Маҳмуд аз-Замаҳшарий
Унинг тўлиқ исми Абул Қосим ибн Умар аз-Замаҳшарий 19 март 1075 йили Хоразмнинг Измиқшир қишлоғида туғилган, болалигида варрак учраётганида томдан йиқилиб оёғини синдирган ва бир умирга ногирон (бир оёғи синган эди) бўлиб қолган.

Замаҳшарийнинг отаси Умар ибн Аҳмад масжидда имомлик қилган, онаси тақводор ва диндор аёллардан бўлган. Унинг араб грамматикасига бағишланган “Ал Муфассал” китоби ўзининг даражасига кўра араб олими Сибаввахнинг китобидан кейин туради. Ҳаётлигидаёқ уни “Бутун олимларнинг устоди”, “Бутун араблар ва ажамнинг (араб бўлмаганлар) устоди”, “Жоруллоҳ-Оллоҳнинг қўшниси”, “Хоразмнинг шарафи” ва бошқа лақаблар билан улуғлашган.

Бошланғич таълимни ўз қишлоғида олган Маҳмуд кейинчалик Гурганч ва Бухоро мадрасаларида таҳсилни давом қилдирган. Мадрасани тугатганидан сўнг мустақил мутолаа билан шуғулланди. У ўқиши давомида Абумузар ибн Жарир Заббиё Исфахоний, Носир Ҳосирий, Абусаъд Законий, Абулхаттоб ибн Абулбатир сингари ўз замонасининг машҳур олимлари билан яқин мулоқотда бўлди ва улардан таълим олди.

Маҳмуд ҳаттотликни пухта ўзлаштириб олиб одамларга китоблар кўчириб бериб тирикчилик қилган. Илмга ташналигидан бир жойда ўтирмас эди, доимо изланишда бўлган. У ўзининг ногиронлигига қарамай илм излаб Исфахон, Хуросон, Боғдод, Ҳижозда, икки марта Маккада сафарда бўлган. Бир неча йил Ироқ ва Арабистон ярим оролида яшаб, йирик тилшунос олим сифатида “Асос ул-балоға” (“Чечанлик пойдевори”), “Алфоиқ фи ғарибил-ҳадис”), (“Ҳадисдаги нотаниш сўзларни ўзлаштирувчи”) каби ажойиб асарлар яратиб араб тилшунослик фанининг ривожига муносиб ҳисса қўшди. Замаҳшарий ўзининг “Ал-жилоб валамкина валмией” ёки “Китобу асмо ил-адвия вал-жибол”, (“Тоғ, манзил ва сувлар” ёки “Дори-дармон ва тоғларни исмлари китоби”) каби топономик асарларини яратди. Унинг “Муқаддамат ул-араб”, (“Адабиёт муқаддимаси”), “Ал-мустақсо фи амсол ил араб”, (“Араб мақолаларини ниҳоясига етказувчи”), “Навобиг ул-калим”, (“Ҳикматли сўзлар”, “Мақомат аз Замаҳшарий” (“Замаҳшарий мақомлари”), “Атвоқ уз-захаб фил маъвоъиз вал-хутаб” (“Ўгит ва насиҳатларнинг олтин мунчоқлари”) асари билан адабиётшунослик фанини ривожлантирди. Айниқса, унинг кейинги асари бадиий насрнинг юксак намуналари ҳисобланади. Замаҳшарийнинг арабча девони ҳам бўлиб, лирик, фалсафий шеърлар қасида, фахрия, марсия ва назмий мактублардан иборат.

Замаҳшарий замондоши Абусамад Муҳаммад Саъоний (1179-1229), араб тарихчиси Ёқут Хамавий (1179-1229), мисрлик Жалоладдин Кифтий (1167-1248)лар унинг тенги йўқ олим ва ўз замон адибларнинг имоми (пешвоси) бўлганлигини таъкидлайдилар. Замаҳшарий Хоразмшоҳ Отсизга бағишлаб қасидалар ёзган.

Замаҳшарий умри давомида араб тили, адабиёт, тарих, география, фалсафа ва бошқа фанларга доир 80 дан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган бўлса-да, бизгача фақат 50 таси етиб келган. Замаҳшарийнинг “Девон ур-расоил” (“Рисолалар тўплами”), “Девону хутаб” (“Хутбалар тўплами”), “Девон ут-тамсил” (“Матал ва мақоллар тўплами”), “Девону таслият из-Зарип”, “Девону рисолат ил-асрор”, “Девону рисолат ин-носиха”, “Девону савоир ил-амсол”, “Девону рисолат ил - масъала” ва бошқа асарларининг номларинигина биламиз. Унинг бизгача етиб келган бадиий асарларидан бири “Девон аз-Замаҳшарий” бўлиб ушбу девоннинг нодир қўлёзма нусхаси Миср кутубхонасида сақланади. Замаҳшарийнинг Қуръони Карим тафсирига оид “Ал-Кашшоф” асари мусулмон оламида айниқса машҳурдир. Қоҳирадаги дунёга донғи кетган “Ал-Азҳар” диний университетида талабалар Қуръонни “Ал-Кашшоф” асари орқали ўрганадилар. Мусулмон дунёси уламолари Замаҳшарийнинг “Ал-Кашшоф” асарини “Қуръонни очқичи” деб таърифлашади ва агарда ушбу асар бўлмаганида Қуроннинг жуда кўп сирлари очилмаган бўларди деб таърифлашади.

Замаҳшарий ўзининг илмий асарлари, бадиий ижоди билан олим ва шоир сифатида бутун ислом дунёсида шуҳрат қозонди.

Буюк бобомиз Алишер Навоий “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёҳ”) достонининг устози Абдураҳмон Жомий таърифига бағишланган бобида Замаҳшарийни эслаб ўтади:

Арабиятда дарс анинг вирди.
Ибни Ҳожиб камина шогирди.
Ибни Ҳожиб демайки, Жоруллоҳ,
Онча тафсир ишинда йўқ огоҳ.

Арабчадан дарс бериш унинг доимий иши, ибни Ҳожиб унинг камтарин шогирди, ибни Ҳожибгина эмас, ҳатто Жоруллоҳ ҳам араб грамматикасида унга тенглаша олмайди,-деган.

Олим оила ташвишлари ижодга ҳалақит беради, деб дунёдан тоқ ўтган, аммо кўплаб шогирдлари ва асарларини ўз фарзандларидек билган. Замаҳшарий 1144 йилда 69 ёшида Хоразмда вафот қилди. 1333 йилда Хоразмни зиёрат қилган араб сайёҳи Ибн Батута (1304-1377) Замаҳшарийнинг мақбарасини Кўҳна Урганч яқинида кўрганини ва унинг устига қубба ўрнатилганини ёзиб қолдирган.

Замаҳшарий ижодини ўрганишда ҳамда ўзбек тилига таржима қилишда профессор А. Рустамов ҳамда шарқшунос У.Уватовларнинг хизматлари каттадир.

Замаҳшарий ҳикматларидан

Сенга энг яхши маслаҳат мутакаббирлик билан юзингни тескари бурма ва шон-шуҳратинг билан фахрланма.
Қуёш нури беркитилмайди, ҳақиқат шаъми сўнмайди.
Виждонли киши хавфдан ҳоли яшаса, хиёнат қилувчи киши беҳаловат яшайди.
Агар аёл киши қалбинг унга боғлиқлигини сезса, бурнингни ерга ишқайди.

© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун академияси нашриёти, 2009.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР