Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида бой маданий меросимизни ўрганиш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, ёшлар қалбида уларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида юздан ортиқ маданият ва аҳоли дам олиш маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида уларнинг аксарияти капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. Марказларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшларнинг амалий ва тасвирий санъат, рақс, созандалик, хорижий тиллар, спорт тўгаракларида ўз маҳоратини ошириши учун барча қулайлик яратилган.
Иштирокчилар 20 минг кишига хизмат кўрсатаётган “Саёт” маданият ва аҳоли дам олиш маркази фаолияти билан танишди.
– Хива азалдан илм-фан, адабиёт ва санъат, маданият ва маърифат маркази сифатида дунёга машҳур, – дейди Нукус туманидаги “Қутанкўл” маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори Тўлибой Жангабоев. – Марказда ташкил этилган музейдаги Саёт қишлоғининг тарихи, узоқ ва яқин ўтмиши, мустақиллик йилларида Хоразмда амалга оширилган ишлар ҳақидаги сурат-кўргазмалар кишининг маънавияти ва дунёқарашини янада бойитишга хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда компьютер саводхонлиги, тўқувчилик, тикиш-бичиш, мусиқа ва спорт тўгараклари фаолияти намунали ташкил қилинган.
Семинарда маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолиятини ташкил этишдаги устувор вазифалар борасида сўз юритилди. “Марказларда номоддий маданий мероснинг миллий рўйхатини юритиш тартиби ва ижро санъати йўналишида ҳаваскорлик ансамбллари, тўгараклар ва студиялар ташкил этиш”, “Марказда маънавий-маърифий, маданий-оммавий тадбирларни ташкил қилиш усуллари ва томоша залларидан фойдаланиш тақсимоти” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Семинар иштирокчилари Урганч шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди, “Ичанқалъа” давлат музей-қўриқхонаси ёдгорликларини томоша қилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА