“Ёш тадбиркор – юртга мададкор”
“Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Хоразм вилояти кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 110 нафар йигит-қиз иштирок этди.

– Ёшларнинг тадбиркорлик борасидаги билимини бойитиш, уларда ишбилармонлик малакаси ва кўникмасини шакллантириш, имтиёзли микрокредитлар олиш, уй меҳнати ва касаначиликни ривожлантириш, битирувчилар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилаётган бундай тадбирларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Хоразм вилояти кенгаши қошидаги “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координатори Жамшид Аллашукуров. – Жорий йилда ушбу танловнинг туман ва шаҳар босқичларида тадбиркорликка ҳавасманд 500 нафардан зиёд йигит-қиз иштирок этгани фикримиз далилидир.

Танлов доирасида қатнашчилар учун уч кунлик ўқув-семинар ташкил этилиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларида машғулотлар, тажрибали тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Ёшларнинг ишбилармонлик соҳаси бўйича билими ҳамда ўз бизнес режасини тақдим қилишдаги маҳорати баҳоланди. Бунда таклиф этилган бизнес режанинг иқтисодий кўрсаткичи, лойиҳанинг самарадорлиги ҳамда унинг кредит мақсадларига нечоғли мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўн нафар иштирокчи танловнинг республика босқичига йўллланма олди.

Шоназар КАРРИЕВ
Муаллиф олган сурат

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР