Абу Райҳон Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Хоразмнинг Кот шаҳрида (ҳозирги Беруний шаҳри) туғилган. У ўз ижоди билан Хоразм фанини юксак чўққига олиб чикди. Унинг сиймосида ўрта асрлар Шарқининг қомус ул-илими, астрономи, географи, маъданшуноси, этнографи, тарихчиси, шоири мужассамлашган. Беруний қаламидан фаннинг турли соҳаларига оид жуда кўп йирик асарлар чиққан бўлиб, бу асарларида унинг ана шу соҳаларни ниҳоятда яхши билган тадқиқотчи, фанда янгидан янги йўллар очган донишманд бўлганлигини кўришимиз мумкин. Беруний ёшлигидан илмга ташна бўлган бу ҳақда “Мен болалик чоғимданоқ – деб ёзган эди Беруний – ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: - биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳакозаларни олиб бориб, унга кўрсатиб ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим”.
Берунийшунос олим П.Г.Булгаковнинг маълумотига қараганда, Беруний Абу Наср Ироқ раҳбарлигида ёшлигидан риёзиёт ва фалакиётни ўрганиб, 16-17 ёшларидаёқ Қуёшнинг чошгоҳдаги баландлигини армила билан ўлчаган. Орадан 30 йил ўтгач, Беруний ёшлигида ўзи ўлчаб олган натижаларни таҳлил қилар экан, улар анчагина ишончли бўлганлигини таъкидлайди. Ёшлик йилларида у қуёш тутилишини кузатиш билан шуғулланади. 22 ёшида Беруний Марказий Осиёда биринчи бор ер глобусини яратди. Ўзидан олдинги аждодлар қолдириб кетган кўплаб китобларни ўрганади ва бизгача етиб келган, турли халқларнинг йил ҳисоблари ҳақидаги илк йирик асари – “Осорул боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”)ни яратади. Унда юнонлар, римликлар, форслар, суғдийлар, хорзамийлар ва бошқа кўплаб қабила ва халқларнинг барча даврлари, байрам ҳамда тақвимлари, шунингдек Шарқнинг турли мамлакатларининг маданият ва адабиёт тарихи тўла баён этилган. Бу асарда Беруний ўзини фақат элшунос олим эмас, балки тилшунос, араб, юнон, форс, сурёний ва бошқа тил ҳамда адабиётларнинг билимдони сифатида намоён этди.
998 йилда Журжон ҳокими Қобус ибн Вушмагир уни ўз шаҳрига таклиф қилади ва Берунийга олий лавозим, яъни вазирликни таклиф қилади. Аммо илмга ташна Беруний бу таклифни рад қилади ва илм билан шуғулланади. Бундан ташқари у Журжониядалигида ўзининг “Осорул боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини яратди.
1004 йилда у Хоразмшоҳ Маъмун II нинг таклифига биноан Гурганчга қайтиб келади ва Гурганчда шоҳ номидаги “Маъмун академияси”ни барпо этади.
Бу академияда Абу Али ибн Сино, Мискавайх, файласуф Абу Саҳл Масиҳий, математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ, таржимон ва ҳаким Абул Хайр ибн Хаммор, адиб ва шоир Абу Мансур ас- Саолабий, Зайниддин Журжоний ва бошқа ўнлаб олимлар илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшдилар ва ажойиб асарлар яратдилар. Маъмун даврида Хоразм иқтисодий, сиёсий, маданий жиҳатдан мислсиз даражада тараққий этди, дунёнинг энг нуфузли савдо марказига айланди. Хоразм устидан ўтиб, ғарб билан шарқни боғлаб турган йўл орқали савдо карвонлари бу ўлкадан дунёнинг турли бурчакларига деҳқончилик, ҳунармандчилик маҳсулотларидан тортиб, ҳарбий асбоб-анжомларгача олиб кетишарди. Бу ерда турли кемасозлик корхоналари ҳам ишлаб турганлиги маълум. Бундай кўламдаги хўжаликни бошқариш ва катта савдо-сотиқни йўлга қўйиш учун илм-фан математика. геометрия, астрономия, жуғрофия, ботаника, химия фанларининг тараққиёти зарур эди. Шу зарурият туфайли илм ва ижод аҳли ташкилий жиҳатдан бирлашиб, фаолият кўрсатганлар. Барча қадимий илмий манбаларда бу жамоа “Дорул ҳикма” (“Донишмандлар уйи”) деб аталганки, бу “академия” мазмунига тўғри келади. Кейинги асрлардаги манбаларда бевосита “академия” сўзи қўлланилаётганлиги ҳам буни тўлиқ исботлайди.
Маънавий-маърифий тараққиёт тарихини таҳлил қилар эканмиз, ушбу соҳалардаги мерослар юзага келган муҳит, сиёсий-иқтисодий шароитларга тўхталиб ўтмаслик асло мумкин эмас. Маъмун академияси алломалари меросини ўрганиш, улардан таълим амалиётида самарали фойдаланиш учун ҳам ўша даврдаги Хоразм давлати тарихига назар солиш, у ерда бўлган воқеаларни таҳлил қилиш зарурияти пайдо бўлади.
Ваҳоланки, ўтмишни англаш киши камолотини таъминловчи энг асосий омилдир. Президентимиз айтганларидек, “Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат ҳам шу қадар чексиз бўлади”.
Марказий Осиё халқлари буюк тарихга эга. 992 йил шимолий ва жанубий Хоразм ҳукмдорлари ўртасида бошланган уруш натижасида шимолий Хоразм ҳукмдори Маъмун ибн Муҳаммад ғалаба қозонади ва 995 йилда Хоразмшоҳ унвонини қабул қилиб, Гурганчни пойтахт деб эълон қилди. Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган Гурганч бутун Марказий Осиёда йирик иқтисодий, сиёсий марказлардан бирига айланади. Хуросон, Мовороуннаҳр, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлар карвонлари шаҳарда тўхтаб, Устюрт орқали Волга бўйига чиқиб, Қора денгиз атрофига, Европа томон йўл олардилар. Устюртдаги ўша даврда серқатнов бўлган карвон йўлларининг қолдиқларига кўра, улар Хоразмдан чиқиб, икки томонга кетган: бири Учқудук, Булоқ, Қўшбулоқ, Белеули орқали шимолий-ғарбга, иккинчиси Манғишлоқ тарафга йўналган. Бу йўллар бўйлаб тошдан тикланган истеҳкомлар ва карвонсаройлар жойлашган. Шунингдек, бу ҳудудда Алан қалъа, Шемаха қалъа, Девкесган қалъа шаҳарларини хароба қолдиқлари топилган.
Маъмун ибн Муҳаммад (995-999), Али ибн Маъмун (999-1009)лар давлат мустақиллигини янада мустаҳкамлаб, унинг ҳарбий қудратини оширдилар. Энди қўшни мамлакатлардан Хуросонда яқинда ташкил топган Ғазна подшолиги, араб халифалиги, Киев Руси ҳам уни тан олар эди. Хоразм бошқа давлатлар сиёсатида ҳам фаол иштирок этадиган бўлди. Ҳатто Киев ҳукмдори Владимир ҳам ислом динига ўтиш истагини билдириб Хоразмга ўз вакилларини юборганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Берунийнинг устози Абу Наср ибн Ироқ ўз даврининг ўта билимдон олими эди. У тириклигидаёқ “ўз даврининг Птолемейи” деган лақаб олганди. Ундан ташқари Абу Наср Берунийни ўз хонадонида тарбиялаб вояга етказган. Ана шу икки буюк сиймо туфайли Гурганч саройида илм аҳли учун идеал шароит яратилади. Бу икки шахс яқин ва ўрта шарқдаги кўплаб олимлар билан шахсий ёзишмада эдилар. Ибн Ироқ ва Берунийнинг таклифлари билан 1004 йилдан бошлаб Нишопур, Балх ва Бухородан ва ҳатто араб Ироқидан ҳам олимлар Гурганчга кела бошладилар. Шу тариқа Гурганчда “Дорул ҳикма” номини олган илмий муассаса тўла шаклланади. Бу илмий муассасада худди Бағдоддаги “Байтул ҳикма”даги каби илмнинг барча соҳаларида тадқикот ва изланишлар олиб борилади. Беруний келтирган маълумотларга кўра, бу ерда сурён ва юнон тилларидан баъзи таржималар ҳам бажарилган. Али ибн Маъмун вафотидан кейин (1009) унинг укаси Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун Хоразмшоҳлар тахтини эгаллайди.
У Берунийни саройга таклиф қилади ва ўзига энг яқин маслаҳатчи қилиб олади. Бунинг оқибатида Маъмун академияси фаолияти учун янада каттароқ имкониятлар очилади.
Қирқдан ошиқ олимлар ишлаб фаолият кўрсатган илмий марказда ўз даврининг етук инсонлари математика, астрономия, руҳият, химия, мантиқ, тиббиёт, фалсафа, тарих, тилшунослик, таълим-тарбия, адабиёт, мусиқа, география, геодезия, топография, механика сингари турли фан соҳалари билан шуғулланиб, уларнинг келажакда жаҳон миқёсидаги ривожига замин яратганлар.
Бирок бу академиянинг умри қисқа бўлди, 1017 йилда Хоразм йирик истилочи Султон Маҳмуд Ғазнавий қўл остига ўтди. Ҳазорасп шаҳри яқинидаги жангда Хоразм қўшини ғалабага эришаётган бир пайтда турклар ёрдамида ва Ҳиндистондан етиб келган филлар қўшини ёрдамида Султон Маҳмуд Хоразм қўшинини янчиб ташлади. Хоразм қўшини лашкарбошилари филлар оёғи остида топталди, пойтахт Гурганч таланди, Хоразмшоҳни қатъий талаби ва кўмаги ила Гурганчдан юнон, яҳудий, араб ва бошқа халқлар вакилларидан иборат кичик илмий карвон Абу Али ибн Сино бошчилигида чиқиб кетдилар. Султон Маҳмуд шаҳарда қолган олимларни баъзиларини даҳрийликда айблаб қатл қилдирди, қолган машҳур олимларни ўз мамлакатининг пойтахти Ғазна шаҳрига олиб кетди ва бу ерда Беруний “Ҳиндистон тарихи” асарини ҳамда 1025 йилда “Геодезия”, 1030-1041 йиллар оралиғида “Ал-Қонун ал-Масъудий”, 1041-1048 йилларда “Минералогия” ҳамда “Китоб ас-сайдана фи-т-тибб” асрларини яратди. Олимнинг фан тараққиётига қўшган ҳиссаси жуда улкан бўлиб, у 152-та рисола яратган, шундан 30 таси бизгача етиб келган.
Юқорида айтиб ўтганимиздек Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин Ҳиндистонда бўлиб, унинг тарихи, маданиятини ўрганиш учун қадимги ҳинд ёзуви – санскритни ўрганиб, ўзининг машҳур “Ҳиндистон” асарини ёзган. “Ҳиндистон” ҳажми жиҳатдан жуда катта асар бўлиб, унда ҳинд адабиёти, фалсафаси, аниқ фанлар, география, элшунослик, қонун ва урф-одатлар, дин, тарихий-диний ривоятлар, ҳинд ёзувининг турлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Бу асар тўғрисида йирик ҳинд давлат арбоби Жавоҳарлал Неру жумладан шундай деган: - “Беруний юнон фалсафасини ўрганиб, ҳинд фалсафасини мутолаа қилмоқ учун санскрит тилини ўргана бошлади. Беруний ҳинд ва юнон фалсафасини бир-бирига солиштириб, буларда мавжуд бўлган умумийликни кўриб ҳайратда қолди. Берунийнинг китоби фактик материални қамраб олиш билан бирга, у уруш, талон-тарож, оммавий қирғинлар бўлишига қарамай, фан аҳллари ўз ишларини давом эттирганликларини кўрсатиб беради. Икки орани нафрат ва худбинлик кайфиятлари бузиб турган пайтларда ҳам Беруний бегона одам бўлатуриб, бу ўлка кишилари аҳволини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Рус олими В.В.Бартольд буюк ватандошимиз ҳақида “Беруний шундай серқирра олимки, ўз даврида мавжуд бўлган илм соҳаларидан шуғулланмагани унинг шуғулланганидан камдир. Унинг ёзган асарлари шунчалик кўп ва серқирраки бунга бир одамнинг умри кифоя қилганига киши ҳайрон қолади”. Яна бир буюк рус шарқшунос олими, академик С.П.Толстов илмий анжуманларнинг бирида Европа олимларидан бири “Беруний XI аср Леонардо до Винчиси” деган таърифига жавобан “Леанардо до Винчи XV аср Берунийсидир” деб ватандошимизга таъриф берган эди.
Беруний илмий асарлари ўз аҳамиятини йўқотмасдан авлодлар қўлида қадрлидир. “Ўтмиш авлодлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Менералогия”, “Сайдана” ва “Геодезия” каби йирик асарлари шулар жумласидандир. Беруний илм-фаннинг ҳамма соҳаларини яхши билган қомусий олим бўлиб, у ўзининг асарлари билан фалсафа, астрономия, геодезия, география, тарих фанларига катта ҳисса қўшган.
Абу Райҳон Берунийнинг Ибн Сино билан ёзишмалари ҳам унинг Гурганчда турган даврида бўлган. Уларнинг савол-жавобларидан ва Абу Райҳон Берунийнинг Ибн Синога ёзган эътирозларидан бизгача фақат 18 таси етиб келган. Бу ёзишмалар унинг табиат фалсафаси ва физика масалалари билан ҳам қизиққанини кўрсатади. Бу савол-жавобларда икки машҳур олим фазо, иссиқликнинг тарқалиши, жисмларнинг иссиқдан кенгайиши, нурнинг акс этиши ва синиши каби масалаларда илмий мунозара олиб борганлар.
Абу Наср ибн Ироқ Берунийга устозлик қилган буюк математик, астроном. У ҳақда атоқли математик, шоир ва астроном Умар Хайём “математика билан шуғулланганлар ичида энг улуғи”, - деган эди. Ибн Ироқнинг “Подшо ал-Магести”, “Ислоҳ китоб Маналаус”, “Геометриядан саволларга жавоб” ва бошқа асарлари маълум. Ибн Ироқнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар жуда кам учрайди. У ҳақдаги маълумотлар асосан унинг шогирди Беруний асарларида сақланган.
Буюк бобокалонимиз 1048 йилда Ғазна шаҳрида вафот қилган. Буюк олимни номини абадийлаштириб юртимизда кўпгина илмий марказлар, кўчалар, шаҳар, қишлоқлар фахр ила олим номи билан аталади.
© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун академияси нашриёти, 2009.