Чол ўлим тўшагида ётарди. Ўғил-қизлари атрофида гирдикапалак. Қани энди бир чораси бўлса эди.
Эрталаб у бироз гапириб турганди, тушга яқин деярли тилдан ҳам қолди. Фарзандларининг бирор васият эшитиш умиди ҳам деярли сўнди.
Қизлар аста-аста пиқиллаб йиғлай бошлашди. Ўғиллар бошларини яна ҳам эгишди, кўз ёшларини ичга ютишди.
Чол инграй бошлади. Унинг, шифокор бўла туриб, отасига ҳеч қандай ёрдам бера олмаётганлидан куюнаётган катта қизи, сим кровать олдида чўккалади. Совуб бораётган қўлларни ўпиб-сийпалаб, илтижо қилди.
- Отажон, бир нима денг...
Чол қаттиқроқ инграй бошлади. Лабларини бир-бирига қовуштириб, нимадир демоқчи бўлди. Ниҳоят қандайдир бир куч унга мадад берди.
- А..р..а..б..ч..а...
- Отажон, нима арабча?
Фарзандлар гап муқаддас китоб ҳақида бўлса керак, деб ўйлашди. Нега унда ота буни айта қолмайди? Тоқатни тоқ қилиб чол иккинчи сўзни ҳам айтди.
- Т..а..н..г..о...
- Арабча танго!
Бирма-бир хитоб этишди фарзандлар. Лекин бу аниқликдан ҳам улар ҳеч нарсани тушунмадилар. Наҳотки ота алжираётган бўлса?! Шунда шифокор қиз мусиқачи ўғилга ўрин бўшатиб берди.
- Отажон, қўшиқми?!
Чол секингина бош қимирлатди.
Мусиқачи ўғил шунга ҳам фаросати етмаганини тушуниб, пешонасига мушт туширди.
- Эҳ, каллаварам, “Арабча танго”ку... Отажон, Ботир Зокировнинг қўшиғими?
Чол билинар-билинмас бош ирғади.
Эски ва бесўнақай магнитофонга салга узилиб кетувчи тасма ўрнатилди. Улар, фарзандларга кўримсиз туюлган билан, отанинг севимли матоҳлари эди. Оғир мурватлар бир неча бор босилиб, магнитофондан оҳанрабо бир куйга эш бўлиб, дилтортар қўшиқ тарала бошлади.
Ки заҳ-ра-тан фис-су-али....
Беҳад нафис ва латифлиги сабаб қўшиқнинг қайси тилда айтилиши катта аҳамиятга эга бўлмай қолди. Энг муҳими, у булбулдай қалбга сакраб, руҳиятнинг сиру синоат тўла кенгликларига учиб кетди.
Буни мусиқачи ўғил ўлаётган отасининг ёнида чуқур ҳис этди.
Бошқа фарзандлар учун кўп нарса мавҳум бўлиб қолганига қарамай, уларнинг руҳиятида қандайдир, зилзилага ўхшаш эврилишлар бошланди.
Қўшиқ эса, ҳис-туйғуларни гоҳ сувга, гоҳ ўтга солиб, обдон тоблар эди. Гоҳо, куй ва сўз, ижрочининг маҳорати билан уйғунлашиб, рақсга тушаётгандай туюларди. Гоҳ мусиқа сўз атрофида гир-гир айланарди. Гоҳ мусиқа оғушидаги сўз ўзидан меҳр тўлқинларини таратарди. Куй ва сўз қўл ушлашиб, гоҳ висол боғу-роғларидан, гоҳ ҳижрон саҳроларидан бирга ўтардилар. Садоқат ва ишончлари боис бир-биридан айрилмасдилар. Улар аслида шундай яратилган эдилар. Охир-оқибат куй ва ижрочи сўз олдида чўкка тушишарди.
Қўшиқ тугади. Чол осон жон берди. Магнитофон тасмаси айланишда давом этарди. Унинг қўпол саси ҳеч кимнинг қулоғига кирмасди.
Кўп ўтмай, узоқдан азон овозлари эштила бошлади.
Сотим Аваз (1952)
Сотим Аваз (Сотимбой Авазов) – 1952 йил Урганч шаҳрида туғилган. 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Кечиккан баҳор”, “Тонгги ҳислар”, “Ҳуқуқ”, “Нозбўйларим”, “Ҳикматистон”, “Дил ва манзил” каби шеърий асарлари республика нашриётларида чоп этилган.
Шунингдек, “Мурувват чоғи” романи, “Мадраҳим Шерозий”, “Темирғози тўра”, “Йиллар ва йўллар” қиссалари муаллифи.
Ҳозирда “Урганч оқшоми” газетаси муҳаррири.