Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича
Ибрагимов Зариф Олим ўғли
(Табиий фанлар таълим йўналишлари бўйича)
1994 йилда Жиззах вилоятининг ўаллаорол туманида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида “Математика” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириш билан бир қаторда, республика ва университет миқёсида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда илмий мақолалари ҳамда тезислари билан фаол қатнашиб келмоқда. 2010 йилда Қозоғистонда, 2011 йилда Голландияда математика фани бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда фахрли ўринларни эгаллаган. 2012 йил август-сентябрь ойларида Франциянинг Лион шаҳрида ўтказилган “Иқтидорли талабаларнинг халқаро ёзги мактаби” анжуманида иштирок этиб, махсус сертификат билан тақдирланди. 2015 йил май ойида Тошкент шаҳрида академик Қори Ниёзий хотирасига бағишлаб ўтказилган иқтидорли талабаларнинг республика танловида фахрли учинчи ўринни қўлга киритган. “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Дифференциалланувчи функцияларнинг айрим хоссалари” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.
Холхўжаев Баҳромжон Ботир ўғли
(Қишлоқ ва сув хўжалиги таълим йўналишлари бўйича)
1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент ирригация ва мелиорация институтида “Экология ва атроф- муҳит муҳофазаси (сув хўжалиги)” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика миқёсида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда илмий мақолалари ҳамда тезислари билан фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, Польша, Болгария ва Чехия давлатларида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этган. “Камолот” стипендияси танловида муносиб қатнашган. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Универсиада — 2013” спорт ўйинларида спортнинг енгил атлетика тури бўйича Тошкент шаҳри жамоаси таркибида олтин ва бронза медалларини қўлга киритган. Инглиз тилини ўзлаштирган.
Ҳозирги вақтда “Қишлоқ хўжалигининг сув таъминоти тизимида сув истеъмоли режими, сув оқими тарқалиши ҳамда босимини ростлаш” мавзуида изланиш олиб бормоқда.
Абдиева Дилнавоз Акромовна
(Маданият, санъат ва спорт таълим йўналишлари бўйича)
1993 йилда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Дизайн” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика ва институт миқёсида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда илмий мақолалари ҳамда тезислари билан фаол қатнашиб келмоқда. Унинг дизайн, миллий мода ҳамда қадриятлар, миллий либос, кийиниш одоби ва шу сингари қатор долзарб мавзулардаги мақолалари “Халқ сўзи”, “Туркистон” каби республика газеталарида, “Гулистон”, “Соғлом авлод учун” журналларида чоп этилган. “Ўзбекистонда дизайн истиқболлари” деб номланган тўплами нашр этилган. Инглиз тилини ўзлаштирган.
Ҳозирги вақтда “Либосларни яратишда миллий анъаналарни қўллаш” мавзуида изланиш олиб бормоқда.
Усмонова Ҳамида Алишер қизи
(Журналистика таълим йўналишлари бўйича)
1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Журналистика” (“Халқаро журналистика”) таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Ёш иқтидорли талаба фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика ва халқаро миқёсдаги тадбирлар, танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган “Юрт келажаги — 2014” республика кўрик-танловининг адабиёт ва журналистика йўналиши ғолиби. 2015 йилда “Жамият ва мен” республика танловининг “Энг яхши ёритилган илмий-техника мавзулари” йўналишида рағбатлантирувчи диплом билан тақдирланган. Шунингдек, “Оммавий коммуникация: назарий ва амалий талқинлар”, “Ёш олим”, “Замонавий масс-медианинг янги тенденциялари ва долзарб муаммолари” мавзуида ўтказилган республика илмий-амалий конференцияларида фаол иштирок этган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Оммавий коммуникация: назарий ва амалий талқинлар” мавзуида изланиш олиб бормоқда.
Қурбонова Нигора Неъматовна
(Хорижий тиллар таълим йўналишлари бўйича)
1992 йилда Бухоро вилоятининг Жондор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика миқёсида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда мақолалари ҳамда тезислари билан фаол қатнашиб келмоқда. Айниқса, “Using innovation technologies to upper level students”, “Teaching vocabulary” мавзуидаги мақолалари педагог ва талабаларда катта қизиқиш уйғотган. Унинг инглиз тилига оид мақола ҳамда тезислари олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларида чоп этилган тўпламлардан ўрин олган. Инглиз ҳамда француз тилларида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Using innovation technologies for teaching English” мавзуида изланиш олиб бормоқда.
Юсупова Шаҳноза Акрамовна
(Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот таълим йўналишлари бўйича)
1990 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида “Педиатрия иши” таълим йўналишининг 6-курс талабаси. Ўқишдаги муваффақиятлари билан бир қаторда, республика ва олий таълим муассасаси миқёсидаги фан олимпиадалари ҳамда танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. 2012 ва 2015 йилларда таълим муассасасида ўтказилган “Тиббиётнинг долзарб муаммолари: талабалар, магистрлар, клиник ординаторлар ва ёш олимларнинг илмий-амалий анжумани”да ғолибликни қўлга киритиб, 1-даражали дипломлар билан тақдирланган.
2012 йилда “Ички касалликлар пропедевтикаси”, “Патофизиология” фанларидан бўлиб ўтган олимпиадаларда фахрли иккинчи ўринни эгаллаган. 2014 йилда “Врачлар ассоциацияси” стипендияси совриндори бўлган. Инглиз тилини пухта билади ва эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда у “Тромбоцитопения кузатилган аёлларда лапароскопик холецистэктомиялар билан биргаликда бажариладиган гинекологик операцияларни такомиллаштириш” мавзуида изланиш олиб бормоқда.
Махатов Сирожиддин Исматилло ўғли
(Ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар таълим йўналишлари бўйича)
1991 йилда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, “Жанубий Кореяда инновация сиёсатини такомиллаштириш хусусиятлари” мавзуида изланиш олиб бормоқда. Ушбу мавзу доирасида республика ва институт миқёсида ўтказилган илмий-амалий конференцияларда мақолалари ҳамда тезислари билан фаол қатнашиб келмоқда. Ўз амалий фаолиятида инглиз ва корейс тилларини қўллаш масаласига асосий эътиборини қаратмоқда.
Мирзарахимова Азиза Бахром қизи
(Педагогика таълим йўналишлари бўйича)
1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Касб таълими: информатика ва ахборот технологиялари” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, “Иқтисодиёт моделлари” мавзуида изланиш олиб бориб, бу борада салмоқли натижаларга эришмоқда. Ушбу мавзуда ёзган мақолалари ҳамда тезислари билан илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этаётир. У келгусида иқтисодий-ижтимоий соҳалар ривожига илғор ахборот технологияларини жорий этишга оид инновацион лойиҳалар устида ишлар олиб боришни режалаштирган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Гафурова Азизахон Фатиховна
(Бизнес ва бошқарув таълим йўналишлари бўйича)
1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент молия институтида “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Ўқиши давомида фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика ва институт миқёсида ўтказилган илмий-амалий конференцияларда “Аграр соҳада кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш”, “Ҳудудлар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш” сингари мақолалари ҳамда тезислари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган. Илмий изланишлари самараси туфайли 2014 йилда “International Financial Reporting Standards” сертификатига эга бўлган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Халқаро стандартларнинг аҳамияти” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.
Бектурсинова Айсултан Марат қизи
(Ижтимоий-гуманитар ва ижтимоий фанлар таълим йўналишлари бўйича)
1994 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида туғилган. Нукус давлат педагогика институтида “Рус тили ва адабиёти” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика ва институт миқёсида ўтказилган илмий-амалий конференцияларда 10 дан ортиқ мақолалари ҳамда тезислари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган. 2013 йилда “Инглиз тили” бўйича ўтказилган республика фан олимпиадасида диплом ва сертификат билан тақдирланган,
2014/2015 йилларда эса “Рус тили ва адабиёти” йўналиши бўйича республика фан олимпиадаси ғолиби бўлган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Муаллиф ижросида қўшиқ” жанрининг хусусиятлари” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.
Азаматов Ўткирбек Рашидович
(Техника ва информатика таълим йўналишлари бўйича)
1994 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. Тошкент кимё-технология институтида “Кимёвий технология” таълим йўналишининг 4-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, республика ва институт миқёсида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда илмий мақолалари ҳамда тезислари билан фаол қатнашиб келмоқда. У маҳаллий хом ашёлар асосида коррозия ва минерал тузлар тўпланишига қарши ингибиторлар олиш, уларнинг ингибиторлик хусусиятларини ошириш билан бирга, нархини пасайтирувчи композициялар яратиш ҳамда уларни кон-металлургия, энергетика, сув таъминоти, нефть қазиб чиқариш соҳаларида қўллаш бўйича тадқиқот ишларини амалга оширган. Унинг “Углеводородларнинг галогенли ҳосилалари” деб номланган электрон кўргазмали материаллари таълим жараёнида фойдаланиш учун тавсия этилган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Углеводородларнинг галогенли ҳосилалари” мавзуида изланиш олиб бормоқда.
Магистратура мутахассисликлари бўйича
Абдукамалов Асқар Бахтиёрович
(Техника ва информатика мутахассисликлари бўйича)
1992 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетида “Компьютер тизимлари ва уларнинг дастурий таъминоти” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Ўқиши ва илмий изланишлар давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий журнал ҳамда тўпламларда долзарб мавзуларда 7 та мақоласи чоп этилган. “Физика бўйича лаборатория практикумида ўтказилган экспериментлар натижаларини қайта ишлаш” деб номланган қўлланмаси қорақалпоқ тилида нашр этилган. Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича талабалар республика фан олимпиадасида сертификат соҳиби бўлган. Дастурлаш бўйича халқаро олимпиада ғолиби. 2013/2014 ўқув йилида Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлган. Инглиз тилини мукаммал билади.
Ҳозирги вақтда “Чизиқсиз дифференциал тенгламаларни компьютер воситалари ёрдамида ечиш усуллари” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Беглаев Учқун Хуррамович
(Қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассисликлари бўйича)
1989 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. Тошкент давлат аграр университетида “Фермер хўжалигини бошқариш ва юритиш” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Таълим олиш давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий журнал ҳамда тўпламларда эълон қилинган долзарб мавзудаги мақолалари ва тезислари билан илмий жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. “Интенсив боғлар ташкил этиш технологияси”, “Такрорий экин сифатида помидор ва меваларни сақлаш технологияси” каби илмий мақолалари ана шулар жумласидандир. LAGO дастури бўйича Германия давлатида бир йил амалиёт асосларини ўзлаштириб келган. Инглиз ва немис тилларини билади.
Ҳозирги вақтда “Наслчиликка ихтисослашган хўжаликларни ривожлантириш ва иқтисодий самарадорлигини ошириш” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Рўзметов Аброр Ҳамиджонович
(Табиий фанлар мутахассисликлари бўйича)
1991 йилда Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган. Урганч давлат университетида “Кимё (ноорганик кимё)” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Ўқиши давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий журналларда 7 та мақоласи ҳамда тўпламларда 10 га яқин тезислари чоп этилган. “Инглизча — ўзбекча кимёвий атамалар луғати”ни тайёрлашда ҳаммуаллиф бўлиб иштирок этган. “Кимёни осон ўрганамиз” деб номланган қўлланмаси нашр этилмоқда. Қатор илмий анжуманлар ва маърифий тадбирларда мунтазам қатнашади. Жумладан, UNESCOнинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси, KRASS ташкилоти ҳамда Урганч давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Sustainable development under climate challenge” курси сертификатига эга. Инглиз тилини билади.
Ҳозирги вақтда “Мис (II) ва рух олеатларининг аралаш амидли координацион бирикмалари” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Аюпова Дилором Шавкатовна
(Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот мутахассисликлари бўйича)
1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида “Болалар неврологияси” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Ўқиши давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика ва халқаро миқёсдаги илмий журнал ҳамда тўпламларда 12 та мақоласи ва 20 та тезиси нашр этилган. 2008 йилда чет тили бўйича республика фан олимпиадаси ғолиби бўлган. 2011 йилда халқаро “Erasmus Mundus” дастури бўйича Швециядаги Уппсала университетида малака ошириб келган. 2012/2013 ўқув йилида Ибн Сино номидаги давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз, француз ва грек тилларини билади.
Ҳозирги вақтда “Болаларда нейросонографик ва допплерографик хусусиятлари ва ҳолатлари” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Жаъфарова Диёрахон Жамол қизи
(Ижтимоий-гуманитар ва ижтимоий фанлар мутахассисликлари бўйича)
1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Адабиётшунослик” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Ўқиши давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий журнал ҳамда тўпламларда чоп этилган долзарб мавзудаги мақолалари, тезислари билан илмий жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳамда Ўмон Султонлиги ҳамкорлиги доирасида ташкил этилган “Узоқ ва яқин Ўмон” тадбирида фаол иштирок этган. Унинг ўзбек адиблари асарларини араб тилига қилган таржималари Ўмон Султонлиги маҳаллий газеталарида ҳамда 2014 йилда чоп этилган “Ўзбек адабиёти намуналари араб тилида” деб номланган салмоқли тўпламда ёритилган. Инглиз ва араб тилларини билади.
Ҳозирги вақтда “Илия Абу Модий ижодида поэтик изланишлар ва бадиий талқин” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Муқимов Шерали Аҳмадали ўғли
(Бизнес ва бошқарув мутахассисликлари бўйича)
1994 йилда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида туғилган. Тошкент молия институтида “Халқаро молия” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Илмий изланишлари давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, илмий журнал ҳамда тўпламларда чоп этилган долзарб мавзудаги мақола ва тезислари билан илмий жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. “Тадбиркорлик фаолиятида инвестиция манбаларидан фойдаланиш”, “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида молия бозорларини оммавийлаштириш масалалари”, “Юксак рақобат муҳитида корхона дахлсизлигини таъминлаш”, “Ташқи савдони муҳофазалашда эркин иқтисодий ҳудудларнинг ўрни”, “Ривожланган мамлакатларда кичик бизнес таснифи” каби мақолалари ана шулар жумласидандир. Инглиз тилини билади.
Ҳозирги вақтда “Халқаро молия тизими барқарорлигини таъминлашда халқаро молиявий хавфсизликнинг ўрни” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Эркинов Шоҳруҳ Шавкатбек ўғли
(Маданият, санъат ва спорт мутахассисликлари бўйича)
1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида “Жисмоний тарбия ва спорт менежменти” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Илмий изланишлари давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, илмий журнал ҳамда тўпламларда чоп этилган долзарб мавзудаги мақолалари, тезислари билан жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. “Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда Ибн Сино айтиб ўтган 7 тадбирнинг замонавий фан томонидан татбиқ этилиши”, “Футбол клубларида бошқарувни самарали ташкил этиш” каби илмий мақолалари шулар жумласидандир. Инглиз тилини мукаммал билади.
Ҳозирги вақтда “Бошқарувда сифат кўрсаткичларини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” (футбол клуби мисолида) мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Матупаева Шоҳсанам Зарифбой қизи
(Педагогика мутахассисликлари бўйича)
1993 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. Тошкент давлат педагогика университетида “Таълим-тарбия назарияси ва методикаси (бошланғич таълим)” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Аъло баҳоларга ўқиши билан бир қаторда, 20 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. 2015 йилда Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро анжуманда “Фан ва таълим тараққиёти” мавзуидаги маърузаси билан қатнашди. “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар VIII республика ярмаркаси”да “Бошланғич синфларда математика ўқитиш методикасидан электрон ресурс (мажмуа)” номли методик иши “Фан ва таълим соҳасидаги энг яхши инновацион лойиҳа учун” Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Инглиз тилини билади.
Ҳозирги вақтда “Математикага ихтисослашган синф ўқувчиларининг ижодий қобилиятини шакллантириш методикаси” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Зубарева Надежда Сергеевна
(Хорижий тиллар мутахассисликлари бўйича)
1989 йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтида “Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили)” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Ўқиши давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги журнал ҳамда тўпламларда чоп этилган долзарб мавзудаги мақолалари, тезислари билан илмий жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. “Семантика тушунчаси ва инглиз тилини ўрганишда унинг роли” каби илмий мақоласи шулар жумласидандир. “Teaching english through games”, “Ўйинлар орқали инглиз тилини ўқитиш” деб номланган услубий қўлланмалари чоп этилган. Инглиз тилини мукаммал билади.
Ҳозирги вақтда “Замонавий инглиз тилида лингво-культурологик хусусиятлар” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Отабеков Давронбек Юсуф ўғли
(Ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар мутахассисликлари бўйича)
1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Ўқиши давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий журнал ҳамда тўпламларда долзарб мавзудаги мақолалари, тезислари билан қатнашмоқда. “Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш омиллари”, “Ўзбекистонда минтақалар туристик салоҳиятидан фойдаланишда инновацион ёндашув”, “Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш омиллари”, “Туризмни давлат томонидан тартибга солиш моделлари” каби илмий мақолалари ана шулар жумласидандир. “Халқаро туризм ва миллий иқтисодиёт” деб номлаган рисоласи чоп этилган. Инглиз ва немис тилларини билади.
Ҳозирги вақтда “Глобаллашув шароитида халқаро туризмнинг ривожланиши, унинг миллий иқтисодиёт ривожланишига таъсири” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
Саидова Ситора Ашрафовна
(Журналистика мутахассисликлари бўйича)
1991 йилда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Халқаро журналистика” мутахассислигининг 2-курс талабаси. Илмий ва ижодий изланишлари давомида эришган юқори натижалари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий журнал ҳамда тўпламларда долзарб мавзудаги мақолалари, тезислари билан қатнашмоқда. “Хориж телеканалларида ахборот узатиш тамойиллари”, “Ўзбекистон медиабозорининг ҳозирги ҳолати ва истиқболи”, “Экотуризм ривожланишининг жаҳон тажрибаси” каби илмий мақолалари ана шулар жумласидандир. 2012 йил июнь ойида Польшанинг Краков шаҳрида поляк тили ва унинг маданиятига бағишланган Ягелон университети томонидан ташкил этилган 20 кунлик ёзги мактабда амалиёт ўтаган. 2014 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Uzbekistan today” газетаси ҳамкорлигида олий таълим муассасалари ўртасида ташкил қилинган лойиҳада “Менинг бўлғуси касбимда инглиз тилининг ўрни” номли эссеси ғолиб деб топилган. Инглиз ва поляк тилларини мукаммал билади.
Ҳозирги вақтда “Давлат бошқарувида ахборот хизматларининг роли ва аҳамияти” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
"Халқ сўзи" газетаси