Оққан дарё
Рўзмат Ёқубов она юрти гўзал Хоразмни жон дилидан севарди. Айниқса унинг қадим қалъаларини неча марталаб пиёда айланиб чиққан. Кўхна Урганчни ҳар гал зиёрат килганида рухида ажиб бир енгиллик сезгандай бўларди. Хоразмнинг фахри- мард Жалоладдин туғилиб ўсган заминга меҳри бўлакча эди унинг. Қадим Хоразмшохлар авлодлари Текеш султон, Аловудин Отсиз мард аёл Тўрабека хоним, Нажимиддин Кубро хазратлари билан ҳаёлан суҳбат қурар, улар юрган изларни гардини манглайига суртарди...

Рўзмат Ёқубов 1926 йили Шовот туманининг Чиғотой қалъа кишлогида деҳқон оиласида туғилади. Унинг болалик йиллари ўша маъшум қатоғон даврларига, қолаверса, Улуғ Ватан урушининг энг авжи палласига тўғри келади. Юртда очарчилик, йўқчилик тобора авж олиб бораётган даврлар. ”Одамларнинг олдида иккита йўл бор” эди ёзади ўз эсталикларида Рўзмат Ёқубов “Биринчиси кунжара еб шишиб ўлиш,ёки ҳеч нима емасдан очдан ўлиш”Ана шундай қийин даврда яшаган Рўзмат Ёкубовлар оиласи барча қатори зўрға кунини кўришарди...

У 1936-1942 йилигача қишлоқдаги мактабда ўқийди. 1943 йили уруш туфайли ўқиш ҳам бўлмайди.

1945 йили Армия сафига чакирилган Рўзмат Ёқубов то 1950 йилгача 5.5 йил ўз йигитлик бурчини ўтайди.

Ўз меҳнат фаолиятини хўжаликда тебелчиликдан бошлаган Рўзмат Ёқубов армия сафидан қайтгач дастлаб Шовот туман партия комитетида аввал 1950 йил декабрдан 1953 йил сенябргача ташкилий инструктор, 1953 йил сентябрдан 1954 йил октябргача умумий бўлими мудири, 1954 йил октябрдан 1956 йил сентябргача ташкилий бўлим мудири, 1956 йил сентябрдан 1960 йил августгача Тошкент Олий партия мактабида тингловчиси, 1960 йил августдан 1962 йил февралгача Хазарасп партия комитетида ташкилий бўлим мудири, 1962 йил февралдан вилоят партия комитетининг партия органлари бўлим мудирининг ўринбосари, 1964 йил апрелдан то 1987 йил июль, яъни нафакага га чиққанга қадар вилоят ижроия котиби бўлиб ишлади. Нафакага чиккандан кейин унга катта ишонч билдиришиб Вилоят архивига бошлиқ қилиб тайинлашади.

Рўзмат Ёкубов хукумат идораларида маъсул лавозимларда ишлаш билан бир каторда тарих илмига қизиқиши боис умри давомида Хоразмшохлар давлати тарихи билан шуғулланиб илмий иш олиб борди. Хоразмнинг қадим қалъалари тарихини ўрганди. Жуда куп марталаб вилоят телевиденисида чиқишлар қилиб Хоразмшохлар тарихига оид ўз маърузалари билан қатнашди. Айниқса унинг Шавот тумани худудида жойлашган Кат қалъаси тарихига , Кўхна Урганч ва Хива хонлари тарихига атаб ёзган ўнлаб мақолалари ва теле чиқишлари тарих ихлосмандлари қалбидан, юрагидан жой олган эди.

Рўзмат Ёқубов жуда кўп ўқиб ўрганарди. У то вафотига қадар ҳам бир зум бўлсада ўқиш ўрганишдан чарчамади. Бешикдан қабргача илм изла деган хикмат унинг шиорига айланган эди. Муҳаммад Аннасавий, Рашидаддин, Жувайний, ибн Ал Асир, Кафесоглу, Абулғозий Баходирхон, Насриддин Рабғузий, Мунис, Огаҳий, Баёний асарларини кунт билан ўқиди, ўрганди ,изланди. Ёшлигидан тарих илмига қизиқиши унга вилоят архивида ишлаб юрган кезлари жуда асқотди.

Рўзмат Ёқубовнинг Хоразмшохлар тарихига қизиқишлари улароқ унинг 1997 йили “Хоразм “ нашриётида “Жалоладдин Мангуберди “ номли рисоласи босилиб чиқди. У Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб биринчилардан бўлиб Хоразмнинг мард ва жасур ўғлони Жалоладдин Мангуберди ҳақида баралла куйлади. Китобхонлар Рўзмат Ёқубовнинг ушбу рисоласи орқали ўзларининг мард ўғлонини қайтадан кашф этишди. Ушбу рисола китоб дўконлардан топилмай қолди. Ва яна китобхонлар илтимосига асосан иккиинчи марта қайта нашр этилди.

Мана менинг қўлимда Рўзмат Ёқубовнинг Хоразмшохлар тарихига оид “Хоразм тарихи “ ва “Хоразм достони” қораламалари Уни ўқиб кўрар экансиз ҳақиқатда Рўзмат Ёқубовнинг юксак қалб, салоҳият эгаси, тарих илмининг билимдони эканлигига яна бир бор амин бўласиз. Афсуски анашу рисолаларини ишлаб кенг жамоатчиллика тақдим қилишга унинг умри етмади.

Ха, Рўзмат Ёқубов ҳақида, унинг умр ва ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикоялар бир китобга сиғмайди.

Унинг 55 саҳифадан иборат “Авлодларга “номли васият тариқасида ёзган ўгитнома битикларида ўз ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.У ушбу биткларида фарзандларигагина эмас балки келгуси авлодларга ҳам қандай яшаш керак эканлигини кўрсатиб беради. Инсон инсофли, диёнатли, имонли, ҳакгўй ва доно, мард бўлиши кераклигини ўз ўгитларида таъкидлайди. Маслан унинг имон ҳақидаги тушунчалари:” -Дарвоқе, Имон дедик, имон ўзи нима? Гарчи имон сўзини яқин – яқинларгача айтишга қўрқар, саводсизлар ўз даврида бу сўзни диний сўзлар рўйхатига киритган эдилар.

ИМОН: софдиллик, ростгуйлик, рухан ва жисмонан поклик, тўғри сўзлилик, ўз ақидасига содиқлик, кишининг ҳақига ҳиёнат қилмаслик, халоллик, дўст ва биродарларга содиқлик, севгига вафодорлик, ота ва онасига мутассил қарздорлик, фарзандлар олдида фарзу-суннат қарзидан холислик, ширинсуханлик хушмуомалалик, дунёвий билимларга ташналик, яхши фазилатларга ихлосмандлик ва шунингдек раҳмдиллик, бева-бечора-ю, етим есирларга ғамхўрлик, ғарибларга хамдардлик, барча жонли жониворларга шавқатлилик, умуман дунёдаги барча яхши фазилатлар соҳиби – имондир”

Рўзмат Ёқубов ушбу “Авлодларга” номли қўлёзмаларида ўзининг таржимаи холи, туғилиб ўсган Чиготой калъа тарихи, одамлари, қадимий деҳқонларнинг иш қуроллари уларнинг ясалиши ва ишлатиш йўллари, ўз шажараси, дўстлари ва қадим Хоразмшохлар ва Хива хонлари тарихига оид ўз фикрлари жамланган.

Ушбу рисолани ўқиб кўзимдан беихтиёр ёш чиқиб кетди. Юрагим ғурурга тўлди. Баъзи бир одамлар ўзларидан катта катта бойликларини фарзандларига васият қилиб қолдиради. Рўзмат Ёқубов ўзининг бой адабий, маънавий меросини авлодларга қолдириб кетган ажойиб замондошларимиздан биридир.

Рўзмат Ёқубов турмуш ўртоғи Рўзика Ёқубова билан етти нафар қиз ва бир ўғилни вояга етказиб умрларининг охиригача умргузоранлик қилишди. Ҳозирда унинг фарзандлари вилоятимизнинг турли жойларда, халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият олиб боришмоқда. Рўзмат Ёқубовдан бир этак фарзанд, невара чевара ва халқимиз учун бой адабий мерос қолди.

Бугунги кунда Рўзмат Ёқубовнинг ўғли таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Шовот туман кенгаши раиси Мақсудбек Ёқубов отасининг бой маънавий ғазинасини китоб қилиб кенг китобхонлар оммасига тақдим килиш учун ҳаракат қилаётир.

Болтабой Муҳаммад Қурбон

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР