Замонавий, тежамкор ва рақобатдош
Саноат ривожи - иқтисодий салоҳиятни белгиловчи муҳим мезонлардан бири. Шу маънода, юртимизда ишлаб чиқаришнинг барча тармоғи босқичма-босқич модернизация қилиниб, жаҳон бозорида харидоргир, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш узлаштирилаётгани қувонарлидир. Энг муҳими, айни пайтда бундай илғор корхоналар нафақат шаҳару туманлар марказлари, балки энг чекка ва олис қишлоқларда ҳам самарали фаолият юритаётир.

Хусусан, Хоразм вилоятида саноат соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи йил сайин ортиб бораяпти. Натижада энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш субъектлари сафи кенгайиб, уларда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп товарлар тайёрлаш йўлга қўйилмокда. Бунда Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013 - 2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисидаяги қарори, айниқса, муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида воҳада ўтган даврда умумий қиймати 270,8 миллион АҚШ долларилик 274 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 8175 та иш ўрни яратилди. Ўз навбатида, “Дамас”, “Орландо” русумли автомобиллар, экскаватор ва бульдозерлар, маиший газ баллонлари, музлаткич, металл арматуралар, спорт инвентарлари, кир ювиш кукуни, юқори кучланишли аппаратлар каби ўнлаб янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу мақсадлар учун корхоналарнинг 156,6 миллион долларлик маблағлари, молия муассасаларининг 83,6 миллион долларлик кредитлари ҳамда хорижий инвесторларнинг 30,6 миллион доллар микдоридаги сармоялари йўналтирилди.

Жорий йилнинг май ойида Қўшкўпир туманининг Янгилик қишлоғида иш бошлаган “Қўшкўпир техноимпекс” Ўзбекистон - Хитой қўшма корхонаси ҳам - ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири. Эътиборлиси, бу ерда вилоятда биринчи бўлиб электр қуввати орқали ҳаракатланадиган велосипедлар тайёрлашга киришилди. Умумий қиймати 1,5 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа рўёби туфайли йилига 3 минг дона ана шундай маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Чунончи, корхона ишчи-мутахассислари фаолиятининг дастлабки уч ойида 6 турдаги 200 та замонавий велосипедни харидорларга етказиб бердилар.

- Илгари бу турдаги “дастёр”лар хориждан келтириларди, - дейди корхона раҳбари Мавлон Жуманиёзов. - Эндиликда эса уларни ўзимизда ишлаб чиқараяпмиз. Муҳими, бу орқали маҳсулот таннархи 40 фоизга арзонлашди. Махсус аккумулятор билан жиҳозланган мазкур велосипедларнинг афзаллиги шундаки, улар экологияга зарар етказмайди, шовқинсиз ишлайди, ортиқча жисмоний куч талаб этмайди. Транспорт воситасини хонадонлардаги электр тармоғи орқали қувватлантириш мумкин.

Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, бу ерда ишлаб чиқариш жараёнини босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган. Бу орқали маҳсулот ҳажми йил сайин ошиб боради. Жорий йилдан бошлаб велосипедларнинг 20 фоизи экспортга чиқарилиши кўзда тутилган бўлса, келгусида мазкур кўрсаткич 55 фоизга етказилади. Маҳсулот тури ҳам 12 тадан ортади. Қолаверса, яқин истиқболда электрда юрадиган юк ташувчи мотоцикллар ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштириш мўлжалланган.

Ойбек РАҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР