Хоразмда цивилизациянинг вужудга келиши
Қадимги ёзма ва архелогик манбаларни ўрганиш натижаси шуни кўрсатадики, қадимги хоразмликлар илм-фан соҳасида ўз даври учун илғор бўлган ютуқларга эришганлар ва ҳаётга тадбиқ қила олганлар.

Маълум бўлишича, қадимги аждодларимиз ҳали қатъий ёзув тизимини яратмасдан туриб, ўз астрономик кузатишларини тош ва суякларга ёзишдан ташқари, самовий жисмларни кузатиш учун махсус иншоотлар ҳам қурганлар. Аждодларимиз астрономия ва математикадан яхши хабардор бўлиб, бурчак ўлчови ускуналарини яратганлар ва улардан фойдаланганлар. Осмон жисмларини ўрганиш, табиат ҳодисаларини кузатишга ихтисослашган фалакиёт фани кўҳна Хоразмда тараққий қилиб, шу даврда қурилган иншоотлар бизни кунларимизгача етиб келган. Ана шу иншоотлардан бири кўҳна Хоразмнинг маданий ёдгорлиги Қўйқирилган қалъасидир, эр.ав IV асрда бунёд этилган бу қалъа Тўрткўлдан 22 км шимоли шарқда жойлашган бўлиб, минорали истеҳком девори харобаларидан иборат.

Қалъа фақат ибодатхона сифатида эмас, балки астрономик кузатишлар олиб бориш учун ҳам мўлжаллаб қурилгани тахмин қилинади. Жумладан, 6-7 метрли деворлар орасидан кўкка қарата қия қурилган деразалар, бинонинг биринчи қаватидан туриб осмон гумбазининг фақат маълум йўналишидаги ёриткичларини кузатиш имконини бериши аниқланди. Бу қалъа цилиндр шаклидаги буржга ўхшаш бино бўлиб, сақланиб қолган баланд жойи теварак атрофдаги текисликдан 8 метр баланд, дм 42 метр келадиган бу бино ташқаридан тўққиз буржли айланма девор (унинг ташқи ҳалкаси 86,5 метрга тенг) билан ўраб олинган.

Археологик изланишлар натижаси қадимги Хоразм тупроғининг ривожланган фан ,маданият ва ҳунармандчилик макони бўлганлигидан далолат беради. Қўйқирилган қалъани тадқиқ этиш натижасида у ерда фақат Қуёш эмас, балки бошқа самовий жисмлар ҳам кузатилгани аниқланди. Қалъа харобаларидан сопол парчалари топилган, бу гардишлар мис ҳалқалар орасига ўрнатилган бўлиб ёритгичнинг меридианда баландлик бурчагини ўлчовчи асбоб сифатида ишлатилган бўлиши керак. Бу асбоб ташқи кўриниши, ишлаш принципи жиҳатидан Берунийнинг “Қонуни Масъудий” китобида таърифланган сопол астролябияга ўхшаб кетади. Бу ерда яна археологлар томонидан эрамизнинг учинчи асрга оид дастлабки тақвимнома ҳужжат, яъни “хоразмликларнинг календари” топилган. Бу топилмалар қадимда хоразмликларнинг ўз календари бўлганлигидан гувоҳлик беради. Демак, Хоразмда қадим замонлардан бери илм-фан маданият савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги жуда тараққий этган. Бу фикрнинг тўғрилигини Хоразм воҳасида узоқ йиллар давомида олиб борилган археологик текширишларнинг натижалари ҳам тўла тасдиқлайди.

Хоразмшунос олим С.П.Толстовнинг таъкидлашича, ўлканинг эрамиздан олдинги IV-III минг йилликлардан то эрамизнинг IV асргача ўтган 4500 йиллик тарихи қадимги Хоразм тараққиётини кўрсатувчи даври ҳисобланади. Бу давр Хоразм маданияти тарихида алоҳида аҳамиятга эгадир. Хоразмда яшаган халқларнинг энг қадимги даврга оид ёзма ва оғзаки адабиёт наъмуналари, тарих китоблари, Беруний асарлари орқали етиб келган. Айниқса, антик дунё тарихчилардан Геродот, Ктесий, Эсхил, Еврипид, Аристотель, Страбон, Ёқут ал–Ҳамавий каби муаллифларнинг асарларида, кўҳна Хоразмда яшаган халқларнинг афсона, ривоят ва ҳикоятлари келтирилган.

Хоразм мозийдан бошлаб адабиёти, санъати ва маданияти ривож топган юрт бўлиб, унинг ўз тили ва ёзуви бўлган. Хоразм ёзуви янги эрадан аввалги IV-II асрларда, яъни бундан 2200-2400 йил муқаддам пайдо бўлган. Ёзувнинг пайдо бўлиши билан ёзма адабиёт вужудга келган. Эрамизнинг II асри охири ва III асри бошларида Арсамух I ва унинг хотини зарб қилдирган тангаларда Хоразм ёзувида ўз қаллиғининг исмини ёздирган. Тупроққалъа харобаларидан кичкина чўпхат ҳам топилган. Унда қадимги Хоразм алифбосининг белгилари билан қора тушда ёзилган тўртта сўздан иборат ёзув бор эди. Хоразмшунос олимлар “Хоразм” атамасини “Қуёш ўлкаси” деб талқин қиладилар. Хоразмда Исломдан илгари Зардўштий динининг маҳаллий варианти ҳукмрон дин ҳисобланган. Тарихчи ва сайёҳ Маркварт зардуштийликнинг бош худоси Аҳурамазда томонидан яратилган, дунёда аҳоли яшаган дастлабки ўлка- “Арианам-Вайжа”ни Хоразмдан излайди,бу ҳақиқатга яқин. Марквартнинг афсонасига кўра Хоразм энг шимолий ва совуқ ўлка бўлиб, ривоятга қараганда. зардўштийликнинг асосчиси афсонавий пайғамбар Зардўшт совуқ жойда, яъни ўша ерда туғилган эмиш. Марквартнинг бу фикрини Бартолъд, С.П.Толстов ва бошқа олимлар ҳам қувватлайдилар. Бу эса шу диннинг муқаддас китоби “Авесто”нинг Ватани ҳам Хоразм деган хулосани чиқаришга имкон беради. “Авесто” Шарқий Эрон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи қадимий қабилаларнинг ижтимоий тузуми, диний қарашлари хамда жамиятда рўй бераётган табақаланиш ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ўша даврларда жамият турли табақаларга бўлиниб, бойлар ва камбағаллар синфлари пайдо бўлабошлаган. “Авесто” руҳонийлар, жанг аробаларида юрувчи ҳарбийлар, деҳқон-чорвадорлар, ҳунармандлар, қуллар мавжудлиги ҳақида хабар беради. Жамиятнинг синфларга бўлиниши натижасида дастлабки давлатчилик ҳам вужудга келади. “Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Проурата (Парфия), Моуру (Марв), Гава (Суғдиёна), Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган. Бу давлат ўша вақтда ҳарбий демократия тамойиллари асосида вужудга келган. “Авесто”да подшоҳлар, олий табақа вакиллари, руҳонийларга ва диний урф-одатларга ҳам катта ўрин ажратилган. Унда қадимий кишиларнинг дунёқараши эзгу ниятлари алоҳида ўрин эгаллаган. “Авесто”да табиат, уни ёвуз кучлар (девлар)дан муҳофаза қилиш ҳақида ҳам қимматли фикрлар айтилган.

“Авесто”да қайд қилинишича, зардуштийлар табиатни, ер, сув, дарахт, ўсимлик, жониворларни эъзозлаш, ерга ишлов бериб, суғориб, ундан унумли фойдаланиш, боғ-роғлар яратиши, чорвани ривожлантириши шарт. “Авесто” зардўштийликнинг муқаддас китоби бўлиши билан бирга, илм–фан, ҳаётнинг барча соҳалари бўйича мукаммал маълумот берадиган улкан, энг кўҳна манба ҳисобланади.

“Авесто” дунёдаги энг қадимий аждодларимиз яратган ноёб билимлар хазинасидир. “Авесто” китоби Зардўшт орқали вахий қилинган Аҳурамазда дини хақидаги хабарлар қадимги даврдан бошлаб то ўрта асрларгача ёзилган кўплаб тарихий, илмий адабий манбаларда учраб келади.

“Авесто” қадимий аждодларимизнинг ижтимоий-фалсафий фикр ёдгорлиги сифатида ўтмиш тарихимиз, маданият ва маънавиятимизни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Энг мухими, “Авесто” Шарқ ёзма адабиётимизни энг қадимги манбаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади. “Авесто”да қадимги Турон ўлкаси ва Эроннинг ўзига хос тарихий географияси баён этилади. Хуллас, бу дин эзгулик ва бахт-саодатга эришиш, шу йўлда ҳалол меҳнат қилиш, адолат ва ҳақгўйлик, поклик ва келажаги порлоқ ҳаётга эришиш ғояси ётади. Бу йўлда Аҳурамаздага сажда қилиш, унинг йўл-йўриқлари асосида олға интилиш ва ҳаёт қуриш тавсия этилади.

Шу асосда зардўштийлик дини одамларнинг одоб-аҳлоқ нормаларини тизимга солди. У жамоанинг ҳар бир аъзоси тақдири билан боғлиқ бўлган жумбоқларни ечишда ёрдам қилди, кишиларни ёмон ниятлардан қайтарди. “Яхши ният, яхши фикр, яхши амал” инсон ҳаётининг мазмунини ташкил этмоғи зарурлиги уқтирилди. Ана шу умид умуминсоний қадриятлар мажмуаси даражасидаги ғоялар ўша замон бобокалонларимиз мафкурасининг асосини ташкил қиларди.

“Хоразм” сўзи дастлаб “Авесто”да учрайди. “Авесто”нинг “Митра яшт” деб аталувчи 5-бўлим, 14-қисмида Суғд номи билан бирга Хоразм ҳам эсланади. “Ўзининг олтин вужуди билан, гўзал тоғ чўққилари қамраб олган, сўнг орийлар тамоман эгаллаб оладиган Митрага ҳамду сонолар ўқиймиз. Орийлар юртида хукмдорларнинг атроф-теваракда ажойиб ерлари бор. У ерларда озиқ-овқатга мўл-кўл улкан тоғлар мавжуд. Чорва моллари учун сувга сероб чашмалар муҳайё, серсув каналлар, бағри кенг дарёлар Моуру ва Харнаёву-Гоу, Суғд ва Кайризау томон шитоб билан оқади”. Хоразм сўзининг луғавий маъноси кўпгина олимлар диққат эътиборини ўзига тортган. Немис шарқшуноси Э. Захаунинг фикрича, “Кайризо” сўзи икки қисмдан иборат бўлиб, “зем”– ер, “кайри”– озиқ-овқат маъносини билдиради, яъни кайризам – “озиқ-овқат мамлакати”, “озуқага бой юрт” деганидир.

Араблар ислом динини дунёга ёйиш ниқоби остида кўпгина ўлкаларни истило қилдилар. Бунинг оқибатида Марказий Осиё, жумладан, Хоразм халқи мажбуран Ислом динини қабул қилди. Ислом дини маҳаллий халқ оммасини итоатда сақлашда араблар учун қурол бўлди. Араб истилосидан сўнг Хоразмда араб, форс алифбосидан фойдалана бошланган. Хоразм ён атрофдаги туркий қабилалар билан яқиндан иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатгандан кейин Эрон тиллар гуруҳига кирувчи Хоразм тилига кўплаб туркий сўзлар ҳам кириб кела бошлаган. Бора-бора аҳоли икки тилда: қадимий Хоразм тили ва туркий тилда сўзлаша бошлаган.

Хоразм бир неча асрлар мобайнида аста-секин туркийлашган, оқибатда Эрон тиллари гуруҳига кирувчи Хоразм тилининг энг муҳим элементларини сақлаб қолган Хоразм туркий тили вужудга келди. Бу жараён XV асрда тугалланган.

Қадимги Хоразм илм-фан ривожланган илғор ўлкалардан бири бўлган. Хусусан бу диёрда аниқ фанлар шакллана бошлаган эди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўлкада илмий тафаккур тарихи ижтимоий, иқтоисодий ва маданий тафаккур тарихи билан чамбарчас боғланган. Хоразмликларнинг хўжалик ҳаётида эришган муваффақиятлари математика, геодезия, астрономия ва бошқа аниқ фанларга оид муайян билимларсиз рўёбга чиқмаган бўларди. Масалан, суғориш иншоотлари, канал, чиғир ва кориз усуллари билан сувсиз ерларга сув чиқариш, кемалар ясаш, қалъалар, кўп қаватли саройлар бунёд қилиш ишлари, ҳисоблаш ва ўлчаш техникасининг ривожланишини тақоза этарди. “Хоразмда топографиянинг ривожланишига чамбарчас боғлик бўлса, деҳқончилик ва меъморчиликнинг амалий эҳтиёжлари геометрия фанининг ривожланишига олиб келди. Математик географиянинг ривожланиши эса хоразмлик савдогарларнинг узоқ юртларга сафарлари билан боғлиқ.

Зеро, астрономик мўлжал денгизда ҳам, қурқликда ҳам зарур. Ана шундай кенг кўламдаги географик алоқалар Хоразмда картография ва тасвирий географиянинг ривожланишига сабаб бўлди.

Араблар Хоразмда ўзларига қараганда жуда ҳам юқори, маданиятга дуч келдилар. Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, аз-Замаҳшарий сингари буюк олимлар Хоразм фани ва маданиятини бутун дунёга танитдилар.

© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун
академияси нашриёти, 2009.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР