Урганчда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида ўтказилган конференция-семинарда бу алоҳида таъкидланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Хайруллаев, Хоразм вилояти прокурори Қ.Тўйчиев, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи И.Собиров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги роли ва ўрнини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий секторнинг самарали фаолият юритиши учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Бугунги кунда вилоятда ўн мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти самарали фаолият юритмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 61,3 фоизни ташкил этаётир. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 30,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2, қурилиш-монтаж ишлари 3,9 фоизга ўсишига эришилди. Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш натижасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 40,2 фоиз, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 2,5, чакана товар айланмаси 14,5, хизматлар 12,4 фоизга ўсиши таъминланди. Ҳудудда экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар туфайли ўтган даврда экспортчи корхоналар томонидан 19 миллион доллар миқдорида товар ва хизматлар экспорти амалга оширилди.
Хоразм вилоятини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярмида 932 лойиҳа амалга оширилиб, 251 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди, 5 минг янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда вилоятда енгил автомобиллар, экскаваторлар, йўл қурилиши техникаси ва механизмлари, юқори кучланишли электр аппаратлари, совуткичлар, маиший газ баллони, енгил саноат, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари, қурилиш моллари, турли спорт инвентарлари каби 20 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида умумий қиймати 270,8 миллион долларга тенг уч юзга яқин лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, “GM Uzbekistan” қўшма корхонасининг вилоят филиалида шу кунга қадар 40 мингдан ортиқ “Damas”, 4 мингга яқин “Orlando” автомобиллари, “Урганч экскаватор” корхонаси базасида ташкил этилган “UzXCMG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида 200 дан ортиқ экскаватор ва бульдозерлар ишлаб чиқарилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган ғов ва чекловларни бартараф этиш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
– Президентимизнинг мазкур фармони тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди, – дейди “Megasfera” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Шуҳрат Ваисов. – Бугунги тадбирда ушбу фармон мазмун-моҳияти билан танишиш асносида корхонамиз мисолида чамалаб кўрсам, яратилаётган солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёзлар бир йилнинг ўзида юз миллион сўм миқдорида даромад келтириши мумкин экан. Бу ушбу маблағ эвазига корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулотлар тури ва сифатини яхшилаш, янги асбоб-ускуналар харид қилиш, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиш учун етарлича имкониятдир.
Тадбирда ташқи иқтисодий фаолиятни янада соддалаштириш йўналишидаги божхона қонунчилиги нормаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, соғлом рақобатни кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Валиев. – Инвестиция лойиҳалари, маҳаллийлаштириш дастури, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик янгилашга қаратилган дастурлар доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни импорт маҳсулотлари учун белгиланган божхона тўловларини тўлашдан озод этиш эвазига давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар миқдори 2015 йилнинг январь-август ойларида 275 миллиард сўмни ташкил этди. Тадбиркорлик субъектлари маблағи ва вақтининг тежалиши учун божхона юк декларацияларининг интернет орқали расмийлаштирилаётгани натижасида ўтган йили тадбиркорлар томонидан 60 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинишига эришилди.
Анжуманда мутахассислар тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандларнинг саволларига жавоб берди.
Конференция-семинарда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА