Берунийнинг изланишлари
Беруний ўзигача маълум бўлган ва тарихий манбалардаги хабарларни йил ҳисобларини қўллаб аниқлашга, уларни саралаб, баъзи ўринларда астрономик кузатувлари натижасида олган хулосалари асосида таҳлил қилишга уринган. Бу борада у, айниқса, баҳсли масалаларга кенгроқ тўхталади.

Беруний ўрганган масалалардан бири Қуръоннинг нозил этилган санаси ҳақидадир. У Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадис асосида Қуръони каримнинг душанба куни туширилганини айтган, аммо бу қайси санага тўғри келиши борасида турли фикрлар борлигини таъкидлаган. Ушбу масалани аниқлаштириш учун олим ояти карималарга таяниб фикр юритади. У Каломуллоҳ Рамазон ойида туширилгани аниқ экани “Рамазон ойи шундайки, унда Қуръон туширилди...” (Бақара, 185) мазмунли оят бунга далил бўлишини билдиради. Олимлар орасида Қуръоннинг нозил бўлишини Рамазоннинг 24-санаси билан боғловчилар борлигини айтади. Бундан ташқари, айрим олимларнинг Анфол сурасининг 41-оятидаги “Агар Аллоҳга ва ажрим куни – икки қўшин тўқнашган куни бандамиз (Муҳаммад)га нозил қилган нарсамиз (оятлар, фаришталар, ғалаба)га имон келтирган бўлсангиз”, деган маълумотларга таяниб, ушбу оятдаги “икки қўшин тўқнашган” сўзлари Рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлган Бадр жангини англатиши, бинобарин, Қуръони каримнинг туширилиши ҳам шу кунга тўғри келишини хулоса қилганларини таъкидлайди.

Беруний диний манбаларнинг нозил этилиш санаси ҳақидаги турли фикрларни келтириб “Яна Худо билади”, дея хулосалайди. Бу ҳол унинг эътиқодий масалалар, айниқса, аниқлаштира олишга кўзи етмаган ихтилофлардан ўзини узоқ тутиб, хато ёки асоссиз хулосага келишдан тийилишини кўрсатади.

Беруний Муҳаммад пайғамбаримизнинг ҳаётларига оид масалаларни ҳам ҳар томонлама таҳлил қилган. У ўз асарларида Пайғамбаримизнинг насаблари Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абду Манноф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луайя ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн ан-Назр ибн Кинон ибн Ҳузайма ибн Мудрик ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маадд ибн Аднон экани, Исмоил ибн Иброҳим авлодидан бўлганини таъкидлайди.

Беруний Муҳаммад пайғамбаримизнинг туғилган саналари борасида ихтилофлар борлигини айтиб, бу борадаги маълумотларни саралашга ва таҳлил қилишга ҳаракат қилади. Шаъбий китобидан у қуйидаги сўзларни келтиради: “Биров Пайғамбар душанбага ўтар кечаси рабиъул аввал ойининг иккинчисида, биров саккизинчисида деса, бошқаси ўн учинчисида туғилди, деган. Яна биров Хусрав Нўшеравон подшоҳлигининг қирқ олтинчи йилида, биров қирқ иккинчи, биров қирқ учинчи йилида туғилди, деган. Шунинг учун бу ихтилоф баробарида Пайғамбар умри ҳақида ҳам келишмовчилик бор”. Беруний шунингдек, Муҳаммад ибн Жобир Баттоний ўзининг “Китобул кусуфот”ида: “Пайғамбар душанба кечаси йигирманчи найсон Искандар эрасининг саккиз юз саксон иккинчи йилида дунёга келган”, деб ёзганини, ас-Салломий ўзининг “Эралар китоби”да: “У рамазон ойининг ўн иккинчи санаси душанба куни тонг отарда туғилган”, деб қайд этганини, Ҳамза ал-Исфаҳоний эса “Буюк миллатлар эраларига оид” китобида: “У рабиъул аввалнинг иккинчи, баъзиларнинг айтишича эса саккизинчи, бошқаларнинг айтишича, ўн учинчи куни кечаси туғилган. Унинг душанба куни рабиъул аввал ойининг биринчи ярмида туғилгани ҳақида ихтилоф қилмаганлар ва туғилиши Анушервон подшоҳлигининг қирқинчи, қирқ биринчи, ёки қирқ учинчи йилида бўлди, деганлар” каби фикрларни қиёсий ҳолда келтиради. Юқоридаги фикрларни ўрганган Беруний Пайғамбаримизнинг туғилган саналарини қуйидагича келтиради: “Пайғамбар “Асҳоби фил” Маккага келганидан эллик кун кейин туғилди. Бу воқеа Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг “Китоб ат-тарих” асаридаги сўзига кўра, Анушервон подшоҳлигининг қирқ иккинчи йилида ёки Искандар эрасининг саккиз юз саксон иккинчи йилида найсоннинг йигирманчи кунида эди”. Демак, агар бу саналар милодий ҳисобга ўгирилса, 570 чиқади. “Асҳоби фил” воқеаси эса муҳаррам ойининг ўн еттинчи кунида юз бергани ҳисобга олинса, Пайғамбаримиз Муҳаммад 570 йил рабиул аввал ойининг еттинчисида туғилганлари аниқ бўлади.

Шу ўринда олим бу масалага оид “Пайғамбаримиздан душанба кунининг рўзаси ҳақида сўралганида, у зот: “Бу мен туғилган кун, шу куни пайғамбар қилиб юборилдим, шу куни менга Қуръон туширилди ва шу куни ҳижрат қилдим”, деган ҳадисни исбот сифатида қайд этади. Юқоридаги ҳадис асосида Беруний пайғамбарликнинг тушиши ражаб ойининг йигирма олтинчи санаси душанба кунига тўғри келишини билдириб, бир қатор олимларнинг асарларидан бу борадаги фикрларни келтиради.

Булардан ташқари Беруний ҳаж, қурбонлик қилиш, ҳайит, арафа куни, Қадр кечаси каби масалалар ҳақида ҳам таҳлилий равишда тўхталиб ўтган.

qadriyat.yz
Зилола Туйчибоева,
Тошкент ислом университети, тадқиқотчи
“Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 7-сонидан олинди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР