Маҳмуд Ибн Муҳаммад Ибн Умар ал- Чағминий
Маҳмуд ал-Чағминий Хорзмда Ануштегинийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида ижод қилган улуғ сиймоларнинг пешқадамларидан бири бўлиб, унинг илмий дунёқараши жуда юксак ва сермазмун, ўз замонасида ҳам унинг илми юксак баҳоланган, ўзининг нодир асарларини бизга мерос қилиб қолдирган. Аммо буюк олимнинг илмий мероси ҳозиргача ўрганилган эмас.

Маҳмуд ал-Чағминий ҳақидаги дастлабки маълумотлар немис олимларидан В.Рудольф (1816-1893), Г.Зутер (1848-1922) ва А.Хохгейм (1840-1898), рус шарқшуноси Б.И.Беляев асарларида учрайди. Ўзбек олимларидан академик Т.Н.Қори Ниёзий ўзининг “Улуғбекнинг астрономия мактаби” ва бошқа асарларида Чағминий ҳақида қимматли маълумотлар келтиради. Урганч Давлат педагогика олийгоҳининг доценти, марҳум Халил Сиддиқов ҳам ўз ҳаётининг энг яхши онларини ал-Хоразмий, Беруний, ал-Чағминий ва бошқа астроном, тиббиёт, математик олимларни илмий меросини ўрганишга бахшида қилган эди. Бу ҳақда у кўплаб илмий асарлар ёзиб қолдирди. Мураккаб шароитга қарамай, олимнинг астрономияга оид бир неча қўлёзма асарларини ахтариб топишга муяссар бўлди. Тадқиқотчи олим шу қўлёзмаларни синчковлик билан ўрганиб ўзининг “Чағминий ва унинг ўтмишдошлари” номли дастлабки асарини (1976 й) ёзади. Қадимги манбаларда элдошимиз Маҳмуд ал-Чағминийнинг астрономия, математика, геометрия, табобат ва бошқа илмлар соҳасида ўз даврида етук олим бўлганлигидан гувоҳлик беради.

Маҳмуд ал-Чағминий пойтахт Гурганч шаҳри яқинидаги Чағмин деб юритилган кентда туғилган, у бошланғич таълимни ўзи туғилган кентда олиб, кейинчалик Гурганч мадрасаларида ўқишни давом қилдирган. У Гурганчда энг машҳур олимлар раҳбарлигида тарбия топиб, астрономия, математика, геометрия, география фанларидан чуқур билим олиб, яна илм олиш учун Самарқанд мадрасаларида ўқиган. Олим кейинчалик Хоразмшоҳларнинг саройида илм билан шуғилланган. У ёшлигидан араб, форс ва юнон тилларини мукаммал ўрганиб Птолемей, Платон, ал-Хоразмий, Фаробий, Абу Наср Ироқ, Беруний асарларини жуда яхши ўзлаштириб олиб ўзи ҳам бир қанча асарлар ёзиб фан оламида ўзига ҳайкал ўрнатган олимдир.

Ал-Чағминий аниқ фанлар соҳасида кўпгина асарлар ёзиб қолдирган, шулардан “ал-Мулаххас фи ҳайъат ул басита”, “Астрономия ҳақида қисқача рисола”, “Тўққизликлар арифметикаси”, “Мерос тақсим қилишдаги усулларга шарҳ” каби ва табобатга доир “Қонунча” асарлари бизгача етиб келган. Чағминий ўзининг ана шу асарларида антик юнон ва рум ҳамда Марказий Осиёлик олимларнинг аниқ фанларга доир ғояларини ўз мулоҳазалари ва кашфиётлари билан бойитган. Аниқ фанлар соҳасида Чағминий эътиборини кўпроқ астрономия фани жалб этади. Олим астрономияга ёшлигидан қизиққан ва ўзининг “ал-Мулаххас фи ҳайъат ул басита” номли асарини ёзган. Олим узоқ йиллар давомида Қуёш, Ой ва бошқа осмон ёритқичлари устида мустақил кузатишлар олиб борган, бу кузатишлар Гурганч расадхонасида ўша вақтдаги математика соҳасида эришилган ўлчаш натижалари ва усулларидан усталик билан фойдаланилган ҳолда олиб борилган. Чағминий ўзининг юқоридаги асарини келгуси авлодга астраномиядан қўлланма сифатида тайёрлайди ва у шарқда кенг тарқалиб алохида эътиборга сазовар бўлади. Асарнинг кириш қисмида олим: -“Мен осмон жисмлари ва улар орасидаги муносабатлар, ҳаракатлар тўғрисида фикр қилдимки, буларнинг ҳаммасини киши ақли билан фикрлаши, тушуниши осондур. Мен осмон жисмлари билан шуғулланувчи кишилар кам бўлгани учун, бу ҳақдаки фикрларимни ўзимдан кейингиларга ёдгорлик учун қолдираман. Бу китобимни астрономия илми билан шуғулланувчи, илмли, доно одамларга атаб ёздим”, - деб изоҳ беради.

Ал-Чағминий ўз даврида табобат илми билан ҳам чуқур шуғулланган алломалардан бири бўлиб, унинг бизгача табобат илмига оид “Қонунча” номли асари етиб келган. Олимнинг бу асари шарқнинг машҳур табобат алломаларидан Абу Бакр ал-Розий, Абу Али ибн Сино ва Исмоил Журжоний асарларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ўз тажрибаларини илмий мужассамлаштириш асосида яратилди. Унинг ушбу асарида одам анатомияси ва физологияси ҳақида, диагностика, терапия, жарроҳлик, доришунослик ҳамда касалликни олдини олишнинг кўп чоралари ҳақидаги долзарб масалалар хусусида сўз юритилади. Асарда инсон саломатлигини таъминлашда кўпгина тадбирлар, айниқса жисмоний тарбия, соғлом экологик муҳит, мусаффо ҳаво ва тоза ичимлик суви ҳамда саёҳатлар энг муҳим омиллардан, деб кўрсатилган. Шунинг учун ҳам олимнинг “Қонунча” рисоласи тажрибали тиббиёт олимлари эътиборини ўзига жалб қилди. Жаҳон табобат ходимлари олимнинг ушбу асарига жуда юқори баҳо берганлар. Ҳиндистонлик машҳур тиббиёт олими Жони Муҳаммад Акбар Арзоний ўзининг “Юрак қувончи” (1780) асарида Чағминийнинг ушбу рисоласи ҳақида тубандаги илиқ фикрларни ёзиб қолдирган:-“ Мен тиббиётга доир жуда кўп китобларни ўқиб чиққанман. Шулар ичида ал-Чағминийнинг “Қонунча” асари менда алоҳида қизиқиш уйғотди. Дўстларим мендан ушбу рисолага шарҳ ёзишни илтимос қилдилар. Мен уларнинг илтимосини фойдадан ҳоли бўлмаса керак, деган умидда бажо келтирдим. “Қонунча”га ёзган шарҳимни “Муфаррих ал-қулиб” (“Қалбларни хурсанд қилувчи”) номи билан тайёрладим”, - деб қайд қилади. Ушбу шарҳнинг форс тилида кўчирилган ва Ҳусайн ибн Муҳаммад Абу Али ас-Астрободийнинг араб тилида “Қонунчага шарҳ” асарининг кўчирилган биттадан нусхалари бизгача етиб келган.

Қомусий олим Маҳмуд ал-Чағминий бой илмий асарлари билан жаҳон фани ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, келгуси авлодларга бой илмий хазинани мерос қилиб қолдирди.

© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун академияси нашриёти, 2009.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР