Хоразмда “Гурвак — Хоразм қовунчилиги рамзи” фестивали ўтказилади
Шу йилнинг 8 август куни Хива тумани “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудидаги Кўҳна Арк майдонида “Гурвак — Хоразм қовунчилиги рамзи” номи остида савдо ярмаркаси очилади.

Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш орқали воҳага маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб этиш мақсадида ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида полиз маҳсулотлари ва мевалар кўргазмаси ўтказилади.

Шунингдек, кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар, тадбир иштирокчилари ўртасида “Ширин-қовун” танлови ҳам бўлиб ўтади. Бунда иштирокчилар бир қанча уруғлар ичидан гурвак уруғини танлаш, қовун экиладиган ерни саралаш, ширин гурвакни аниқлаш, қовун кесиш маҳорати, кесиб қўйилган қовунлар бўлакчаларини татиб кўриш орқали навини аниқлаш, қовун қоқи қилиш ва қиш мавсумида қовунларни сақлаш қоидалари борасида маҳоратларини намойиш этишади.

Тадбирда вилоятнинг 10та туманидан 70 нафардан ортиқ фермер хўжаликлари ўзларининг полиз маҳсулотлари билан иштирок этишади. Ярмаркада Хоразм вилоятида етиштириладиган қовун навларининг 40га яқин турлари намойиш қилинади. Тадбир доирасида 8та йўналишда “Қовунчилик соҳаси билимдони” танлови ўтказилади, 10та номинацияда ғолиблар аниқланиб, танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек ярмаркада маҳсулот етказиб берувчилар билан сотиб олувчилар ўртасида шартномалар имзоланади ва янги 2015 йил ҳосили учун буюртмалар олинади.

Сайлда туманлардан келган фольклор этнографик жамоалари ва ёш санъаткорлар чиқишлари, “Огаҳий” номидаги вилоят драматик театри ва вилоят қўғирчоқ театри актёрлари томонидан қовун сайлига бағишлаб тайёрланган махсус театрлаштирилган томошалар намойиш қилинади. Тадбирда ҳунармандлар томонидан ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилади.

kun.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР