Турон давлатлари. Усунлар давлати
Усунлар(уйшунлар) Марказий ва Ўрта Осиёдаги кўчманчи қабилалардан бири бўлган. Хитой манбаларига кўра, улар милоддан аввалги III асрда юэчжилар билан бирга Дуньхуан (Дўнгхуанг) билан Тангритоғнинг шарқи, Қоронғу тоғ (Кунлун)нинг шимолидаги Чилан тоғи яқинида яшаган. Усун хонлиги ҳудудига Иссиқкўлнинг шимоли, Балхаш кўлининг жанубидаги ерлар кирган.

Милоддан аввалги 177 йили улар юэйчжиларнинг тазйиқи натижасида шарққа силжиб, ҳунлар орасига (ҳозирги Гансу ўлкасининг шимолий-шарқидаги Эрсин яйлови) бориб жойлашган. Жанглардан бирида усунлар ҳукмдори (кунбейи, хони) Нандубей (Нандуми) ўлдирилган. Милоддан аввалги 160 йили унинг ўғли Лие - Жиаобек (Роғуми) ҳунлар ёрдамида юэчжиларни мағлуб этиб, уларнинг ҳудудини эгаллаган ва ғарбга силжиган. Натижада Еттисувда кучли давлат ташкил топган. Унинг маркази хитой манбаларида Или дарёсининг жанубидаги Чигу (Қирғизистондаги қадимий Қизил қўрғон шаҳри) деб қайд этилган.

Хитой сайёҳларидан бири ўз императорига шундай деб ёзган эди: “Катта Усун гунмосининг (хоқонининг) қароргоҳи Чанъандан 8900 ли узоқликдаги Чигу шаҳридадир. 120 минг ўтов, 630 минг одам, 188 минг 800 аскари бор...Ери текис ва ўтзор, оби ҳавоси жуда серёмғир ва совуқ. Тоғларида игнабаргли ўрмон кўп. Усунлар миришкорлик, боғбончилик билан шуғулланмай, эмин-эркинликда, сув ва ўтнинг сероблигига қараб, моллари билан кўчиб юрадилар. Феъл-атворлари ҳунларникига ўхшаш. Мамлакатларида от жуда кўп. Бойларининг 4000дан 5000гача оти бор... Усун энг қудратли эллардан ҳисобланади. Илгари ҳунларга қарам бўлган. Кейин кучайиб, бошқа ерларни ўзига бўйсундириб, ҳунларнинг Ўрдасига (совға-салом билан) қатнашдан бош тортган. Мамлакати - шарқда ҳунлар, шимоли-ғарбда Кангуй, ғарбда Даван билан, жанубда ўтроқ юртлар билан чегарадош.”

Усуннинг Хитой билан иттифоқ тузиб, ҳунларга қарши узоқ муддат кураши бу давлатнинг парчаланишига сабаб бўлган. Натижада Усунлар авар (жужан) лардан енгилиб, милодий 404-410 йилларда Помир тоғлари атрофига бориб жойлашган. 938 йилда мазкур хонлик қорахитойлар хонига бож-хирож тўлаганлиги ҳақида хитой манбаларида маълумот берилган.

Усунлар чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланишган, уларнинг давлат тузилиши, урф-одатлари ҳунлар билан ўхшаш бўлган.

XIX асрда ва XX аср бошларида усунлар ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд, нўғай халқлари таркибига “уйшун” номи билан кирган. Жумладан, улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳудудида яшаган. XX аср бошларида Ўзбекистондаги уйшунларнинг умумий сони 3 минг кишига яқин бўлган.

Ҳозирги пайтда Самарқанд, Андижон, Хоразм, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида Уйтттун номли қишлоқлар бор.

Нандуми (Милоддан аввалги 197 - 160) Роғуми (160 - 104)
Қуншуми (104 - 93)
Унғуми (93-60)
Ними (60-53)
Уйғут (53-33)
Ёнғуми (Хитой маликасидан туғилган) (53-51)
Шин ми (51-33)
Жасуми (33-16)
Элқуми (милодий 10-16)

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР