Янги корхона иш бошлади
Хоразм вилояти Боғот туманидаги “Xоrazm tex” масъулияти чекланган жамияти қошида ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона ишга туширилди.

Корхонанинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда 270,8 миллион АҚШ долларига тенг 274 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 8 минг 175 янги иш ўрни яратилди.

Бугунги кунда вилоятдаги саноат корхоналарида “Дамас”, “Орландо”, “Лабо” русумли автомобиллар, бульдозер ва экскаваторлар, маиший газ баллони, музлаткич, металл арматуралар, спорт инвентарлари ҳамда кир ювиш кукуни, юқори кучланишли аппаратлар каби кўплаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Асакабанк”нинг Хоразм вилояти филиалидан олинган 10,5 миллиард сўмлик кредит маблағлари эвазига янги корхона юқори сифатли ип-калава ишлаб чиқарадиган замонавий технологиялар билан жиҳозланди.

Майдони 14,53 гектарни ташкил этган мазкур корхонанинг иш бошлаган биринчи босқичида йилига 4 минг 300 тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Корхона иш бошлаши билан 200 доимий иш ўрни яратилди.

– Корхонанинг иккинчи босқичида қуввати 6 минг тонна ип йигириш мажмуаси барпо этилиб, қўшимча 200 янги иш ўрни яратилади, – дейди “Xоrazm tex” масъулияти чекланган жамияти директори Қурамбой Содиқов. – Шунингдек, учинчи босқичда қуввати 7 миллион метр квадрат хом сурп ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўқимачилик мажмуасини ташкил қилиш ҳамда 100 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Маҳсулотларнинг 80 фоизи хорижга экспорт қилинади.

Айни пайтда корхонада иккинчи ва учинчи босқичга ўтиш учун реконструкция ва замонавий технологияларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Ахмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР