Қизил қўшинларнинг Хоразм ва Бухоро мамлакатлари ҳудудларига тажовузкорлик билан бостириб киришлари давомида қилган талончиликлари, зўрликлари, қон тўкишлари оммавий норозиликларни келтириб чиқарган асосий сабаблардан бўлди. Бу бебошликлар кейинги даврларда ҳам давом этди. Тажовузкор. қўшинларга буйруқ берган, қўмондонлик қилган, республикалар ҳудудларида қизил аскарлар гарнизонларини жойлаштириб, уларга таяниб иш юритган болшевиклар, ҳарбийлар халқ бойликлари, молмулкини тортиб олиш, одамларни қатағон қилиш, инқилобий ўзгартиришларни амалга ошириш, миллий қадриятларни оёқости қилишга бошчилик қилдилар. Бу қизил армияга қарши ҳаракатнинг кенгайиб, оммавий тус олишига олиб келди. Ҳаракатда ерли аҳолининг деярли барча қатламлари, биринчи навбатда деҳқонлар қатнашдилар. Бу ҳол ҳаракат бошлиқлари, уларга келиб қўшилганларнинг турли табақаларга мансуб бўлгани, норозиликлар, қаҳр-ғазаб, муросасиз жангларга шайланганлар доиралари кўламининг нечоғлик кенг, ўткир, шиддатли бўлганидан далолат беради.
Бухоро республикасида тажовузкорларга қарши қуролли кураш. Қизил армияга қарши кураш олиб борган гуруҳлар, шаҳар ва туманларда кўтарилган қўзғолонлар Бухоро республикасининг барча - ғарбий, марказий, шарқий қисмларида бошланиб, оммавий тус олди. 1920-йил август ойининг охирги кунида пойтахт Бухородан кетган амир Олимхон Шарқий Бухорога келиб, катта кучлар тўплади, уларнинг сони 12 минг, кейинроқ 25 минг кишига етди, қизил қўшинларга қарши жанглар олиб борилди.
Иброҳимбек (1889-1932), Давлатмандбек ва бошқалар курашга бошчилик қилдилар. Жиддий зарбаларга жавобан қизил армия қўмондонлиги янги-янги қисмларни, кўплаб қурол-аслаҳаларни етказиб келиб, ишга солди.
1921-йил бошида мағлубиятга учраган амир Олимхон Афғонистонга ўтиб кетди. Шу йил октабрида Туркиянинг собиқ ҳарбий вазири Анвар Пошо (1881- 1922) Бухоро шаҳрига келиб, бироз муддатдан сўнг мамлакатнинг шарқий қисмига жўнайди ва советларга қарши кучларга қўшилади. Анвар Пошонинг ҳаракатлари билан Шарқий Бухорода бирлашган лашкар бунёд этилди ва ғарбча қўмондонлик услуби жорий қилинди. Анвар Пошо 1922-йил ёзида бўлган жанглардан бирида Балжувон тепаликларида шаҳид бўлди.
Мамлакатнинг марказий ва ғарбий вилоятларида ҳам кураш шиддатли тус олди. 1920-йил кузида Бойсун, Денов, Шеробод, Сариосиёда қуролли гуруҳлар тузилиб, жанглар бошлаб юбордилар. Декабрда Қарши, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Чироқчида қўзғолонлар бошланди, янги ҳокимият, қизил аскарлар гарнизонларига жиддий талафотлар етказилди. Бу жойларга ҳам қўшимча қизил аскар қисмлари юборилди.
Қисқа муддат давомида Мулла Абдулқаҳҳор (1884-1924) бошчилигидаги пойтахт Бухоро туманларида лашкар тўпланди ва жанговар ҳаракатлар олиб борилди. Шунингдек, Мулла Абдулқаҳҳор раҳбарлигида Бухоро, Кармана ва Нуротадаги ўнлаб гуруҳлар фаолият кўрсатди. Уларнинг катта армияси 1922-йил март ойининг бошида пойтахт Бухоро шаҳрига юриш қилди. Улар қизил аскарлар билан шаҳар атрофтда бўлган икки кунлик шиддатли жанглардан сўнг Бухоро шаҳрининг катта бир қисмини эгалладилар ва бир неча соат мобайнида ўз қўлларида тутиб турдилар. Сўнгра шаҳар атрофидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳини эгалладилар. Аммо зудлик билан етиб келган кўп сонли қизил аскарлар (улар орасида Будённийнинг отлиқ қўшини ҳам бор эди) билан бўлган жангда улар Бухорои Шариф ва Баҳоуддин зиёратгоҳидан катта қурбонлар бериб чекинишга мажбур бўлдилар.
Бу ҳаракатга қарши кураш қизил армия ва унинг қўмондонлигидан катта куч-ғайрат талаб қилди. Москва, Тошкент, Бухорода 1923-йил май-июн ойларида ўтказилган олий даражадаги бир қатор расмий анжуманларда бу масала энг долзарб муаммо сифатида кун тартибида турди.
Совет ҳукумати бутун Туркистондаги қаршилик ҳаракатини тугатиш учун барча воситаларни ишга солди. Англиялик тадқиқотчи Гленда Фрезернинг ёзишича, «Совет қўмондонлиги Бухоро республикасида 1923-йил баҳор-куз фаслларида бўлган жангларга 100000 кишилик улкан армиясини ташлади».
Мулла Абдулқаҳҳор йигитлари билан қизил аскарлар ўртасида 1924-йил ёзи ва кузида Ғиждувон туманининг Ғишти ва Каттағамхўр қишлоқларида, Нурота тоғларида, Шофиркон туманига туташ Қизилқумнинг Жилвон қумликларида, Боғиафзал ва Вардонзе қишлоқларида қаттиқ тўқнашувлар бўлди. Кучлар тенг бўлмаган ушбу жангларда у мағлубиятга учради. Ғарбий Бухородаги гуруҳларга сезиларли зарба берилди. Мулла Абдулқаҳҳор Қизилқум чўлларида қизил аскарлар билан бўлган тўқнашувларнинг бирида 1924-йилнинг охирида ҳалок бўлди.
Қизил армияга қарши ҳаракатининг моҳияти ва натижалари. Бухоро республикасида қизил армия қисмларига қарши қарийб 5 йил давомида шиддатли жанг ҳаракатлари олиб борилди. Бу ҳаракат 1924-йилнинг охиригача ҳозирги Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида давом этди. Бу даврда халқнинг оғир аҳволи янада мураккаблашди.
Бухоро мамлакати ҳудудларидаги қуролли ҳаракат қизил армия ва болшевикларнинг тажовузкорлиги, зўравонлиги ва талончилигига қарши қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Курашчиларнинг асосий мақсади қизил қўшинларни ҳайдаб юбориш, миллий қадриятлар, асрий эътиқод ва урф-одатларнинг поймол қилиниши, хўрланишига барҳам бериш эди. Шу мақсадлар йўлида кураш олиб бориш учун Бухоро республикаси раҳбарларидан Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Муҳиддин Махсум Хўжаев, Али Ризо Афанди, Абдулҳамид Орипов, Қулмуҳамедов ва бошқалар қўзғолончилар сафларига бориб қўшилдилар.
Бир гуруҳ ҳаракат йўлбошчилари Бухоро республикаси ҳукуматига йўллаган мактубларида Бухорода болшевиклар бўлмаслиги лозимлигини, «фавқулодда комиссия орқали камбағал аҳолининг мол-мулки ва ҳаёти тортиб олинган»лигини, «болшевиклар жабр ва зулмни авж олдириб юборганликларини ва «Бухоронинг мустақиллиги қуруқ сўз бўлиб ққлган»лигини, «ҳақиқатда ундан дарак йўқ»лигини таъкидлаган эдилар.
Шу билан бирга, Бухоро ҳудудида кураш олиб борган аксарият қўрбошиларнинг қарашларида зиддиятли томонлар ҳам мавжуд бўлган. Қўрбошилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, мамлакатни ривожлантиришнинг аниқ дастури йўқлиги ҳаракатни кучсизлантирди, унинг кенгайишига ҳалақит берди. Бундан ташқари, Бухородаги ҳаракатнинг Туркистондан, хусусан, Фарғона водийсидаги ҳаракатдан фарқ қиладиган асосий томони шундан иборатки, улар икки жабҳада туриб кураш олиб бордилар. Бир гуруҳ қўрбошилар (Иброҳимбек, Мулла Абдулқаҳҳор ва бошқалар) амирлик тузуми тарафдорлари бўлиб, улар фақат қизил армияга эмас, ёш Бухоро ҳукуматига ҳам қарши кураш олиб бордилар. Бу қўрбошилар амир ҳокимиятини қайта тиклаш ғоясини илгари суриб, собиқ амир Саид Олимхондан йўл-йўриқ олиб турдилар. Лекин амир ҳокимияти ўз вақтида халқ норозилигини оширган, мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилган эди. Иккинчи гуруҳ қўрбошилар (Анвар Пошо, Давлатмандбек, Жабборбек ва бошқалар) муқаддас Бухоро тупроғидан қизил аскарларнинг чиқиб кетиши, Бухоро республикаси мустақиллиги амалда қарор топиши учун курашдилар. Ф.Хўжаев бошлиқ Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати улар билан яширин алоқа ўрнатиб, музокара асосида тинчлик йўли билан муроса қилишга интилди.
Болшевикларнинг тазйиқидан норози бўлган Бухоро ҳукумати аъзоларининг бир қанчаси мухолифат кучларга қўшилиб кетди.
Афсуски, Ф.Хўжаев бошчилигидаги Бухоро ҳукумати таркибидаги миллий ватанпарвар кучлар (собиқ Ёш бухоролик жадидлар) билан мухолифатдаги қуролли гуруҳлар йўлбошчилари ўртасида келишув амалга ошмади. Бу тоталитар режим шароитида амалга ошиши мумкин ҳам эмас эди.
Хоразмда жанг ҳаракатларининг бошланиши ва кенгайиб бориши. Хоразм воҳасида болшевиклар, қизил армия кучларига қарши қуролли кураш 1918-йил ўрталарида бошланиб кетган эди. Тажовузкор кучлар Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл)ни Хива хонлигига қарши ҳужум базасига айлантира бошладилар. Чоржўйдан Амударё орқали ҳарбий кучлар келтирилди. Хоразмнинг ўнг қирғоқ ҳудуди ХIХ асрнинг 70-йилларида подшо Россияси томонидан босиб олиниб, ҳарбий истеҳкомга айлантирилган эди. Хоразм совет ҳокимиятидан Петро-Александровскни қайтариб беришни талаб қилди, аммо рад жавобини олди. Аксинча, қизил қўшинлар шу истеҳкомдан Хоразм воҳасига бостириб кириб, хон ҳокимиятини ағдариб ташлашда фойдаландилар.
Хоразм республикасида 1920-йил баҳоридан бошлаб мисли кўрилмаган талончилик ва зўрликларга қарши оммавий қуролли курашлар бошланди. Бунга, айниқса, 1920-йилда қизил аскарлар томонидан Урганч аҳолиси, уламолари норозилик йиғинининг қонли бостирилиши, Қўчмамадхон бошчилигидаги туркман йигитларининг ўлдирилиши, туркман аҳолиси устига жазо отрядларининг бостириб бориши, 1921-йил бошида Полвонниёз Ҳожи Юсупов ҳукуматининг фитна йўли билан ағдарилиши, бегуноҳ кишиларнинг қамалиши, ўлдирилиши, мол-мулкининг таланиши сабаб бўлди.
Қуролли курашни туркман ёвмут уруғининг бошлиғи Қурбон-Мамед Сардор - Жунаидхон (1857-1938) гуруҳлари бошлаб, қатор йиллар давом эттирди. Унинг қўшини сафларида ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқлар ҳам бор эди. Ўзбек деҳқонлари ва ҳунармандларидан иборат гуруҳларга Мадраимбой, Саъдулла бола, Шокир бола, Мавлонбек ва бошқалар раҳбарлик қилдилар. Хусусан, Кўҳна Урганч, Иляли, Тошҳовуз, Манғит, Қўшкўпир, Чимбой, Қўнғирот ва Тўрткўлда ҳаракат қилган ўнлаб гуруҳлар қизил аскарларга жиддий зарба берди. Жунаидхон бошчилигидаги исёнчилар ҳужумга ўтиб, Кўҳна Урганч, Хўжайли, Иляли ва Тахтани қайта эгаллади, кўплаб қизил аскарларни асир олди.
1921-йил ёзида Қўнғиротда қўзғолон кўтарилди. Бундай кўтарилишлар тез-тез такрорланиб турди. Расмий ахборотларда республика ҳудудида, қумлар орасида «калтаманлар ва босмачилар сонининг ўсиши», уларнинг куч тўплаб жангга кирганлари қайд этилган. Қишлоқ ва шаҳарларнинг аҳолиси уларга хайрихоҳлик билдирган. 1922-1923йилларда олиб борилган жанговар ҳаракатлар қизил армия қўмондонлигини танг аҳволга солибгина қолмай, балки республикадаги сиёсий муҳитга ҳам жиддий таъсир қилди.
Исёнчилар қаторига маҳаллий аҳоли вакиллари, шунингдек Хоразм республикаси ҳукуматининг айрим аъзолари қўшилдилар.
1922-йил апрел ойида Порсу шаҳри ва унинг атрофи қизил аскарлардан озод қилинди. Кўҳна Урганч атрофидаги қишлоқларда шиддатли жанглар бўлди. 1923-йил қишида Питнак, Ҳазорасп, Боғот, Хонқа туманларида деҳқонларнинг қўзғолонлари бошланиб кетди. Қўзғолончилар совет ташкилотларини тугатдилар, қизил аскарларга қарши ҳужумни кенгайтирдилар.
Ҳаракатнинг шиддатли ўсиб боришига хунрезликнинг кучайиши, 1923-йил ёзидан аҳоли қатор қатламларига нисбатан кўрилган сиёсий-иқтисодий тазйиқ чоралари, кўплаб кишиларнинг болшевиклар томонидан қамоққа олиниши ва отиб ташланиши сабаб бўлди. Хоразмда ҳам қизил қўшинлар қўмондонлик буйруғи билан қишлоқларни вайрон қилдилар, тинч аҳолини аямасдан ўлдирдилар. ўзбеклар билан туркманларни бир-бирига қарши қўйиш кучайди.
Хоразм республикасида социалистик тадбирларнинг амалга оширилиши республика марказида оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. Хива атрофида 1924-йил январида 10-15 минг қўзғолончи тўпланиб, шаҳарни қамал қилиши, жиддий талабларни илгари суриши воқеаларнинг чўққиси бўлди. Қўзғолончиларнинг бир қисми шаҳар ичига бостириб кириб, кўча жангларини олиб борди. 26-январ куни кечқурун бўлган муҳораба жанглари айниқса шиддатли кечди.
Қўзғолончилар ўз ҳаракатлари давомида бир қатор зўрликлар ва ғайриинсоний кирдикорларнинг олдини олишга муваффақ бўлдилар. Хива атрофида тўпланган ғалаёнчиларнинг қатъий талаби натижасида гуноҳсиз қамалган маҳбуслар ҳибсдан озод этилдилар. Солиқлар ва ўлпонлар масаласида ҳам ашаддий адолатсизликка, деҳқонларнинг моллари зўрлик билан тортиб олинишига йўл қўймадилар.
Ҳаракатнинг мағлубияти. Хоразмда қуролли курашлар натижасида тажовузкор қизил қўшинларга қатор жиддий зарбалар берилди. Қўмондонлик янгидан-янги ҳарбий қисмларни тўплаб, аэропланларни Хоразмга келтириб, исёнчиларга қарши жангга ташлади. Улар орасида Россиядаги фуқаролар урушида қатнашган, жанговар тажрибага эга бўлинмалар, чунончи, машҳур Будённий қўмондонлиги остидаги сара отлиқ қўшин ҳам бор эди.
Болшевиклар, қизил армия қўмондонлиги ҳаракат раҳбарлари билан ҳеч қандай музокарага киришмай, уларни фақат қурол кучи билан бостириш режасига амал қилиб бордилар. Шунингдек, ҳарбий мунофиқлик, аҳолидан ўч олишни ҳам кенг қўлладилар. Республикада «босмачиликка қарши кураш учун «фавқулодда учлик» (тройка) тузилиб (1922-йил охири), «босмачилар» ва уларга ёрдам беришда шубҳа қилинган юзлаб кишилар олий жазога ҳукм қилиндилар ва 24 соат ичида отиб ташландилар. Шунингдек, туркман қабилалари бошлиқлари ўртасида келишмовчилик ва адоват келтириб чиқардилар, туркманлар ва ўзбекларни қарама-қарши қўйишга уриндилар. Республикада турли миллатлар ўртасида муносабатлар мураккаблашиб, жиддий тус олди.
Аммо ҳийла-найранглар кутилган натижани бермади. Қуролли куч асосий воситага айланди. Чунончи, Хива атрофида бўлган 1924-йил бошларидаги қўзғолонни бостириш учун 4-Актюбинск, 82-Туркистон отлиқ полки ва авиаэскадрилия, Тўрткўлдан қўшимча қизил аскар қисмлари ташланди. Бу кучлар тазйиқи остида қўзғолончилар Хива қамалини тўхтатиб, чекинишга мажбур бўлдилар. Аэропланлардан қумларга чекинганларни шафқатсизларча ўққа тутдилар. Қўзғолончилар ашаддий қирғин қилинди.
Хоразмда ватанпарварлар ҳаракати айрим гуруҳлар томонидан 1935-йилгача давом эттирилди. Бухоро, Хоразм республикалари, умуман, Ўзбекистон ҳудудидаги совет ҳокимияти ва қизил армияга қарши курашлар тарихига якун ясар эканмиз, уларни кенг халқ оммаси, биринчи навбатда деҳқонлар қаҳр-ғазаби, норозилигининг юксак даражага кўтарилганлиги ифодаси деб эътироф этишимизга тўғри келади. Ўзбекистон ХКС раиси Ф.Хўжаев 1927-йилда бу ҳаракатга баҳо бериб, у «шиддатли сиёсий, советларга қарши хусусият касб этди ва бутун ўрта Осиёнинг мавжуд уч республикаси - Бухоро, Туркистон ва Хоразмдаги деҳқонлар аҳолисининг деярли оммавий ҳаракатига айланди...», деб таъкидлади.
Ҳаракатга алоқадор бўлган умумий хусусият бу босқинчи қизил армияни, болшевикларни ватанимиз ҳудудларидан олиб чиқиб кетиш талаби эди. Бу талаб бутун ҳаракат томонидан илгари сурилди. Кейинги мақсадларга келганда кўпчилик ҳаракат раҳнамолари Бухоро ва Хоразм мамккатларида 1920-йилгача бўлган эски бошқарув ва ҳокимиятни тиклашни кўзладилар. Ҳолбуки, эскиликка қайтиш халқ манфаатлари ва демократияга зид эди. Албатта, бу ҳол ўзининг салбий томонини кўрсатмай қолмади. Бухоро, Хоразм республикалари ҳукуматлари қуролли мухолифат ҳаракати билан музокаралар олиб бориш, хунрезликнинг олдини олиш ва янги, демократик тузумларни халқ оммаси манфаатлари замирида ривожлантириш йўлида фаолият кўрсатдилар. Аммо кўпчилик ҳаракат бошлиқлари дунёқарашлари тор бўлганлиги учун кўп вазиятда бу ҳукуматлар билан муроса қила олмас эдилар. Шунга қарамасдан қуролли ҳаракат тарихи совет ҳокимияти осонликча Туркистон заминида ўрнаша олмаганлиги ҳақида гувоҳлик беради ва халқимизнинг бу даврда ҳам мустақилликка интилиши, мустабид тузумга қарши курашганлиги ҳақида далолат беради.