Аёл ҳуқуқларининг кафолати
Хоразмда Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан “Конституция – аёл ҳуқуқларининг кафолати” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари аъзолари, мутахассислар, ҳуқуқшунослар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдукаримова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани таъкидланади. 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деб белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда касаба уюшмалари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун меҳнатни бола тарбияси билан уйғун ҳолда олиб бориш борасида етарли шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилиш учун маълум миқдорда иш ўринлари ажратиш, уларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, хавфсиз меҳнат шароитлари ташкил этиш, 12 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёлларга қўшимча меҳнат таътили куни ёки қўшимча дам олиш куни бериш каби масалаларга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Фарзандлари кичик ёшда бўлган аёлларга қисқартирилган иш вақти белгилаш, ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш имтиёзлари қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан хотин-қизларнинг уй юмушларини енгиллаштириш, ҳаёт сифатини янада оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 мингдан зиёд хотин-қиз музлатгич, кир ювиш машинаси, чангютгич, микротўлқинли печ каби маиший техника воситалари билан таъминланди. Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Тизимдаги санаторийларда соғломлаштирилаётган аҳолининг қарийб 60 фоизини аёллар ташкил этади. Ижтимоий йўналтирилган давлат дастурлари доирасида эҳтиёжманд оилалардан бўлган аёллар имтиёзли йўлланмалар асосида бепул соғломлаштирилмоқда.

Тадбирда касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида турли соҳа вакиллари, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР