Хоразм адабий мактаби намоёндалари
Хоразмлик буюк хонанда Комилжон Отаниёзовдан бошлаб юзларча ҳофизларнинг энг севимли хонишларидан бири Комил Хоразмий қаламига мансуб “Кимни севар ёрисан” номли шўхшанг қўшиқдир.

Комил Хоразмий – шоир, хаттот, бастакор, мусиқашунос, таржимон, давлат арбоби. Унинг ибратли фаолияти замондошлари ва кейинги давр илм аҳлининг эътирофига сазовор бўлган.

ХIХ аср манбаларининг аксариятида, жумладан, Огаҳийнинг “Гулшани давлат”, Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий”, Аҳмад Табибийнинг “Мажмуатуш-шуаро” каби асарларида Комил Хоразмийнинг оташзабон шоир ва тадбиркор давлат арбоби сифатида фаолияти юқори баҳоланган.

Шўро даврида Комил Хоразмий шеърий мероси дастлаб 1945 йили О.Шараффиддиновнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” хрестоматияси, орадан икки йил ўткач “Ўзбек поэзияси антологияси” орқали кенг ўқувчилар оммасига етказилди. Адабиётшунос Саҳмудали юнусувнинг Комил Хоразмий ижодига бағишланган номзодлик диссертацияси ҳам шу йили ёқланди, 1958 йили китоб ҳолида нашр этилди. 50-йиллардан бошлаб Комил Хоразмий ҳаёти ва ижоди мактаб ва олий ўқув юртлари дастур, дарслик ва қўлланмаларига киритилди.

Муҳаммадниёз Комил 1825 йили Хивада туғилди. Отаси Абдулла охунд мадрасада мударрислик қилган. Муҳаммадниёзга паҳлавон лақаби болалик чоғида эркалатиб эмас, балки навқирон йигит ёшларида жанг майдонларида кўрсатган ажойиб жасоратлари эътирофи сифатида берилган. “Шажарайи Хоразмшоҳий”да ёзилишича, Хива хонининг душмани бўлмиш ёвмитларнинг забардаст паҳлавони ва уста мергани Қораболоқ номли саркардага ҳеч ким бас кела олмай турган танг бир вазиятда Комил Хоразмий ўз қудрати, жасорати ва тадбиркорлиги билан енгиб, орқага қайтишга мажбур қилади ва Матмурод девонбегининг марҳаматига сазовор бўлади.

Комил Хоразмий дастлаб эски мактабда, сўнгра Хива мадрасаларидан бирида таълим олади. Отаси вафотидан сўнг иқтисодий танглик важидан ўқишни бирмунча вақтга кечиктириб, совдогар бобоси Хўжаш маҳрам хизматида қойим туради ва кейинроқ унинг моддий ёрдами билан таҳсилни ниҳоясига етказади.

Талабалик давридаёқ шеърлари эл назарига тушади. Натижада уни Хива хони Сайид Муҳаммадхон саройига, мирзалик лавозимига таклиф қилади. Муҳаммад Раҳимхони Соний ҳукмфармонлиги даврида эса Комил Хоразмий тез орада мирзабошилик лавозимига тайинланади. 1873 йили баҳорда руслар Хивани эгаллаган, хон пойтахтни ташлаб чиқишга мажбур бўлган эркинликни бутунлай беришдан кўра ярим-ёрти сақлаб туриш маъқул топилди. Натижада, 1873 йилнинг 12 августида Хива яқинидаги Гандимиён қишлоғида Русия билан Хива хонлиги ўртасида шартнома тузилди. Бу шартнома тарихда “Гандимиён шартномаси” номи билан кирди. Унга кўра, Хива хонлиги ўша санадан эътиборан вассал бўлиб қолар ва хонлик худудида русияликларга қатор имтиёзлар берилар эди. Шу йўл билан Хиванинг тўпга тутиб, вайрон этилиши, бўлажак ҳарбий-маъмурий тартиблар олди олинди. Озроқ муддатга бўлса-да, маҳаллий идора сақланди. Шунинг асосий ташкилотчиси Муҳаммадниёз (Комил Хоразмий) эди.

1873 йил қирғинбаротини ўз кўзлари билан кўрган баъзи маҳаллий муаррихлар анча кейин битилган асарларида Комил Хоразмийнинг бу давраги фаолиятига бирмунча салбий фикр билдирадилар.

Бу ҳол Баёний ва Лафассий асарларида кўпроқ сезилади. Аммо ўша даврдаги ўта оғир аҳвол чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрилса, Комил Хоразмий тутган йўл эл-юрт манфааатига мувофиқ келгани маълум бўлади. Чиндан ҳам Хива хонлиги вассал сифатида сақланиб қолганлиги, юртга Муҳаммад Раҳихони Сонийдек тиниқ фикрли, мудаббир, маърифат ҳомийси етакчилик қилгани туфайли воҳада илм-фан, маърифат, адабиёт ва санъат, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш, асрлар бўйи сақланиб қоладиган ноёб қурилишларни амалга ошириш учун муайён имкониятлар вужудга келди. Авваллари хонликда умуман бўлмаган янгича мактаблар, шифохоналар, суратхона, босмахона сингари маънавият ўчоқлари пайдо бўлди.

Комил Хоразмий замонасидаёқ шоир сифатида катта эътибор ва эътирофга сазовор бўлган. Масалан, таниқли шоир Рожий уни ўзига устоз билади, номини Огаҳий билан ёнма-ён қўяди:

Сўз камолидин Рожий огоҳ эрса тонг йўқким,
Бор аниси дамзоси Огаҳий била Комил.

Комил Хоразмий ўз шеърларини тўплаб, девон қилган. ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошида тузилган бир қатор баёз (тўплам, антология)ларда ҳам шеърлари учрайди. Девони шоир ҳаётлигидаёқ нашр қилинган. Биринчи нашри 1880-1881 йилларга тўғри келади. Хивада тошбосмада (литография) босилган эди. Иккинчи марта яна Хивада 1895 йилда босилди. Бу нашр олдингига нисбатан тўлароқ. Китоб учинчи маротаба 1909 йилда Тошкентда нашр этилган. Айрим шеърлари “Туркистон вилоятининг газети”да босилган. Учала нашр ҳам Комил Хоразмий шеърларини тўла қамраб олмайди.

Хива хонлиги ҳаётида Русия босқини муносабати билан рўй берган воқеалар бадиий ижодда, жумладан, Комил Хоразмий ижодида ҳам ўз ифодасини топди.

Комил Хоразмийнинг янгича маърифатпарварлик йўналишида бир неча асарлари яратилди ва 1891 йилдан бошлаб “Туркистон вилоятининг газети”да эълон қилинди. Шоирнинг “Ики шўх” радифли ғазали ушбу йўнилшдаги асарлардан бўлиб, у мавзу, ғоя, новатирона руҳ ва маҳорат жиҳатидан ҳам ижодкорнинг бунгача яртаган асарларидан ҳам кескин фарқ қилади.

“Ики шўх” радифли ғазали шоирнинг Остраумов хонадонидаги меҳмондорчиликдан олган таъссуротлари асосида дунёга келган. Зотан Остраумовнинг ўзи шеърнинг газетида чоп этиш учун тайёрланган корректураси ҳошиясида “Хива хонининг мирзабошиси Паҳлавон Мирзабошининг 5 сентябрда менинг уйимда ўтказган кечасидан хотира тарзида ёзган шеъри” деган қайдни қолдирган.

Европа ва шарқ мусиқа меросидан баъзи намуналарни, рус халқ қўшиқларини фортепьяно жўрлигида тинглаш, чамаси, Остраумовнинг икки қизи ижро этган бал рақсларини томоша қилиш натижасида яратилган “Ики шўх” радифли ғазалнинг шоир асарлари нашрига кирмаган муаллиф дастхати асосидаги матни қуйидагича:

Солурди ғамза хадангин камона ул ики шўх,
Мани ул ўқға қилурлар нишона ул ики шўх.

Ҳам ики гул киби бир шохдан очилмишлар,
Қилур навосини ҳам булбулона ул ики шўх.

Эшитса бандаси бўлғуси зуҳроу яна Баҳром,
Рубобу чанг ила тузса тарона ул ики шўх.

Боқиб жамолиға юз тил била фиғон айлар,
Етурса илкини фартапиёна у ики шўх.

Қилурди нола ариқдин ики юз бўлиб гулфом,
Кўзимдин айлади қон ёш равона ул ики шўх.

Қучоқлашиб бўладур бир-бирига жуфт андоқ,
Ки тоқупўсти ирамға дугона ул ики шўх.

Агарчи ҳуснда маъшуқи аҳли оамдур,
Валек нола қилур ошиқона ул ики шўх.

Парилар эрдимукин, учдилар кўзирдин ё,
Фаришта эрдиму чархи ошёна ул ики шўх.

Бириси комил бидилғадур басе матлуб,
Агарчи хўплар ичра ягона ул ики шўх.

Шарқда девон тузиш маълум анъанага эга эди. Жумладан шеърлар дастлаб жанрлар бўйича (ғазал, рубоий, туюқ каби), сўнг эса уларнинг ҳар бири ички алифбо тартиби (қайси ҳарф билан тугашига қараб) билан жойлаштирилган. Ғазал аксар ишқ ҳақида ёзилади. Ишқ эса икки мазмунни: “ишқи илоҳий”, “ишқи мажозий”ни англатади. Биринчиси Оллоҳ ишқи, Худони севиш, иккинчиси ердаги гўзалга ошиқлик эди. Ҳар иккисининг ифода воситалари, образ тимсолларида ўхшашлик бор. Қолаверса, тасаввуф таълимоти бўйича, борлиқ, инсон ёки гўзало ёр ҳам Ҳақ жамолининг жилваси. Демак, унга муҳаббат оллоҳга бўлган ишқ даражасига етиши керак.

Комил Хоразмий мусиқа санъатидан яхши хабардор бўлган, яхши соз чалган. Унинг бетакрор санъаткорлик маҳорати куйлар басталаб, юз йилдан ортиқ муддат ичида энг машҳур хонандалар томонидан хониш этилиб келинаётган ғазал ва мухаммасларида яна ҳам яққол намоён бўлади. “Қўқон ушшоқи”га солиниб тингловчилар орасида, айниқса, кенг шуҳрат қозонган:

Юзунг фироқидин, эй рашки меҳри рахшоним,
Қоронғудир кеча-кундуз бу байтул аҳзоним, -

матлаъли ғазали ҳам гўзал шеърий кашфиётлар яратилгани билан ажралиб туради.

Хоразмлик буюк хонанда Комилжон Отаниёзовдан бошлаб юзларча ҳофизларнинг энг севимли хонишларидан бири Комил Хоразмий қаламига мансуб “Кимни севар ёрисан” номли шўхшанг қўшиқдир. “Мураббаи Комил”, “Пешрави комил” каби куйлар унинг ижодига мансуб.

У қадим анъанавий куйларимизни, шу жумладан, Хоразм мусиқасини ёзиб олиш, яъни нотага кўчириш иштиёқи пайдо бўлган. Бунинг учун энг машҳур соз (асбоб)лардан танбурни танлаган. Шу сабабли у халқ орасида “Танбур нотаси” номи билан шуҳрат топди. Афсуски, Комил Хоразмий бу ишни охирига етказа олмади. Биргина “Рост” мақомининг бошланиш қисмини ёзиб улгурди. Унинг бу борадаги ишларини “Мирзо” тахаллуси билан шеърлар ёзган Муҳаммад расул давом эттирди. Хоразм “Шашмақом”ини ҳаммасини нотага кўчирди. Комил Хоразмий яратган “Танбур нотаси” икки катта китобдан иборат бўлиб, ҳозирда абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Комил Хоразмий таржима мактабининг истеъдодли вакилларидан бири эди. ХVIII аср форс адабиёти намуналарида “Маҳбубул-қулуб” (“Кўнгулларнинг севгани”) ва “Латойифут-тавойиф” (“Турли тоифаларнинг латифалари”) (ХVI) асарларини ўзбекчалаштирди.

Комил Хоразмий 72 ёшида, 1897 йили вафто этади.

Комил Хоразмий ижоди ва фаолияти кўриб ўтганимиздек, ХIХ аср ўзбек адабиёти ва маданиятининг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил қилади. У бир томондан, ўтмишдан келаётган энг яхши анъаналаримизни янги замонга олиб келиб боғлаган бўлса, иккинчи томондан, янги давр масалаларига жавоб беришга ҳаракат қилади. Адабиётимизни янги асарлар билан бойитди. Ўзбек ўқувчиларини форс адабиётининг бир қатор намуналари билан таништирди. Ўзбек мусиқасига Европа нотасини олиб кирди. “Хоразм нотаси”ни яратди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР