Алибобо майдонидаги бандаргоҳ
Маълумки, инсонлар азалдан яшаш ва деҳқончилик учун қулай бўлганидан сув бўйларига интилганлар. Қаъла ва шаҳарларниям дарё, арналар бўйларига барпо этишган. Шу боисдан ҳам Амударё бўйларидаги қадимий шаҳарлар аҳолиси азал-азалдан савдо сотиқ билан шуғулланиб келишган. Хитой, юнон, форс манбаларидаги Амул (Чоржўй), Панду (Тупроққаъла), Юенжи (Урганч), Ғарабхашна (Шўрахон-Тўрткўл) шаҳарларининг тилга олиниши айнан дарё бўйларидаги тараққий этган савдо-сотиқ ва кема карвонлари билан боғлиқдир.
1863 йил июн ойида Хива хонлигига келган машҳур венгер сайёҳи Ҳерман Вамбери “киракаш савдо кемаларида Амударёдан кечиб ўтганлигини” ёзиб қолдирганди. Демак, Амударё орқали савдо-сотиқ юкларини ташиш хоразмликлар учун янгилик эмас.
1873 йил май ойидаги чоризм истилоси ва 12 августда имзоланган Гандимиён сулҳига кўра, дарёнинг чап соҳилидаги ерлар Туркистон генерал губернаторлигининг Амударё бўлими ихтиёрига ўтказилганди. Губернатор фон Кауфман шаҳзода Лейхтенберг маслаҳати билан айнан дарё бўйидаги Шўрахонда чор подшолари шарафига Петро-Александровск шаҳрини барпо қилишади.
Шаҳар барпо этиш учун танланган 3227 таноб ер майдонлари дарё соҳилидан 12 чақирим наридаги Матниёз девонбегига қарашли далалар эди. Фон Кауфман янги порт шаҳрининг биринчи “қозиғини” қоқди ва Тошкентга қайтиб кетади. Рус аскарлари ва маҳаллий аҳолидан ёлланган қурувчилар ер ости омборлари, қурол аслаҳа хоналари, касалхона, мактаб, маъмурий бинолар, истироҳат боғи, замонавий кўчалар, универмаг, почта, телеграф, босмахона, саноат корхоналари қуришга киришиб кетишади.
Олдинига губернаторликка қарашли Амударё округи дея номланган бу ҳудуд, 1874 йил 9 мартдан Сирдарё вилоятининг Амударё бўлими дея атала бошлайди. 1886 йилда Амударё бўлими олтита волостьга ажратилади. Петро-Александровск, Шўрахон, Шайх-Аббос, Сарибий, Бийбозор, Нукус Амударё бўлимининг волостлари эди.
Бу волостлар ичида энг тараққий этгани ва европалашгани Петро-Александровск шаҳри эди. Бироқ дарё бўйидаги ушбу шаҳар ва атрофдаги волостлар Амударёда кечган тошқинлар сабаб бир неча бора катта зарар кўради. Масалан, 1881, 1890, 1892, 1904, 1907 йиллардаги дарё тошқини баъзи бинолар ва деҳқончиликга зарар келтиради.
1904 йил 30-31 январ кунлари бўлган дарё музлаб, тошқин кучайиши сабаб 1795 таноб ер, 175 пуд дон, 85 уй, 250 пуд пахта сув остида қолиб кетади. 1905-09 йилдаги тоқин офатларини даф этишга эса 31512 киши сафарбар қилинади. Шундан Шўрахон волостидан 6453 киши 174487 рубллик, Бийбозордан 5566 киши 150294 рубллик иш бажаришади.
Вақт ўтган сари Петро-Александровскда кема қатнови ва флотилия ривож топиб юк ташиш тараққий этади. Флотилиядаги кемалар воҳада етиштирилган юкларни Чоржўйга, у ердан Термизгача етказиб берадиган бўлишади. 20 асрнинг биринчи чорагига келиб флотилиядаги барча кема, қайиқлар сони 1500тага етиб келади. Ушбу кемалар Орол ва Чоржўйдан халқ хўжалиги юкларини ташир, ўз навбатида Россияга пахта, жун, мева, қоракўл тери, балиқ олиб қайтишарди. Амударё флотилиясининг маҳкамаси кема ва қайиқларни таъмирлайдиган устахона, матросларнинг қўниб ўтадиган меҳмонхонасиниям Петро-Александровскда барпо қилишади.
1920 йилда хонлик тугатилиб, ХХР барпо этилгач, флотилия ўз йўналишлари бўйича ишлаб туради. 1923 йилда бўлса Амударё давлат кемачилик бошқармаси ташкил этилади. Бошқарма ихтиёрида Орол денгизидан то Дарғонотагача бўлган кема ва қайиқлар қарашли бўлган. 1953 йилда Амударё давлат кемачилик маҳкамаси Хоразм вилоятидаги Чолиш посёлкасига кўчирилади.
Ушбу маҳкамага қарашли кемалар Чоржўйдан Орол денгизигача бўлган масофада воҳа учун керакли бўлган халқ хўжалиги юкларини ташишган. Мўйноқ-Хўжайли-Гурлан-Чолиш-Тўрткўл-Чоржўйда бандаргоҳ- пристанда кемалар тўхтаб юк туширадиган масканлар бўлган. Гурландаги бандаргоҳ Алибобо майдонида бўлган.
Алибобо деганда кўпчилик Гурланликлар Эшимжирон қишлоғидаги ўтмишда қабристон бўлган ҳудудни тушунишади. Ўша вақтда дарё қирғоғида жойлашган Алибобо, айни пайтда сайлгоҳ вазифасини ҳам ўтаган. Чунки, дарё бўйидаги кенгликларда жойлашган ушбу ҳудуд ғоятда хушманзара, тўқайзорлар билан бурканган, қолаверса дарёнинг нариги қирғоғига олиб ўтиладиган, дарё кемаларида келган юкларни қабул қиладиган пристан-бандаргоҳ ҳам Алибобода жойлашган бўлган. Шу боисдан бу ерда аҳоли ҳамиша гавжум бўлиб, гоҳ у қирғоққа, гоҳ бу қирғоққа ўтувчи, юк қатновчи одамлар билан тўла эди.
Дастлаб Чўболончи қишлоғида бандаргоҳ- пристан қилмоқчи бўлишганида, у ҳудуд чагаланг юмшоқ ер бўлган. Қолаверса дагиш олиб қишлоқни сув олган. Кейин шу вазиятни ҳисобга олиб, бандаргоҳга қулай жой сифатида Эшимжирон қишлоғини танлашган. Чунки, Эшимжирон қишлоғи ерлари сўға, қаттиқ тупроқли ҳудуд бўлгани. Қолаверса бандаргоҳ қурилмасидан олдиноқ Эшимжирондаги Алибобо майдони халқ сайлга чиқадиган хушманзара жой ҳисобланган.
Эшимжирон қишлоғида яшаб келаётган Каримбой ҳожи Файзуллаевнинг ҳикоя қилишича, “Алибобога боришдаги ёпнинг кўпригида ёшларнинг ўзига хос мусобақаси бўлган. Негаки Эшимжирон ва Мойли ўртасида бўлган ёп кўприги баланд бўлиб, Гурландан бораверишдаги асосий йўл шу ердан ўтган. Алибобога борадиган инсонлар от-аравада йўл олишган. Ушбу баланд кўприкдан кимнинг от, араваси бир тезликда ўтишади деган баҳсли мусобақалар шу ердан бошланган.
Алибобо майдони нафақат Гурланликларнинг, балки Шовот, Янгибозорликларнинг ҳам ўзига хос сайл ўтирадиган майдони ҳисобланган. Қолаверса, дагиш олиб, дарё тошқини бўлган пайтдаям, туманнинг бошқа ҳудудларига сув олиш хавфи туғилсада, Эшимжирон, Мойлиовул, Вазирдан ҳеч вақт дарё оқмаган.Дарё тошқин бўлган пайтдаям. Чунки, Эшимжироннинг таги, тупроғи қаттиқ, сўға бўлган. Дарё бўйларида жойлашган бўлсада, кексалар қудуқ қазишганда 30 метрдан сув чиқганини эслашади.Тошдай қаттиқ ер бўлганидан, шу боисдан Вазирда Тошлар деган овул жойлашган.
Алибобога яқин ерда трактор плуг сурганда хумбузлар ўрни бўлган. Хумбуз бўлган ерда элат бўлган, аҳоли яшаган. Ҳаттоки, 1970 йиллардаям дамба оралиғидаги ҳудудда, далаларда баҳорги суриш пайтида Эшимжирондан Вазиргача бўлган ерларда хум, кўза, бадя синиғи кўп топиларди.
Алибобонинг орқа-кунботиш, шимол томонида Хосминор деган минора бўлган. Маълумки, 1219-21 йилларгача-яъни Чингизхон истилосигача Гурланни Хосминор, Дархос дея номлашган. Айнан минораям ҳудуд номи билан Хосминор деб аталган.
1936-38 йилларда археолог Яҳё Ғуломов Хоразмда тадқиқотлар ўтказган пайтдаям ушбу Хосминордан қолган ғиштлар сақланиб қолганини кўрган экан. Муаррих Мақдисийнинг ёзишича, “Катдан (ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний (Шаббоз) тумани назарда тутилмоқда-У.Б.) пастроқда, ундан бир манзил нарида дарёнинг ўнг қирғоғида Хос ёки Дархос деган аҳоли яшайдиган маскан бўлган”.
Академик Яҳё Ғуломовнинг тадқиқотларига кўра, “бу ҳозирги Гурлан шаҳри ёки Гурланнинг ёнига тўғри келади”.
Хива хони, маърифатпарвар тарихчи ва табиб Абулғози (1603-1664) нинг “Шажарайи турк” асарида биз Хостминор деган ҳудудни кўп учратамиз. У бир ерда шу минора орқали Хивадан Катга ўтганлар деса, бошқа бир ерда бу минора унинг акаси Асфандиёрхон шу минорадан то Ҳазораспгача бўлган аҳолини қириб ташлашни буюрганлиги муносабати билан тилга олинади. Абулғози яна бошқа бир жойда 1573 йилда Амударё ўз ўзанини ўзгартирганлигини ва Хосминорнинг юқорироғидан Орол денгизига қараб оқа бошлаганлигини ёзади”.
Питнакдан то Орол денгизигача, умуман олганда Хоразм воҳасининг бутун ҳудудларини 1936-40 йилларда от, эшакда юриб тадқиқ қилиб чиққан профессор Яҳё Ғуломов, Хоразм тарихини, суғорилиш ўтмишини чуқур тадқиқ қилган олим бўлган. У қадимги қўлёзма асарлардаги, архивдаги манбаларни, эшитган, кузатганларини бир-бирига таққослаб илмий хулосалар чиқарган. Шу асосда 1957 йилда русча, 1959 йилда ўзбекча “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” монографиясини чоп этдирган. Яҳё Ғуломов ушбу асарида Хосминорга тегишли маълумотларни синчиклаб ўрганади ва шундай ёзади: “Абулғозининг бу маълумотларидан Хостминор Катдан (Шайх Аббосдан, Шаббоз, ҳозирги Беруний туманининг илгариги номлари-У.Б.) анчагина қуйироқда бўлганлиги, аниқроғи Гурлан ёнида, яъни дарё Катга бурилган жойда бўлганлиги кўринади. Гурлан пристани яқинида, Алибобо мозори ёнида яқингача ҳам катта минора қолдиқлари сақланиб келган. Уни “Хос минораси” дейишган. Дарё суви камайганда сувдан унинг учи кўриниб турган. Сув тошган пайтларда бу ерда кема сузиши хавфли бўлган. Чунки, кўпинча кемалар сувда яширинган минорага урилиб кетган. Қадимдан шу ерда яшаган кишиларнинг айтишича, кемада сузувчи ўзбеклар бу минорани авлиё Алибобо кароматлари билан пайдо бўлган дейдилар. Сўнгги 35-40 йил ичида (Яҳё Ғуломов Эшимжирон, Гурланга 1936-40 йилларда келганини назарда тутсак, минора то 1900 йилларгача сақланиб қолган-У.Б.) минора йўқ бўлиб кетган (яъни минора қурилган жойни дагиш, сув тошқини олиб минора дарёнинг ичида қолиб кетган, баъзи пайтлари дарё чекинганида, Хосминор талафот натижасида бузила бошлаган. Натижада аҳоли минорага ишлатилган ғоятда мустаҳкам, хумбузларда янтоққа пишган чидамли ғиштларни олиб ишлатишган-У.Б.), чунки уни аста-секин бузиб, ғиштини ташиб кета бошлаганлар.Афтидан, Хосминор юқорида айтилган Хосга таауллуқли бўлса керак.
16 асрда дарё ўзанининг ўзгариши натижасида, (яъни 1573 йилгача дарё Оролга эмас, Каспий денгизига қуйиларди-У.Б.) Хостминор дарёнинг чап қирғоғида бўлиб қолади. 16, 17 ва 19 асрларда энг катта кечув Хостминор масканида, тахминан ҳозирги Гурлан кечувида бўлган. Хивадан Катга шундай айланма йўл билан борилгани ажабланарлидир. Балки бу кечув йўл қадимдан бўлиб, бир жойда узоқ вақтгача мустаҳкам сақланиб қолган бўлса керак, қадим ўтмишда бу кечув пойтахтни Маздаҳқон билан боғловчи асосий кечув йўли бўлгандир. Гурлан Амир Темурнинг воҳага қилган юришлари тарихида (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида) эслатиб ўтилади. Ўша вақтда у ўнг қирғоқда жойлашган.
Хосдан 25 км пастроқда Нузкат қишлоғи бўлган. Агар бу қишлоқ Нузворнинг ўзи бўлмаса, у ҳолда Манғит шаҳри жойлашган ерга ёки ундан бироз шарқроқдаги Жумиртов этагидаги Жумир қаъласининг харобаларига тўғри келади”.
Академик Яҳё Ғуломовнинг ана шу тадқиқотларидан ҳам билса бўладики, Алибобо майдони ўтмишдаги тарихий масканлардан бири ҳисобланган.
Каримбой ҳожи Файзуллаевнинг фикрича, ислом дини тарихидаги ҳазрат Алига нисбат берилиб “Алибобо” дея аталган жойга, тарихий маълумотларга кўра, пайғамбарнинг куёви бўлган ҳазрат Али умуман келмаган. Аммо бир қанча жойларда ҳазрат Алига рамзий маънода нисбат берилган қўйимгоҳ, қабристонлар бўлган. Маълумки, вазият тақозоси билан хонлик пайтидаги “йилғинлиқ”, “Тулкилибува”, “Тўранғилик бува” деган қабристонларга хон фармони, муфтий, шайхулисломлар таклифи асосида чорёрлар номи берилган вақтлар бўлган. Эшимжирондаги Алибобо қабристони ҳам айнан шундай бўлган ўтмишда. Алибобо қабристонидаги қубрини 1953-54 йиллардаги дарё тошқини, дагиш олган”.
Гурландаги бандаргоҳда 50 йил ишлаган Файзулла Абдуллаев (1906-1984) нинг ўғли, Каримберган ҳожининг отаси хотираларига таяниб айтишича, дарё бўйидаги Эшимжирон қишлоғининг Алибобо майдонида бандаргоҳ жойлашган. Бандаргоҳда тўхтаган кема-баржаларда Гурлан, Шовот, Қўшкўпир туманларига керакли ҳар турли халқ хўжалиги юкларини туширишган. Шунингдек, ушбу туманлардан қайсидир вилоятга олиб кетиладиган юк, турли маҳсулотлар ҳам Гурлан пристанидан баржаларга юклаб юборилган.
Мавсумга қараб олиб кетиладиган, олиб келинадиган юклар ҳар хил бўлган. К. Файзуллаевнинг айтишича, “Гурлан бандаргоҳида одамлар гузармон, аламчи, тойовчи, салдомчи каби касбларда ишлашган ва флотилия бошқармасидан маош олишган. Гузарман (переправачи) нинг вазифаси юк, одамларни кемада ўтказиш бўлган. Аламчи (сигналшик), дарёда пароход ва баржаларда қатнашиш хавфсизлигини таъминлаш учун кеманинг ҳар томонига кечаси кўк, оқ понус ёқиб қўйган. Кундуз кунлари кемада аламга қараб юрилган. Аламни қазиб қирғоққа ўрнатиб қўйишган. Алам беш-олти метрлик ёоч-симёғочга ўрнатилган. Юқори қисмига оқ ва қизил доскалар ўрнатилган бўлади. Пароход дарғаси шунга қараб кемани ҳаракатлантирган”. Асли Тўрткўллик бўлган, Гурлан бандаргоҳидаги кемаларга дарғалик қилган Қўшим Жуматов (1920 йилда туғилган, 2-жаҳон уруши қатнашчиси) ўз касби ортидан шўро даврида қатор орден-медалларга сазовор бўлган.
Катта кема, баржалар Аралск, Мўйноқ, Чоржўйларга бориб келган бўлса, Қилич Ниёзбой, Шовот, Полвон каналларида кема, переправа, қайиқлар юрган. Гурланга ҳам юклар кемада, қайиқда келтирилган. Шунингдек, Амударёнинг нариги томони, Эшимжирон қишлоғининг рўпарасидаги Бийбозорда чоризм давридан Ураллик маълум бир аҳоли кўчиб келиб яшаган. Уларнинг миллати рус бўлиб, соқол қўйиб юришган, касблари Россиядаги каби бурлакчилик бўлган. Бурлаклар соқол қўйиб юргани учун маҳаллий аҳоли уларнинг масканини Бобойқаъла овули деб аташган. Бобойқаълалик бурлаклар кўпинча дарёдан переправа орқали ўтиб Гурландаги бозорга келиб харид қилиб кетишган. Коллективлаштириш даврида Бобойқаълада ҳам “Будённий” номли колхоз ташкил этилиб, уларга Максим деган киши раис бўлган.
Каримберган ҳожи Файзуллаев (1948 йилда туғилган) нинг эслашича, уларнинг Алибободаги уйи дарё ёқасида бўлиб, бир неча бор дагиш олиб сув тагида қолиб кетган. Алибобо майдонидаги халқ сайли-Наврўз, куздаги ҳосил байрамларига нафақат Гурлан, Манғит, Янгибозорликлар, балки дарё ортидаги Бийбозор, Шоббоз, Тўрткўлликлар ҳам келиб иштирок қилишган.
Чоржўй-Қўнғирот темир йўли ишга тушганидан сўнг, Амударёда кема қатнови ўз-ўзидан иккинчи даражали транспортга айланиб қолди. Бироқ маҳаллий юклар, аҳолининг Чолишдан Шоббозга, Гурландан Бийбозорга ўтиши кемачилик маҳкамаси ихтиёрида қолаверди.
Дарё бўйидаги элатларда бандаргоҳда ишловчи кишиларнинг уйлари бўлган. Юкчи, дарға, аламчи, суйавчи, балиқчи касбларидаги кишилар яшаган маҳалла бўлган. Улар учун айрим баржа-кемалар савдо дўкон қилиниб, ушбу маҳалладагиларга дарё орқали озиқ-овқат, буюмлар арзон баҳода олиб келиб сотилган.
Шу билан бирга айрим бир кема кинотеатр қилиниб жиҳозланган. Ушбу кема дарёнинг ичинда тўхтаб, атрофдагиларни жалб этиш учун ўз даврининг замонавий мусиқаларини қўйиб турган. Кинокемада асосан баҳор, ёз, кузнинг иссиқ кунларида кино қўйилган.
Дарё кўпинча 15 ноябрдан 15 мартгача музлаган пайтлар бўлган. Қишда ҳам дарёда балиқчилик ривожланган. Музнинг қалинлиги ярим метр бўлган. Балиқчилар ва маҳаллий аҳоли тилида “йилов” деган тушунча бўлган. “Йилов”-дарёнинг музламай қолган ҳудуди бўлиб, узунлиги 1 км, эни 200-300 метргача етган. Дарёнинг, ернинг иссиқлиги- буғи шу ердан чиқиб турган. Совуқ бўлсада “йилов”ланган ҳудуд қотмаган. Балиқчилар шу ердан балиқ овлаган. Қайиқни чанага юклаб “йилов”га олиб боришган. Айни пайтда “йилов”-дарёнинг энг чуқур ҳудудида бўлган. Атрофдаги сой сувлар эса музлаб, қотиб қолади.
Дарё бўйидагилар ишлатган яна “санг” деган тушунча ҳам бўлган. “Санг” деганда дарёдаги катта-катта музлар тушунилган. Кўпинча дарё музламасдан олдин “санг”-катта катта музлар оқа бошлаган. Музлар бири устига бири мингашиб қотиб қоларди. Дарё оққан ҳудудда, пароход юрган жойларда, пастдан юқорига қараб “санг” пайдо бўлади. Буни дарё бўйидаги аҳоли “ўкча” дейишган. Яъни дарёнинг қотиши. Дарё музини юқори томонидан пастга қараб бузиб келишган. Муз бўлак-бўлак бўлиб дарёнинг тор ерида тиқилиб қолган пайтлари хавфли саналган. Шу тиқилинч жойда дарё тошқини хавфи бўлган. Бомбачи деган касбдаги руслар муз қалашган ҳудудни бомба ташлаб бузиб юборган.
19 аср охири, 20 асрдаги Хоразм, Қорақалпоғистондаги кемачилик маҳкамаси ва унинг тарих олдидаги, воҳа тараққиётидаги хизматлари, тарихдан ўрин олди. Айнан флотилия, кейинчалик кемачилик маҳкамасидан юзлаб денгизчи, дарёчи-матрослар, кемасозлар, йўл бошловчи дарғалар етишиб чиқдики, уларнинг меҳнат қаҳрамонликлари адабиёт ва санъат вакилларига ажойиб мавзу бўлиши мумкин. Тўрткўл, Чалиш, Беруний, Нукус, Мўйноқ, Гурлан туманларидан Файзулла Абдуллаев, Жумабой Ҳайитқулов, Иброҳим Нурметов, Қўшим Жуматов, Абдуллаев Жуманиёз дарға, Аминбой Ўрозов, Омонбой Каримов, Дурди Ибодуллаевлар сингари ажойиб кема капитанлари, қайиқчи дарғачилар, кемасозлар ўз ишининг моҳир усталари сифатида донг қозонишди. Улар тарих саҳифаларига “Аму бурлақлари”, “Аму заҳматкашлари”, “Порт шаҳар кемачилари” дея ўз номларини муҳрлаб кетишди.