Изчил ислоҳотлар самараси
Кексаларни эъзозлаш йилида Хоразм вилоятида ҳам ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ва Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур дастур ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг 925 нафари амбулатор, 221 нафари стационар, уч мингга яқини уй шароитида соғломлаштирилди.

Нуронийларни тиббий текширувдан ўтказишда минтақавий тиббиёт муассасаларида диагностика ва даволашнинг 70 дан ортиқ янги усуллари амалиётга жорий этилиб, 22 кўргазмали мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ЛОР тизими касалликларини эрта аниқлаш мақсадида эндоскопик ва отомикроскопик текширув усулларини амалга оширган ҳолда синусит касаллигига чалинган 20 нафар беморда кам инвазив эндоскопик операциялар бажарилди.

Кейинги йилларда вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларининг замонавий тарзда жиҳозланаётгани юқорида зикр этилган жарроҳлик амалиётларининг муваффақиятли ўтишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари ҳамда оилавий поликлиникалар “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида 11 турдаги 193 замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Айни пайтда 11 соғлиқни сақлаш муассасасида 27 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, дейишади. Дарҳақиқат, саломатлик кўп жиҳатдан соғлом турмуш тарзи тамойилларига нечоғли амал қилинишига ҳам боғлиқ. Шу боис шифокорларимиз тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Аҳоли ўртасида бу борада 841 марта давра суҳбати ўтказилди, 1 минг 263 марта соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик, турли касалликлар профилактикаси тўғрисида маърузалар ташкил этилди.

Спорт – саломатлик гарови. Биз кекса инсонларни мунтазам равишда жисмоний фаол бўлишга чорлаймиз. Шу мақсадда спортнинг шахмат-шашка, волейбол, мини футбол, стол тенниси ва бошқа турлари бўйича мусобақалар ташкил этмоқдамиз. Уларда иштирок этаётганлар сони ортиб бораётир.

Мухтасар айтганда, буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида инсон, унинг манфаати ва бахт-саодатини кўзлаб амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг амалдаги самараларидир.

Кўпалбой Тангрибердиев,
Хоразм вилояти соғлиқни
сақлаш бошқармаси бошлиғи.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР