Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги янги санъат асари топилди
Ашхободда буюк ватандошимиз, Жалолиддин Мангубердига бағишлаб, бундан 72 йил муқаддам машҳур ёзувчи ва рассом Василий Ян томонидан ишланган “Жалолиддин Ҳинд дарёси бўйида” деб номланган тасвирий санъат асари топилди.

Жалолиддин Мангуберди ҳақида айни пайтга қадар нафақат юртимизда, балки бошқа мамлакатларда ҳам жуда кўп тарихий ва бадиий асарлар яратилган. Машҳур рус адиби Василий Ян ҳам ўзининг бир қатор роман ва қиссаларида Жалолиддиннинг қаҳрамонликларини тараннум этган. У буюк саркарда ҳақида “Мардлик қанотида” номли қиссасидан ташқари “Жалолиддин” номли роман ёза бошлаган, аммо адибнинг ўлими сабабли бу роман тугалланмай қолган.

Яқинда мазкур адибнинг ижодини тадқиқ этган туркман олими, марҳум Какабой Қурбонмуродовнинг шахсий архивидан В.Ян ижодига тегишли бўлган бир асар топилди. Бу ҳақда Darakchi.uz нашрига туркманистонлик ёзувчи ва олим Ораз Яғмур хабар берган. Асарда Жалолиддин Мангубердининг Ҳинд дарёси бўйида мўғулларга қарши олиб борган жанги тасвирланган. 60х90 см ҳажмдаги ушбу тасвирий санъат асари 1944 йилда акварелда чизилган бўлиб, В.Яннинг ўғли М.Янчевский ўтган асрнинг 90-йилларида суратни К.Қурбонмуродовга ҳадя қилган.

Эслатиб ўтамиз, Василий Яннинг “Чингизхон”, “Боту”, “Сўнгги денгизгача” романларидан таркиб топган трилогияси ўзбек ўқувчиларига ҳам яхши таниш.

Тарихдан маълумки, Жалолиддин Мангуберди (1199-1231) Хоразмшоҳлар сулоласининг забардаст вакили бўлиб, мўғул босқинчиларига қарши курашда катта қаҳрамонликлар кўрсатган. Хусусан, 1221 йил 9 декабрда Ҳинд дарёси бўйида бўлиб ўтган жанг буюк саркарда ҳаётида катта ўрин тутади. Ушбу жангда у Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинларига муносиб қаршилик кўрсатади. Аммо, кучлар тенг эмасди. Ўз аҳли аёлини душман қўлига тушиб, хўрланишини истамаган саркарда бутун ҳарамни сувга чўктиришни буюриб, ўзи қолган аскарлари билан дарёнинг нариги соҳилига ўтиб кетади.

Мамлакатимизда Жалолиддин Мангуберди сиймосига жуда катта эҳтиром билан ёндошилади. 1999 йилда саркарданинг 800 йиллиги юртимизда кенг миқёсда нишонланган. Худди шу йили Урганч шаҳрида буюк бобокалонимизга ёдгорлик ўрнатилган. 2000 йилда Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилган.

darakchi.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР