Хоразм шеваси сўзларидан
Бу луғатимиз Хоразм вилояти шеваси асосида тузилди. Хараз - бу сўз “тегирмон” маъносида қўлланилиб, воҳанинг барча туманлари учун характерлидир. Масалан: “Отаназар кун пешинлаб ун торттиргани харазга кетди”.

Ёқту

Хоразм шевасида ушбу сўз “ёруғ” маъносини ифодалайди. Мумтоз адабиёт намуналарида ҳам ундан кенг фойдаланилган. Масалан:

Ики ёқту гуҳар оламга берган,
Муҳаббат ганжини одамға берган.
(“Муҳаббатнома”дан).

Диғириқ

Ушбу сўз воҳанинг асосан Урганч, Хива, Хонқа туманларида “тор кўча”, “жин кўча”, “боши берк кўча” маъноларида келади. Масалан: “Диғириқдан у ёғига йўл йўқ эди”.

Сеча

Асосан ўғуз шевасига хос бўлиб, “чумчуқ” маъносида келади. Воҳанинг Урганч, Хонқа, Хива, Янгиариқ, Қўшкўпир туманларида бу сўз кенг қўлланилади. Масалан: “Бола қўлига тош олиб улгурмай, шохдаги сечалар пир этиб учиб кетди”.

Учак

Воҳада бу сўз “том” маъносида қўлланилади. Гурлан, Янгибозор туманларида эса унинг муқобили сифатида “тамбаш” сўзидан фойдаланилади. Масалан: “Довул оға сомон ташлаш учун учакка чиқди”.

Қаринжа

Хоразм воҳасида ҳозир ҳам қўлланиб келинадиган бу сўз “чумоли” маъносини ифодалайди. Масалан: “У қўлида ўрмалаб кетаётган қаринжани пуфлаб ташлади”.

Рабғузийда “қаринжа” – “қаринчқа” тарзида учрайди:

“Қаринчқаларнинг улуғи оқсоқ эрди”. (“Қисаси Рабғузий”дан)

Акмал ЖУМАМУРОДОВ тайёрлади.

“Ёшлик” журналининг 2016 йил 8-сонидан олинди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР