Катқалъа тарих зарварақларида
Қалъанинг ташкил топиши 1947 йилдаги археологик қазилмалар даврида топилган ҳосилдорлик, сув маъбудаси Анахита ҳайкалчаси ва ундан бир мунча кейинроқ Катқалъадан топилган Хоразмшоҳ Артавнинг зарб қилдирган асосий пул бирликлари ҳисобланмиш кумуш ва олтин тангалари билан боғлиқдир.

Уруш ва зўравонликлар бошқа гўшалар каби Катқалъани ҳам четлаб ўтмаган. Қонхўр Чингиз босқини, маҳаллий қуролли тўдалар тўқнашувлари, миллатчи ёвмутлар ҳужумлари қанча замонлар ўтмасин тилдан-тилга, дилдан-дилга китобдан-китобга кўчиб сақланиб келади. Элтузархон даврида имрели туркманларининг бебошликлари авжига чиқади. Улар Бухородан зарур нарсалар олиб келаётган савдо карвонига ҳужум қилиб, ҳамма нарсаларини зўравонлик билан тортиб оладилар. Хон улар билан келишиш мақсадида Кат ҳокими Тангриберганбекни жўнатиб Элтузархон имрели туркманларини ўзига бўйсунишларини ва шу билан бирга олинган барча бойликларни қайтариб беришни талаб этади. Лекин улар Тангриберганбекнинг ўзини ҳам асирга олиб, хонга итоатсизлик қиладилар. Бундан ғазабланган хон уларни жазолашга ошиқади.

Амир Вали оталиқ, Эшим Баҳодирлар исёнчилар устига қўшин тортади. Кўп қон тўкишлардан кейин Кат ҳокими Тангриберганбек ва босиб олинган Бухоро савдогарларининг мол мулклари ҳам қайтариб олинади ва эгаларига топширилади.

Туркманларнинг така қавми ҳам хонлик ва амирликларга қарши исён кўтариб турар эди. Улар 1816 йилда хонга қарши ғалаён билан майдонга чиқадилар. Хон иккинчи марта исёнчиларни янчиб ташлаб, тартиб ўрнатиш учун қирғинбарот юриш бошлайди. Исёнчиларни маҳв этиш юришларида катқалъалик Мулк Омон қўшини қатнашаётган эди. Шу қонли олишувда кўп навкарлар, жумладан лашкарбоши Мулк Омоннинг ўзи ҳам шаҳид бўлади.

Тошҳовуз вилоятида бир неча бор юзага келган норозиликлар ҳам шафқатсизларча бостирилади. 1913 йилда ёвмут Шоммикал Хива хонлигига қарши бош кўтаради. Муҳаммад Раҳимхон унга қарши Шихназарбой ва Моноқ ҳокими Нуржон Ботирни навкарлари билан жангга жўнатади, исён бостирилади. Шу олишувда халқнинг мард ўғлони Нуржон Ботир Мир Оҳун ўғли пешанасидан ўқ тегиб шаҳид кетади.

Шўро инқилоби амал олгандан кейин катқалъалик Қаландар исмли йигит янги тузумга норозилик билдириб, кичик тўда билан қўлига қурол олади, аммо улар НКВД (Ички Ишлар халқ комиссарлиги) томонидан шафқатсизларча маҳв этилади.

Ҳамма даврларда қалъа тарихини ўрганишга қизиқиш ошгандан ошиб бораверди.

Шўро даври. Академик С.П.Толстов, Яҳё Ғуломов ва Исо Жабборовлар қалъа тарихига оид қимматли маълумотларни аниқлаганлар. Жумладан, академик Я.Ғуломов ўз тадқиқотларида Анушахон ҳеч қандай янги канал қаздирмаганлигини балки у ўрта аср манбааларида таъкидланган Буве ва Вадак деб номланган ташландиқ каналларни кенгайтириб, чуқурлаштиргани, уларга Ёрмиш, Шоҳобод деб ном берганлигини қайд этади. Каналлар бўйларида янги шаҳарлар, бешқалъа―Ҳазорасп, Хонқа, Урганч, Кат ва Шоҳобод юзага келади. Каналлар бўйларидаги шаҳарларни Хива атрофига яқинлаштириш ва уларни мустаҳкамлаш Абулғози Баҳодирхон томонидан илгари суриб келинаётган ғоя бўлиб, Жайхундарёнинг ўнг соҳилида гоҳ тошқин балосига гирифтор, гоҳ эса сувсизлик азобини бошидан кечираётган халқни чап соҳилдаги Катқалъага кўчириш ҳам аслида Хива хонлигини мустаҳкамлаш деган гап эди.

Манбааларга мурожаат қиламиз:

«Катқалъа тарихини ўрганишда 1974 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қорақалпоқ филиалининг М.Мамбетуллаев бошчилигидаги археологик отряди (аъзолари–Ю.Манилов, А.Юсупов, Г.Хўжаниёзов) маданий қатламларни очиб, қолган жойларда тозалаш ишларини олиб борди ва шу билан бирга шаҳарнинг стратиграфияси хронологиясини аниқлаш учун икки жойда (шимолий шарқий, марказий қисмда) шурф солинди. Бу тадқиқотларнинг натижалари илмий тўплам сифатида нашр қилинган. Унга кўра шаҳар бой маданий қатламларга ва мураккаб понографик тузилишга эга эканлиги аниқланди. Тадқиқот натижалари шаҳарда тўрт ҳаётий босқичи мавжуд бўлганлигини кўрсатди.

Булар қуйидагилар:

1 – босқич. Милоддан аввалги IV- III асрлар
2 – босқич. Милодий VII–VIII асрлар
3 – босқич. IX–XI асрлар
4 – босқич. XVII–XIX асрлар

Тадқиқотчи олимлар қалъа тарихининг тўрт даврини ўз ичига олган сопол идишлар,тақинчоқлар, пул тангаларни ҳам топадилар. 2005–2007 йилларда шаҳарда археологик тадқиқотларни тарих фанлари номзодлариҚ.Машарипов, С. Давлатов, Қ. Собиров ва Б. Саъдуллаевлар олиб бордилар. Қазиш, тадқиқот ишларига кўра Катқалъада қишқи, ёзги масжид бўлиб, унинг ёнбошидан пахса девор юрилган. Масжидлар пойдевори пишиқ ғиштлардан қуйиб чиқилган. Қишқи масжид ичида меҳрав ва 16 та устун тагкурси борлиги маълум бўлди!

Илмий тадқиқотчилар яна шуларни ёзадилар:

«Масжиднинг шимолий қисмида ёзги масжид ва битта хона ҳамда ташқарига чиқадиган йўлак очиб ўрганилди. Шунингдек бутун девор бўйлаб масжиднинг умумий режалаштирилишини аниқлаш учун тозалаш ишлари олиб борилади. Ёзги масжиддан қишқи залга учта эшик орқали кирилган. Деворлар ва пол ганч сувоқлар билан сувалган. Деразалар ўйма ганч панжаралардан иборат бўлган. Бу ердан асосан XVIII–XIX асрларга оид сопол буюмлар топилди».

Илмий рисолада аввал қалъа атрофи чуқур ҳандаклар, мудофаа деворидан иборат бўлганлиги ҳам қайд этилади. Бу илмий изланишларнинг ҳаммасида Катқалъа Анушахон давридан анча аввал бунёд этилгани асосли равишда қайд қилинган.

Қадим замонларда аҳоли савдогарлик, майда ҳунармандчилик билан шуғуллангани боис қалъа ичида яшаганлар ва унинг ташқарисида деҳқончилик қилганлар. Давр, замон ўтиши билан аҳоли сони ошиб, улар қалъа атрофларидаги ерларда ризқ-насиба етиштириш, чорва моллари асраш билан ҳам шуғулланадилар, ўзларига турар-жой бинолари қуриб ола бошлайдилар – бора-бора қалъада аҳоли сони камая бошлайди.

1920 йил қиш чилласида қизил шўро инқилоби ўрнатилади. Унинг коллектив-жамоа хўжаликлари тузиш сиёсати қалъанинг инқирозини яна тезлаштиради. Қанча асрлар аҳолига иссиқ ошиён бўлиб келган гўша 1964 йилда Отахон Қурбоновнинг Катқалъани ташлаб чиқиши билан қалъа буткул ҳувуллаб қолади. Аҳоли қалъадан узоққа кетмай Катқалъа, Беклар, Олтинқалъа, Кўраклар, Ботирлар, Оқ масжид, Шихлар, Тўқмоқли элатларидан маскан тутадилар. Катқалъа мустақиллик туфайлигина ўзининг қадимги номини топди ва Катқалъа қишлоғи деб атала бошланди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР