Устоз санъаткор хотирасига бағишланди
Хоразм вилояти Шовот туманидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган республика ижодий кўрик-танлови ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қўшиқчилик санъатини равнақ топтириш, унинг анъана ва мактабларини бойитиш, мазкур санъат ривожи йўлида самарали меҳнат қилган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, ижодий фаолиятини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Комилжон Отаниёзов ўзбек қўшиқчилик санъатида ўзига хос мактаб яратган. Устоз санъаткор бетакрор ижрочилик йўли билан миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган. Халқ қўшиқлари, достонлари, Хоразм мақомларини маромига етказиб ижро этган Комилжон Отаниёзов бастакор сифатида ҳам кўплаб куйлар басталаб, ўзбек ашулачилик санъати учун бой мерос қолдирди. У басталаган «Салом сенга, Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиқлар халқчиллиги билан ажралиб туради.

Устоз санъаткор кўплаб шогирдлар етиштириб, эл меҳрини қозонган эди. Хоразм театридаги ижодий фаолияти давомида «Фарҳод ва Ширин»да Фарҳод, «Тоҳир ва Зуҳра»да Тоҳир, «Даврон ота»да Даврон ота, «Гулсара»да Қодир каби ўнлаб образлар яратган.

Эл суйган хонанда хотирасига бағишлаб ўтказилган мазкур кўрик-танловдан кўзланган мақсад миллий қўшиқчилик санъатидаги ўзига хос услубларни кенг тарғиб этиш, бу йўналишда изланаётган ёшлар ижодини санъат ихлосмандларига таништиришдан иборатдир.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилган кўрик-танловнинг мамлакат босқичида 20 нафар яккахон хонанда ва ҳаваскор мақом ижрочиси ўз санъатини намойиш этди.

Биринчи ўринга хоразмлик Анвар Бекчанов ва Акмал Қурбонов муносиб топилди. Иккинчи ўрин Навоий вилоятидан Шерзод Аслонов, Хоразм вилоятидан Набижон Худойберганов ва Шарофжон Матчоновга, учинчи ўрин хоразмлик Артур Озодов, Самарқанд вилояти вакили Далер Саидов ҳамда Тошкент шаҳридан Ферузбек Норматовга насиб этди.

Назокат Усмонова, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР