Урганчда юз берган фавқулодда вазиятга нима сабаб бўлди?
8 август куни Урганч шаҳрининг «Ёшлар кўли» маданият ва истироҳат боғидаги кўприк тўсиқларининг қулаб тушгани ва қурбонлар ҳақидаги янгилик кутилмаганда ҳаммани ларзага солди.

(материал на русском языке)

Воқеа гувоҳларининг айтишича, шанба куни маданият ва истироҳат боғига одатдагидан кўпроқ одам тўпланган. Гап шундаки, кўл ўртасидаги сунъий оролда хонанда Наврўз Собировнинг концерти ўтказилаётган эди. Юзлаб одамлар унинг қўшиқларидан баҳраманд бўлиш учун кўприк устига тўпланган. Концерт томошабинларнинг жўшқин қарсаклари остида бошланди, аммо тез орада тўсиқларнинг синиши ва сувга қулаётган томошабинларнинг шовқини билан тўхтаб қолди.

Махсус Ҳукумат комиссияси содир бўлган воқеанинг сабаблари ва оқибатларини ўрганаётган бир пайтда, Интернет тармоғида ушбу фожиали воқеа кенг муҳокама этилмоқда. Кимдир кўприк қурувчиларини ишга лаёқатсизликда айблаб, кўприк шунчаки талаб этилган хавфсизлик меъёрларига жавоб бермаганини қайд этмоқда. Бошқалар томошабинларнинг шу қадар кўп бўлишини олдиндан кўра билиши ва зарур чоралар кўриши керак бўлган концерт ташкилотлачиларни айбламоқда. Учинчилар эса ўзини ўта жўшқин тутган ва кўприк дош бера олмаган одамларнинг ўзини айбдор санамоқда.

Воқеа тафсилотларини аниқлаштириш мақсадида shov-shuv.uz сайти хонанда билан боғланди.

Бу ҳақда Наврўзбек Собиров шундай дейди: “Текин концерт эди. Менга ҳокимият концерти дейишган. Апил-тапил кийиниб, 8-август куни “Ёшлар кўли”га бориб куйладим. Бошқа ҳеч нарсадан хабарим йўқ”.

“Ҳамма қурувчиларни айблай бошлайди. Бироқ, ҳар қандай конструкция ҳам пишиқлик чегарасига эга. Эҳтимол пайвандлаш ишларида айрим жойларда камчилик қолган бўлиши мумкин, аммо бу тўсиқлар – тўсиш учун мўлжалланган, уларга 100 ёки ундан ортиқ одам суяниши учун эмас”, - деб ёзади фойдаланувчилардан бири Дониёр Анорбоев.

Табиийки, кўприк қурувчилари ҳам, концерт ташкилотчилари ҳам жавобгарликка тортилади, деб ёзади telegraf.uz. Бироқ, содир бўлган воқеага баъзан ўзини тутиш бўйича бошланғич қоидалар ва аҳлоқ меъёрларидан бехабар бўлган томошабинларнинг ўзи ҳам айбдор.

манба: uz24.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР