Муҳаммад Юсуфбек Баёний
Хоразм диёрининг машҳур шоири, тарихчи ва таржимони, етук хонанда ва мусиқашунос олими, тараққийпарвар ғояли фарзандларидан бири – Муҳаммад Юсуфбек Баёнийдир. У 1840 йил Хивада шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида амалдор оиласида туғилган.

Баёний машҳур Хива хони Элтузархонни авлоди бўлмиш Бобожонбек Оллоберди тўрани ўғли бўлиб бошланғич таълимни уйида махсус муаллимлардан олган. Ундан ташқари унинг таълимида акаси Яхшимуродбекнинг ҳам кўп ҳиссаси бўлган. Кейинчалик Шерғозихон мадрасасида ўқиб машҳур таржимон ва ҳаттот бўлиб етишди. Отаси Бобожонбек Элтузархон (1804-1806)ни набираси бўлиб Хива хонини саройида катта амалдор бўлган. Баёний ўсган муҳит уни кейинчалик машҳур асарлар ёзишига замин яратди. Чунки унинг отаси Бобожонбек илғор фикрли киши бўлиб, нозик дидли шоирсифат инсон эди. У замонасининг машҳур адабиётшунос тарихчи шоирилари – Мунис ва Огаҳийлар билан яқин мулоқотда бўлар ва ўзи ҳам шеърлар машқ қилиб турар эди. Бундан ташқари Баёнийнинг отаси Бобожонбек замонасининг кўзга кўринган ҳаттоти, табиби, мусиқашуноси ва тарихчиси эди.

Бу юксак савиядаги муҳит Муҳаммад Юсуфбек дунёқарашига ижобий таъсир ўтказди. Ёшлигидан шеърлар машқ қилар ва кўплаб тарихий китобларни мутолаа қилар эди. Сулс, куфий, райҳоний, шикаста хатларини яхши билган, танбур чертиш ва ғижжак чалишда моҳир бўлган. Унинг қобилиятидан, нозик дидидан ва шеърий машқларидан хабардор бўлган Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз саройга таклиф қилади ва Баёний Хива хони саройида кўп йиллар қолиб кетади. Бу пайтда илм аҳли тарихчилар шоирлар таржимонлар мусиқашуносларга раҳномолик қилган Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз уларни ижод қилишлари учун барча шароитларни яратиб берган эди. Хон саройида шеърият кечалари уюштирилар ва мусиқа асарлари тингланар эди. Ушбу кечаларда яхши адабий тарихий асарлар яратган фузалоларга ҳар хил совға-саломлар улаштирилар ва баҳс-мунозаралар олиб бориларди. Баёний Ферузнинг топшириғига биноан бир неча арабча ва форсча илмий асарларни туркчага таржима қилган.

Бизгача Баёнийнинг бир девони, Хоразм тарихига оид икки асари ва таржималари етиб келган. У мумтоз шеъриятнинг деярли ҳамма жанрларида ижод қилиб, Навоий, Мунис, Огаҳий анъаналарини давом эттирган. Аваз Ўтар билан ижодий ҳамкорликда бўлган. “Девони Баёний” шеърлар тўпламини тузган. Унга кирган шеърларида табиат гўзалликларини содда ва равон ифодалаган, мазлумлар, илм-фан аҳлининг аччиқ тақдирига ачинган. “Шажараи Хоразмшоҳий” (1913 йилда ёзган) тарихий-мемуар асари билан Мунис ва Огаҳий бошлаган ишни давом эттирган. Бунда Ёфасдан Қўнғирот уруғигача, Абулғозий Баҳодирхондан Асфандиёрхонгача ўтган хонлар ҳукмронлиги даври тарихи ёритилган.

Ушбу асар Баёний даврида Хоразм абадий муҳити ҳақида ҳам маълумот беради. Асарда Мунис, Огаҳий, Феруз, Комил, Ҳисравий, Камрон, Муродий каби шоирларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида янги маълумотлар мавжуд. Адабий манбаларда учрамайдиган баъзи назмий асар ва парчалар турли муносабат билан келтирилган. Асар Баёний ҳаёти ва ижодининг бизга номаълум томонларини ойдинлаштиради, шоир фаолияти ҳақида илмда мавжуд кемтикларни тўлдиради. Асар Хоразм халқининг урф-удумлари, маросим-маъракалари, тил хусусиятларини ўрганишда хам муҳим манбадир.

Академик Яҳё Ғуломов Огаҳий ёзган тарихнинг Баёний томонидан қайта ёзилган қисми (1846-1873) ҳақида гапириб, қуйидагиларни ёзади: - “Огаҳий асарларидаги маълумотларни Баёний маълумотлари билан солиштириб кўрганда катта тафовут йўқ, аммо Баёнийда учрайдиган ва диққатга сазовор баъзи бир маълумотлар тўлиқроқ бўлиб, Огаҳий асарларида мукаммал эмас”.

“Хоразм тарихи” асари “Шажараи Хоразмшоҳий”даги воқеаларни тўлдирган. Асарнинг аввалги боблари маъно жиҳатдан “Шажараи Хоразмшоҳий”га ўхшаб кетади. Лекин ёзилиш услуби билан ундан фарқ қилади. Асарда, асосан Асфандиёрхон ҳукмронлиги даври ва ундан кейин рўй берган воқеалар тасвирланган. 16 бобдан иборат бу асарнинг 8 бобигина бизгача етиб келган.

Баёнийнинг ҳар икки тарихий асарида ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид жуда кўп қимматли материаллар бор. Жумладан, Хива хонлигининг Бухоро ва Қўқон хонлиги ва хонликка қўшни бўлган бошқа мамлакатлар билан савдо ва дипломатик муносабатлари, меҳнаткашлардан олинадиган ҳар хил солиқлар, Хоразмда яшаган олим ва шоирлар, шаҳарлар ҳаёти, деҳқончилик ишлари тўғрисида бой маълумотлар ёзилган. Маълумотларга қараганда, Баёний кейинчалик яна бир девон тузган. Лекин уни қйлёзмасини Хива хони Асфандиёрхонни (1910-1918) буйруғига кўра йўқ қилишган. Чунки, ушбу девонда Асфандиёрни отаси Феруз замонига ижобий баҳо берилиб Асфандиёрхонни фаолияти танқид қилинган бўлса керак.

Баёний арабчадан Дарвеш Аҳмад (“Саҳойиф ул-ахбор”, 1901), форсчадан Биноий (“Шайбонийнома”, 1915), Табарий (“Тарихи Табарий”) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. “Мажмуаи шуарои форсий” тўплами (1900) ва бошқа илмий, бадиий асарларни ҳуснихатда кўчирган.

Ходим ўзининг “Хоразм новозандалари” (1923) асарида Баёний тўғрисида шундай фикрларни билдиради: “Юсуфбек мансабдор бўлғон эмас, қўлининг кучи билан кун кечирган, холос. У 40 ёшларидан бошлаб шоирлик билан шуғуллана бошлаган бўлса, эҳтимол. Илмли одам бўлгани учун ҳам Муҳаммад Раҳимхон II шеърига ҳаваскор бўлиши билан бирга Огаҳий, Комил Хоразмийнинг шеърий китобларини ўқиб кўриб, шулардан қофия, узунларни олиб, устодсиз шоир бўлғон. Баёний олти ярим мақом созни тўлиқ билар эди. Хева олимлари, Юсуфбекнинг жойига бориб соз қилдириб келамиз деб, унинг уйига келиб, зиёфат еб, соз қилиб кетар эдилар. Танбур, ғижжак, дарё (доира), буломон, дутор каби соз асбоблари тўлиқ бор эди. Ўзи черта олар, лекин айта билмас эди. У кўринишидан узун бўйли, хушбичим, сариқ соқол, камбағал одам эди. Шундай бўлса ҳам ҳар бир куни меҳмонсиз ўтмас эди. Кийимларини озода тутар, сўзлаган вақтинда овози гоҳ йўғон, гоҳ ингичка тортар эди. Халқ орасида, овозингиз Юсуфбекникига ўхшар экан, деган гап юрар эди. Ўзи ўта кетган сахий, суҳбати маъноли одам бўлиб, сўзлашиб ўтирганда ёнидан кетмасам, дердинг киши. Одатлари ҳам яхши, ширинсўз киши эди” деган.

1940 йилларда Хива музейида хизмат қилган Ҳасанмурод қори Лаффасий ўз даврида Хива хони саройида ижод қилган шоирлар ҳақида маълумотларни тўплаган ва ўзининг “Тазкираи шуаро” асарида Баёний ҳақида шундай деган: - “хоннинг фармони ила у форсийдан кўплаб китобаларни туркийга ўгирди, Баёний танбур, ғижжакка ҳам маърифатлиғ бўлиб, шахматда ҳам жуда тез фаҳмлиғ усто бўладур. Аммо Баёний хушхатлиғ илмида ҳам жуда маърифатлиғ бўлганидек, хатти куфий, хатти сулс, хатти шикаст, хатти райҳоний, хатти инжил, хатти ҳиндийга ҳам анча маълумотли бўлиб, ўқиб ёза билур эрди. Баёний ажаб хушсухан, тўти гуфрон бўлиб, ғариб дилновоз бўлиб дўстларига ҳама вақтлар бемалоллиғ билан жигарларига маҳрам қилиб, ўзига вобастаий шайдо қилур эрди”.

1920 йилдан то умрини охири 1923 йилгача Хоразм Республикасининг маориф нозирлигида ишлаган. Хоразм Республикасининг нашри бўлган “Хоразм хабарлари”, “Инқилоб қуёши” каби газеталарда ўзининг асарлари ва мақолалари билан фаол иштирок қилиб турган. Ҳозирги кунда ушбу ватандошимизни номини абадийлаштириш учун унинг номи шаҳардаги мактаб ва кўчаларга қўйилган.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР