Маҳсулот сифати – доимий эътиборда
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик соҳасида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар юртимизда етиштирилган пахта толасининг жаҳон бозоридаги нуфузи ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

“Хоразмпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг саккизта пахта тозалаш корхонаси ҳамда улар қошидаги 19 пахта қабул қилиш пунктида хомашёни дастлабки ишловга тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш борасида замонавий технологиялар жорий этилаётгани маҳсулот сифатининг ошишида муҳим аҳамият касб этаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 14 мартдаги “Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони корхоналарни замонавий жиҳозлаш, ишлаб чиқариш қувватлари самарадорлигини ошириш, жаҳон пахта бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

– Ушбу фармонга кўра, корхоналар босқичма-босқич реконструкция қилиниб, замонавий технологиялар билан жиҳозланмоқда, – дейди “Хоразмпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаси раисининг биринчи ўринбосари Қўзибой Ғойипов. – Қўшкўпир, Хонқа, Боғот ва Янгиариқ туманлари пахта тозалаш корхоналарида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Айни пайтда Янгибозор туманидаги пахта тозалаш заводида қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур корхоналар пахтадан момиқни ажратувчи 18 замонавий линтер ускунаси билан жиҳозланди. Янгиариқ туманидаги корхонага “Синокот Тошкент Коттон Эквипмент” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган тола ва линт маҳсулотларини пресслаш ускуналари ўрнатилди. Пресслаш цехларида тойланган тола пўлат симлар билан эмас, полиэтилен ип билан боғланадиган бўлди. Бу корхона рентабеллигини ошириш, ишлаб чиқариш сарф-харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш имконини бермоқда.

Пахта толаси экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларнинг муҳим турларидан ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон пахта толасининг афзалликларидан бири унинг сифат кўрсаткичлари юқори эканлигида. Айни шу жиҳат халқаро буюртмачиларнинг Ўзбекистон пахта толасига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Вилоятда пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудий бирлашма тизимидаги пахта қабул қилиш пунктларида хомашёни узлуксиз қабул қилиш мақсадида 170 дан ортиқ пахтани тушириш ва узатиш механизми тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 112 лаборатория асбоб-ускуналари ҳамда тош-тарозилар давлат стандарти кўригидан ўтказилди. Корхона ва тайёрлов масканларида 505 ғарам майдони, 27 омборхона таъмирланиб, брезент қопламаси, ёнғинга қарши курашиш инвентарлари билан таъминланди. Ёнғин хавфсизлигини таъминловчи махсус техника ва сув ҳавзалари шай ҳолатга келтирилди.

Мухтасар айтганда, давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳалар асосида тармоқ корхоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш жаҳон пахта бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР