Хоразмлик автокўпкурашчилар ўзаро беллашишди
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилояти кенгаши тасарруфидаги вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишлаб автокўпкураш бўйича биринчилик ташкил этилди. Унда 30 нафардан зиёд спортчи қатнашди.

Ўз навбатида мусобақа иштирокчилари енгил автомобилни фигурали ҳайдаш, 100 метр масофага югуриш ва пневматик милтиқдан ўқ отиш борасида маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Мусобақа сарҳисобларига кўра, 18-25 ёшли автокўпкурашчилар беллашувида Ҳазорасп автомобил мактаби спортчиси Дониёр Бегиев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Кейинги совринли ўринларни питнаклик Фаррух Давлетов, гурланлик Икром Маҳмудовлар қўлга киритишди. Мусобақанинг 25-35 ёшлилар биринчилигида қўшкўпирлик Шерзод Бобожоновга муносиб рақиб топилмади. Азамат Атавуллаев (Янгибозор тумани) ва Мурод Бегиев (Ҳазорасп автомобил мактаби) кучли учликдан жой олди.

Умумжамоа ҳисобида Ҳазорасп автомобил мактаби спортчилари вилоят чемпионлигини қўлга киритишди. Қўшкўпир тумани автокўпкурашчилари иккинчи, Янгибозор тумани вакиллари учинчи ўринни банд этишди.

Биринчилик якунида ғолиб ва совриндорларни Хоразм вилояти техник ва амалий спорт турлари маркази директори Одилбек Ибрагимов қутлаб, диплом ва совға билан тақдирлади.

Икром Худойберганов, mcs.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР