Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси конференцияси ишчан руҳда, баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтди
Тадбир аввалида “Хоразм касаба текстил” шўъба корхонаси маҳсулотлари ва намунали бошланғич ташкилотлар фаолиятига доир кўргазма ташкил қилинди. Конференцияда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Равшан Жабборов беш йиллик фаолият юзасидан ҳисобот берди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида республикамизда бўлгани каби вилоят ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлди. Касаба уюшмаларининг мавқеини янада ошириш, моддий-техник базасини кучайтириш, касаба уюшмалари тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштиришга жиддий эътибор берилди. Таъкидлаш лозимки, 2011 йилда республика миқёсида Бош келишув имзоланиши жамоа келишуви ва шартномаларининг таъсирчанлигини, нуфузини янада оширди. Ҳозирда вилоят ҳокимлиги, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ва савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида келишув имзоланган бўлиб, бунинг натижаси ўлароқ ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилди. 2010 йилда жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олиш 85 фоизни ташкил қилган бўлса, 2014 йилда бу 94,5 фоизга кўпайди.

Жамоа шартномаларига киритилган барча имтиёз ва кафолатлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. 2010-2014 йилларда 31 мингдан зиёд эҳтиёжманд оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилди. Фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган 3279 та ёш оналар, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 419 нафар талаба қўллаб-қувватланди. 14541 нафар камхарж, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига дарслик ва ўқув куроллари туҳфа қилинди. Умуман, ҳисобот даврида ижтимоий ҳимоя учун сарфланган маблағ 8,2 миллиард сўмни ташкил этди.

Бандлик дастурининг бажарилишида касаба уюшмалари ҳам яқиндан кўмакдош бўлмоқда. Айниқса, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларни моддий рағбатлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. 2013-2014 ўқув йилида амалиёт ўтаган ўқувчилардан 950 нафарига, коллежни имтиёзли тугатиб ишга жойлашган 420 нафар битирувчига касаба уюшмалари маблағидан моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 2011- 2014 йиллар давомида 1276 ташкилотда 8516 та янги иш ўрни амалда яратилгани ўрганиб чиқилди. Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан 25 иш ўрни ташкил этилди.

Ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Меҳнат муҳофазаси юзасидан 736 та корхона, ташкилот, муассаса фаолияти ўрганилди. Мавжуд қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан киритилган такдимномалар асосида 5467 та камчилик бартараф этилди. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, бу борада корхона, ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам тегишли ишлар олиб борилди. Фаоллар, иш берувчилар билан меҳнатни муҳофаза қилиш қонун-қоидаларига риоя қилиш, халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бериш борасида ўқув-семинарлар ўтказилди.

Ҳисобот даврида касаба уюшма аъзолари ҳамда корхона, ташкилот, муассасалардан 2296 та ёзма мурожаат тушди, шулардан 1864 таси белгиланган муддатларда кўриб чиқилди. Қолганларига тегишли тартибда тушунтиришлар берилди. Ҳал бўлмаган меҳнат низолари юзасидан фуқаролик судларига даъво аризалари киритилди. Натижада, 50 га яқин касаба уюшма аъзолари ишга тикланди, 20 дан ортиқ ходимларнинг қонуний ҳуқуқи судларда ҳимоя қилинди.

Халқаро майдонда мафкуравий курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда аҳоли, айниқса, ёшларни маънавий дунёқарашини ўстириш, ўз юрти билан фахрланиш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳисобот даврида 2000 га яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотларида “Маънавият соатлари” ўтказилди. Унда 160 мингдан зиёд ходим, талаба ва ўқувчилар иштирок этди.

Давлат дастурлари доирасида касаба уюшмалари томонидан "Касаба уюшмалари - фахрийларга”, "Ватан ўз ватанпарварларини хотирлайди”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин”, “Касаба уюшмалари - талабаларга”, “Касаба уюшмалари - болаларга” акциялари орқали ижтимоий ҳимояга қаратилган тадбирлар амалга оширилди. “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, эҳтиёжманд, кўп болали оилалар фарзандларидан 8100 нафаринингТошкент, Қашқадарё вилоятларидаги оромгоҳларда бепул дам олиши ташкил этилди.

Бошланғич ташкилотлар ташаббуси билан 33 мингга яқин ходимлар, талаба ва ўқувчиларнинг воҳадаги диққатга сазовор қадамжоларга ҳамда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга туристик саёҳатлари уюштирилди. “SOS Болалар маҳалласи”нинг болалари “Мустақил юрт фарзандиман” шиори остида тарихий Хива шаҳрида саёҳатда бўлдилар.

Ҳисобот даврида корхона ва ташкилотларда ишлаётган 4073 нафар ходим касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли тарзда йўлланмалар билан таъминланди, шундан 296 та йўлланма бепул ажратилди. Ёзги мавсумда 25245 нафар бола оромгоҳларда имтиёзли соғломлаштирилди, шундан 2524 нафарига йўлланмалар бепул ажратилди.

Конференцияда шу каби рақамларни таҳлил қилиш билан бир қаторда, йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, назорат-тафтиш комиссияси раиси Саъдулла Тожиевнинг ахбороти тингланди.

Музокарада сўзга чиққан таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Боғот туман кенгаши раиси Ширин Юсупова, Шовот тумани “Уста Матсафо” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Ўдабоев, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Янгибозор туман кенгаши раиси Раимбой Шержонов, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам амалий маркази вилоят филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Озода Турдиева ва бошқалар вилоят касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини муносиб баҳолаб, уни янада яхшилаш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

- Вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик жараёнида касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор, - деди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Сайёра Абдукаримова. - Хусусан, ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар вилоятимизнинг ижтимоий-иқгисодий ривожланишига хизмат қилмокда.

Конференцияда бирлашма кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди. Бирлашма кенгаши раиси этиб Равшан Жабборов қайта сайланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойига делегатлар ва Федерация кенгаши аъзолари таркибига вакиллар сайланди.

Конференция ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Тўлқин Тешабоев иштирок этди ва сўзга чикди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА, “Ishonch” мухбири

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР