдо бўлишига ва шу билан бирга унинг ишчиларини очиқдан очиқ темир панжалари билан бўғиб, уларни ишлаб чиқариш хом ашёсига тенг қилиб қўйди. Шунга ўхшаш ўнлаб заводлар, “Большая Ярославская мануфактура”, Крафтлар, Шлоссберг, Майкарт, “Стукен и К” ва бошқа компаниялар томонидан кичикроқ бўлсада юритилиб фаолият олиб бордилар. Уларнинг барчаси маҳаллий аҳолининг тинимсиз меҳнат қилиши эвазига даромад олдилар.

Маҳаллий савдогарлар Ю.Салимжонов, Д.Нуров, К.Иброҳимов, А.Оллаберганов, Э.Дўсчонов, В.Ботиров, К.Юсупов, М.Сафоев, Х.Авазжонов каби майда буржуалар аста-секин ака-ука Баққолов, Отабоев, Мадиёров, Д.Ризаевлар Крафтлар сафига қўшила бордилар.

Урганчдаги Рус-Осиё банки орқали пахтакор ва заводчи бойларга имтиёзли кредит бериш бошланди. Натижада 1903-1916 йилларда Хивада 8 та, Янги Урганчда 2 та, Гурланда 3 та, Хонқада 4 та, Тошҳовузда 1 та, “Хитой” (Манғит)да 1 та турли заводлар ишга туширилди. Шулардан 4 ёғ-совун заводи, 4 пахта тозалаш заводи, 4 терини қайта ишлаш заводи, 11 та ғишт заводи қурилди.

Ака-ука Крафтлар маҳаллий заводчи бойларга ўрнак (эталон) бўлганидан ва охир оқибатда замоннинг зўрлиги туфайли азият чекканлиги ва уларнинг фожиали тақдири ҳақида кейинги саҳифаларда бироз тўхталиб ўтамиз.

Александр Крафт (1880-1935)

Оқмачитлик немислар (1884-1936)

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР