ХIХ асрдаги «Российский» маҳсулотлар
Ҳали, 1873 йилги босқиндан 10 йил олдин—1863 йили Хивага келган венгер сайёҳи Вамбери «Ўрта Осиёга саёҳат» китобида «Хива хонлигида Россиядан келтирилган бирон бир нарса бўлмаган хонадон йўқ» дея ёзганди.
ХIХ аср охирида эса хонлик иқтисодиёти шу тариқа Россиядан олиб келинадиган маҳсулотлар билан ривож топиб, бозорлар савдогарларнинг савдо-пул муносабатларида асосий восита макони эди.
Айниқса, Қўнғирот, Кўҳна Урганч, Чимбой ва Хўжайли сингари бекликларда ҳар куни бозор уюштириш ҳуқуқи хон томонидан берилган бўлиб, пойтахт Хивада эса ҳафтада икки кун—душанба ва жума кунлари бозор бўларди.
Ана шу бозорларни маҳсулотлар билан тўлдиришда эса Хоразмлик савдогарлар тиним билишмаган. Улар энди олдингидек Оренбургга эмас, Россиянинг ички шаҳарларига ҳам бевосита ўзлари маҳсулотлар олиб боришган.
Масалан, 1880 йилнинг ўзида Хоразмлик савдогарлардан етти нафари 9900 пуд пахта, 1210 пуд чорвачилик маҳсулотлари ва 240 пуд ҳунармандлар ясаган турли буюмларни олиб бориб сотишганлар.
Айниқса, Хоразмлик савдогарлардан Хивалик оға-ини Худойбергановларнинг ташқи савдо айланма пуллари 270 минг, Полвонқориники эса 90 минг, Мадримовники 54 минг рублни ташкил қиларди. Шунингдек, Янги Урганчлик Полвон сағирчининг савдодаги айланма пули миқдори 400 минг, Ваисбобоники 200 минг, Ҳажи мисгарники 200 минг, Бобоовулники эса 100 минг, Муҳаммад Шарифники бўлса 70 минг, Бобожон чўлоқ лақабли савдогарники 70 минг, Эшонқоранинг савдодаги айланма пули эса 50 минг рублни ташкил этарди. Ўша вақтда бу пул миқдори катта ҳисобланган.
Айнан рус тилини билганидан Москва, Нижный Новгород сингари шаҳарлардан бориб маҳсулот келтирадиган Ваис баққол, оға-ини Худойбергановлар, Полвонқора ҳамда Гавдонбойларнинг эса хонликда обрўси ғоят катта бўлган. Ушбу савдогарлар Россиядан мовут, қимматбаҳо чопонлар учун парчалар ҳамда читларни келтиришган. Хивалик Полвонқора деган савдогарнинг бир ўзи эса ҳар йили 15 минг рубллик парчани Россиядан олиб келарди.
1880-85 йилларга келганда бевосита Россияга савдо қилиб борган савдогарлар сони тобора ошиб борди ва 1890 йилда улар сони 30 тани ташкил этган. Салимжонов, Одамов, Мустафоев ва Ибрагимов сингари Янги Урганч ва Хивалик айрим савдогарлар, ҳаттоки Россия фуқаролигига ҳам ўтишган, улар Нижный Новгород, Москва шаҳарларидан уй сотиб олиб, маҳсулотларни карвонбошилар орқали юбортириб, тижоратни ўша ёқда турганича бошқариб ҳам туришган.
Россияга бориш учун ХIХ асрда Хоразмлик савдогарлар Хива—Кўҳна Урганч-Сариқамиш—Илонли-Қўнғирот ва у ердан қорақалпоқ чўллари ҳамда қозоқ даштлари бўйлаб Оренбурггача бир ярим ой от, туяларда йўл юришган. Н.Муравьёвнинг «Хива хонлигига ва Туркманияга саёхат» асарида ёзилишича, «Хива хонлиги ушбу йўллардаги 15 жойда 500 навкарни карвонларни қўриқлаш учун ажратарди.»
Бундан ташқари Кавказга бориш, денгизга чиқадиган Хива-Қўнғирот-Ўликқўлтиқ-Манғишлоқ деган 450 км.лик, Хива-Тошҳовуз-Ашхабод бўйлаб 447 км.лик ва Хива-Кўҳна Урганч-Красноводск бўйича эса 600 км.лик савдо йўллари бўлиб, карвондаги савдогарлар ўзлари истаган, кўниккан ва йўлдаги аҳоли жойларидаям савдо қилиб борадиган манзиллар бор эди.
ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларига келиб Хоразмнинг савдосида карвон йўлларидан кўра, Амударё орқали сафарга чиқиш анча арзонга тушар, натижада бу борада сув йўллари ривожлантирилган.
Бу пайтда айниқса бевосита Россиядан келган ва шу ерда ўз фирма, акционерлик жамиятларини очаётган савдогар ҳамда фабрикантлар кўпая бошлашди. Бу борада Рязанов, Ляшин, Ананов, Котин, Третьяков, Малютин сингари миллионер рус савдогарлари Хива хонлигида ўз фирмаларини ташкил этганлар. Бунга асос сифатида 1874 йилда Москва савдогарларининг «Савдо-саноат» ширкати катта рол ўйнаганди.
Улар томонидан хонликда асосан пахта тозалаш заводлари, балиқчилик ва беда тозалаш саноатлари барпо этила бошланганди.
ХХ аср бошларига келганда Россиянинг Иванова фабрикасидан читлар, Баранов фабрикасидан рўмоллар, Кудрин фабрикасининг бўлса оқ читлари, Москвалик ака-ука Сапожниковлар фирмасининг ипак товарлари, «Зингер ва К» фирмасининг тикув машиналари Хоразмда энг харидоргир маҳсулотлар эди.
Шу каби темир идишлар, нефть ва нефть маҳсулотлари, милтиқ ва ўқ-дорилар, аёллар тақинчоқлари, темир кравотлар, граммафонлар, Есентуки ва Нарзон сувлари, тиббиёт дори-дармонлари ҳам аҳоли томонидан Россиядан келтирилган маҳсулотлар сифатида ғоят қадрланарди.
Хоразмдан бўлса Россияга пахта, беда уруғи, қоракўл тери, ипак, кўрпалар, пахта ҳамда ипакдан бўлган чопонлар, қовун, мева қоқлари экспорт қилинган.
Хонликдан Россияга сотиладиган асосий товар пахта хом ашёси бўлиб, уни сотиш йилдан йилга ўсиб борган. «Агар 1887-1896 йилларда ҳар йили 178 минг пуд пахта чиқарилган бўлса, 1906-1916 йилларда ўртача 767 минг пуд пахта сотилганди. 1890 йилларда хонликдан Россияга ўрта ҳисобда 278166 пуд ҳар хил моллар олиб кетилган бўлса, Россиядан Хива хонлигига 23800 пуд турли маҳсулотлар келтирилганди» (Ўзбекистон тарихи, 1956, 323 бет).
Бора-бора Россия капиталининг хонликда кўпая боришидан сўнг Хоразмда нафақат савдо фирмалари, тижорат банклари, агентликлари, савдо омборхоналари ҳам барпо этила бошланди. Каттагина савдо пул айланмасига эга бўлган «Циндал», «Познанский», «Катта Ярославл мануфактураси», «Ака-ука Нобеллар», «Москва савдо-саноат жамияти», «Кавказ ва Меркурий», «Надежда», «Восточное общество», «Российское транспортное общество» каби акционерлик жамиятлари ўз филиаллари ва ваколатхоналарини Янги Урганч шаҳрида очади. Айнан Хивада эмас, Янги Урганчда ваколатхоналарнинг очилганига сабаб, бу шаҳар дарё ёқасида бўлиб, қолаверса Хивага қараганда руслар асос солган Петро-Александровскнинг яқинлигида эди. Шунингдек, бу ерда руслар кўпчиликни ташкил қилиб, европача кўча, меҳмонхоналар, уйлар ҳам пайдо бўла бошлаганди.
Юқоридаги фирма ва жамиятлар, хонлик савдогарлари билан рус судхўрлари ўртасида даллолик вазифасини бажаришар эдилар. Бундай савдо-судхўрлик операцияларида пахта олиб сотувчи пахта заводи эгалари, тарозибонлар бойиб боришардилар. Ана шундай савдо судхўрлик ишларининг вакиллари сифатида Авазбобо Ёқубов, Полвонниёз сигирчи, Матвафо Юсуповлар ўша вақтда донг қозонишганди.
Шу билан бирга савдо пул товар муносабатлари билан баробар кредит банк тизими ҳам ривожлана бошлаганди. Хусусан, Россиялик Козяков эндигина катта тижоратга қўл ураётган Мутразо Хўжабеков, Нурмуҳаммад Бобоев, Ваисбой Ёқубов, Муҳаммадёқуб Юсупов, Искандар Эрниёзов, Нурмуҳаммад Эрназаров каби савдогарларга 1560 рубль миқдорида 1900 йилда кредит бериб турган.
Бундан ташқари, хонликда ХХ аср бошларида банклар ҳам вужудга кела бошлаганди. Чунончи, 1909 йилда Янги Урганчда рус хитой банки бўлими, 1910 йили рус хитой банки ва шимолий банк ҳамкорлигида «Рус Осиё банки», 1915 йилда Сибирь ва Москва савдо банкларининг агентликлари Хоразмда фаолиятини бошлаганди.
Ушбу банклар пахта хом ашёси ва бошқа хом ашё маҳсулотлари етиштировчиларга олдиндан пул тўлаб қўйишарди.
1905 йилдан эса Хоразмда ким ошди савдолари ҳам ўтказилган. Бунда хонқалик савдогар Болтабой Жонибековнинг ўз вақтида қарзини тўлай олмагани учун уйи ва ери аукционга қўйиб сотиб юборилган. Шу каби «синган» яна Хонқа беклигидан Юсуфбой Ҳайитбоев ҳамда Тошҳовузлик П.Кармоновлар қарзга ботганликларидан молу мулкини сотишга мажбур бўлишганди.
Хуллас, ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги савдогарлар ҳаётида Россия билан савдо алоқалари кучайиши билан бирга, ўз вақтида пахта етиштиришга қарз олиб, пахтаси бўлмаганлигидан «синган» савдогарлар ҳам афсуски бор эди.
1914 йилда бошланган 1 жаҳон уруши ва унда Россиянинг иштироки, Хоразм билан бўлган савдо алоқаларига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Хусусан, 1911 йилга нисбатан 1915 йилда дон маҳсулотлари олиб келиш 54 фоизга, кийимлик материаллари 34 фоизга, пахта иплари 48, идиш товоқлар 60, совун 22 фоизга қисқариб, нархларнинг ошишига ҳам олиб келди.
1917 йил октябрдаги давлат тўнтаришидан сўнг эса, Хоразмнинг яқин савдо воситачиси бўлмиш Россия билан алоқалари узилиб қолди. Чунки, Россияда ҳокимият тепасига большевиклар келишган, Хоразмда эса ҳамон хонлик тузуми мавжуд эди.
Пора олган полковник
“Ҳаммаси бўлиб, полковник Колосовскийга 187000 сўм бердим”, дея изоҳ берди махфий хизмат бошлиғига Исфандиёр. У полковникка бўйсунадиган оддий зобит, ё фуқаро эмас, балки Хива хони—давлат раҳбари эди. Қолаверса, император Николай II унга генерал-лейтенант унвонини берганди. Хўш, генерал бўлган шахс қандай сабабларга кўра оддий бир полковникка пора берган?
1873 йил Чор Россияси Хива хонлигини забт этгач, Гандимиён шартномасига кўра, Амударёнинг ўнг соҳилидаги ерлар рус подшоси ихтиёрига ўтди. Туркистон генерал- губернатори фон Кауфман қаъла учун жой танлаб, шаҳзода Лейхтенбергнинг таклифига кўра, янги шаҳарга Петро-Александровск, деб ном берди. Тезда бу шаҳарда ҳарбий гарнизон, шифохона, мактаб, пиво ва ёғ заводи, босмахона барпо этилди. Петро- Александровскда “ҳар қандай хавф-хатарнинг олдини олиш учун 1,2,4 ва 8 казак полклари, ўқчи дивизия, тоғ артилеррия дивизиони соқчилик қилар, замбараклар Хива хонлигига қаратиб қўйилганди” (“Туркестанский сборник”, 75 том, 49 –бет).
Чор Россиясининг Амударё бўлими бошлиғи императорнинг энг ишончли амалдори ҳисобланиб, унинг зиммасига Хива хонлигини мунтазам кузатиб туриш топширилган эди. Шу боис фон Кауфман бўлим бошлиғига ёзган махфий мактубида, “Хива хонлигида бўлаётган воқеалардан кўз-қулоқ бўлиб туриш, Амударё музлаган пайтда Ғазовот, Замахшар орқали ўтиб ёвумудларга зарба бериш лозим” лигини уқтирганди. (ЎЗМАРДАВАРХИВ, 11 фонд, 3 тасвир, 264 дело, 3 бет).
Ваколатига Хива хонини назорат қилиш топширилган Амударё бўлими бошлиғи қилиб тайинланган ҳарбийларнинг аксарияти полкованик унвонига эга бўлган: Иванов, Глушановский, А.Самсонов, Дрягин, Ликошин, Колосовский. Ушбу полковниклар ўзларини, ҳатто, Хива хонидан ҳам устун, мутлоқ ҳоким санар, у билан менсимай муомилада бўлишарди. Айниқса, 1913-1916 йилларда Амударё бўлими бошлиғи бўлган полковник Колосовский империя марказидаги бошбошдоқлик, 1-жаҳон уруши сарсонгарчилигидан фойдаланиб, бойиш исканжасига тушди. У ҳатто, Хива хонидан ҳам пора оларди.
1916 йилнинг 16 октябрида бевосита Петербургга бўйсунувчи рус махфий сиёсий полицияси—Туркистон район муҳофаза бўлими (ТРМБ) бошлиғи, полковник Волков, Хива хони Исфандиёрхонни қабул қилади. Зеро, бу пайтга келиб, хонликни назорат қилиб турадиган Амударё бўлими бошлиғи, полковник Колосовскийнинг порахўрлиги императорнинг ҳам қулоғига бориб етган эди. У 1916 йил март-июл ойларида мардикор олиш баҳонасида, Тўрткўл волости бошқарувчиси Қозоқбой Абубакировдан 20 минг рубл, Шўрахондаги Шибикли жамияти катхудоси Давлатмурод маткариммовдан 351 тилла пора олиб, эвазига йигитларни мардикорликдан олиб қолганди. Бу эса оқ подшога қарши халқ қўзғолонининг келиб чиқишига сабаб бўлди. Натижада махфий полиция порахўр полковникнинг қинғирликларини ўрганиб чиқди.
Колосовскийга пора берганлар қаторида Хива хониям изоҳ ёзиб бериш учун чақирилди. У махфий полиция бошлиғига бу тўғрида қуйидагича изоҳ беради: “Полковник Колосовскийга берган пулларим вақтини аниқ ёзмаганман, лекин дафтарчамдаги ёзувларда акс этганларини оғзаки баён этгаман. 1915 йил бошида полковник Колосовскийга Матвафо орқали 5000 рубл бердим. Ўша орқали унга яна 5000 рубл жўнатдим. 1915 йилнинг иккинчи ярмида Матвафо ишдан бўшатилганидан сўнг Колосовскийга Абдуллахон орқали 5000 рубл бериб юбордим. 10 кундан кейин эса Матвафони биринчи вазир сифатида қайта мансабга тайинлаганимдан сўнг Колосовский яна шахсан ўзимдан 10000 рубл олди. Матвафо полковникнинг мендан тулпор олиш истаги борлигини хабар қилди, шунда Матвафо барча отларимни унга кўрсатишни буюрди. У ўзига икки отни олди. 1916 йилнинг қишида мен рус армияси зобитлари ва аскарларига пўстинлар совға қилганимда, Матвафодан Колосовскийга нимани тортиқ қилиш лозимлиги ҳақида сўраганимда, у полковник нарсадан кўра пулни афзал кўришини айтди. 1915 йилнинг ноябрида полковник хотини билан олдимга келганида, ҳар бирига пўстин учун 2000 рублдан, ҳаммаси бўлиб 4000 рубл тутқаздим.
Матвафонинг маслаҳатига кўра, Колосовскийнинг хотини учун Москвадан бриллиант исирғалар буюртирдим ва шахсан унга топширдим. Исирғалар 4000 рублга тушди. Полковникнинг хотини ўша 1915 йили кетадиган бўлганида унга йўл харажати, деб 1000 рубл тутқаздим. Матвафо Колосовский менинг олдимга келиб-кетиб юрганидан хафа эканлигини билиб, 1915 йил охирида унга 5000 рубл юбордим. 5-6 кундан сўнг Колосовскийга шахсан 5000 рубл бердим. 10 кундан кейин яна 5000 рубл тутқаздим. Бир неча кундан сўнг Матвафодан Колосовский яна мендан умидворлигини эшитиб, 5000 рубл бердим. Бир неча кундан кейин Матвафо менга полковник Колосовский оз пулга қаноат ҳосил қилмаганини айтгач, полковник Колосовскийга шахсан 20000 рубл тутқаздим.
Шу йил бошида ёвмудлар Хива қаъласи остонасида жанг қилаётганида Колосовскийнинг илтимосига кўра, шахсан унга 5000 рубл топширдим. Генерал Галкин туркманларни тинчлантириб, Хивадан жўнаб кетгач, полковник Колосовский Матвафонинг укаси Абдураҳмон орқали менга ўзининг бу ерда бўлишидан фойда кўриш ниятини айтганидан сўнг мен унга Абдураҳмон Баққолов орқали 30000 рубл юбордим. Кисловодскийга кетишимдан олдин икки кун илгари полковникка икки бойлам пул: бирида 25000 рубл, иккинчисида 50000 рубл—ҳаммаси бўлиб, 75000 рублни Абдураҳмон Баққолов орқали жўнатдим. 1916 йилнинг ёзида Кавказга кетишимдан бир кун аввал полковник Колосовский олдимга хотини ва қизи билан хайрлашувга келганида унинг қизига 3000 рубл совға қилдим. Ҳаммаси бўлиб Полковник Колосовскийга 187000 рубл бердим”.
Берган пулларини яширмай батафсил айтган Исфандиёрнинг изоҳини Мамедов таржима қилади. Ушбу ҳужжатга махфий полиция бошлиғи, полковник Волков ҳамда таржимон Мамедов имзо чеккан.
Эътиборлиси шундаки, ўша 1916 йилда 5 тийинга товуқ, 15-20 рублга эшак, 30 рублга сигир, 60-70 рублга от берган пайтда Исфандиёрнинг полковник Колосовскийга берган 187000 рубли нақадар катта пул эканлигини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Порахўрлик ботқоғига ботган полковник Колосовский империя махфий полицияси текширувидан сўнг ишдан олинади ва Россиянинг ички губернияларига хизматга юборилади. Бу орада 1917 йилдаги долғали давр бошланиб, эр-хотин Колосовскийлар Русияда ҳалок бўлишди. Улар йиққан молу-мулк ҳам талон тарож бўлиб кетди. Полковник Колосовский тарихда фақат порахўр, деган ном билан қолди, холос.
Исфандиёрхон бундан ташқари Россиянинг яна кўплаб амалдорларига ҳам пора бериб турган. Масалан, у 1911 йилда 40 нафар амалдорлари билан Петроградгадга борганида олтин, кумушдан қилинган ашёлар, туркман гиламлари ва зотли отларни олиб кетиб, уларни император Николай II га совға қилган.” Ушбу сафарига хон Хивада 3 ой тайёргарлик кўриб, Хоразм усталарига Тозабоғда сафар учун совғалар тайёрлатади. Улар кумушдан ишланиб, тилладан жило бериб безатилган хум, қумғон, самовар, кўзалар; 18 дона тилладан жило бериб безатилган қилич; 18 дона тиллодан жило бериб безатилган пичоқ, дастаги қимматбаҳо тошлар билан безатилган 9 дона тож; 18 та ёвмут зотли отлари; 18 та кумушдан жило берилган ёки кумушдан қилинган отнинг эгар-жабдуқлари; 40 та катта ҳажмдаги ёвмут гиламлари; булардан ташқари Император министрларига, Туркистон генерал губернаторига ва Николайнинг ўғлига алоҳида махсус совғалар тақдим қилган.” (ЎзМардавархив, 125 –И-фонд, 1-рўйхат, 609-иш, 78-79-варақлар).
Шунингдек, Исфандиёрхон ўша сафарида Николайнинг ўзига 100 минг рубль ва ўғлига 200 минг рубл тақдим қилади.
Бундай турли йўсиндаги асли пора бўлган совға ва хайрия аталмиш туҳфалар кўп йиллар давом этган. Масалан, “Исфандиёрхоннинг 1910 йил августидан 1916 йил октябрига қадар Тошкентдаги благовотрительный жамияти, Туркистон телеграф жамияти, Тошкент кадет корпуси каби ҳар хил жамиятларга ва Туркистон генерал губернатори, ҳарбий министр номларига телеграф орқали юборган пуллари 220 минг 450 рублни ташкил қилган.” (ЎЗмардавархив, 461-и-фонд, 2-рўйхат, 1899 а-иш, 367-варақ).
Хива хонининг бундай туҳфалари йилдан йилга ортиб, ундан таъма қиладиганлар орасида амалдорларнинг нафақат ўзлари, балки хотинлари ҳам бор эди. Жумладан, “Россия-Осиё банкининг Янги Урганчдаги бўлимига вазири Исломхўжа орқали 1911 йил декабрида Петроградга-генерал Цейло номига 2 минг рубл, 1914 йил апрелида ўз номидан Петрограддаги ҳарбий министр Сухомлиновнинг хотини (Сухомлинова) га 40 минг рубл, шу йил ноябрида Колосовский орқали генерал Галкинга 3 минг 200 рубл ўтказган” (юқоридаги архив, ўша иш, 382 варақ).
Умуан олганда Исфандиёрнинг берадиган пораларига ўрганиб қолган генерал губернаторлар ундан “1911-1916 йилларда (бу вақт ичида уч-тўрт киши Туркистон генерал-губернатори бўлган) 257 минг рублдан ортиқ пулини олишган”. (ўша архив, 88-91, 7, 332 –варақлар).
Булар фақат баъзи архив маълумотларида қайд қилиниб қолган ҳужжатларда акс этган пулларгина холос. Исфандиёр эса бундан бошқа яна кўплаб олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган турли буюм ва ашёлар, зотли отларниям туҳфа қилиб турган. Шунингдек, нафақат амалдорлар, балки олийнасаб рус князлари ҳам хондан совға олишган. Масалан, “хонлик еридан катта ер майдонларини сотиб олган князь Андрониковга, 1913 йилда Исфандиёр ҳадя қилган совғалар ичида кумушдан ясалиб, тилладан ва брилиантдан безак берилган кўплаб ашёлар, қилич ва ханжарлар, 20 та туркман гилами бўлган.” (ўша архив, 17 рўйхат, 957-иш, 1-варақ).
Ана шу фактлардан келиб чиқиб савол туғиладики, Хива хони, генерал Исфандиёр нега Хоразмдек бир давлат ҳукмдори бўла туриб пора берган?
Маълумки, 1873 йилдаги чор империяси истилосидан сўнг, Хива хонлиги мустамлакага айланганди. 1910 йилда тахтга чиққан Исфандиёр эса бевосита император фармони билан тасдиқланган бўлсада, Петро-Александровскдаги Амударё бўлими ва хон саройидаги амалдорлар хоннинг феъли ожизлиги, кўнгилчанлигидан фойдаланиб, шоир бўлган Исфандиёрни қўғирчоқ хон даражасига олиб боришди. Улар турли фитналар қўзғаб ўзлари бойиш исканжасига тушган, бу йўлда улар олдига тўғаноқ бўладиган, масалан, бош вазир Исломхўжадек ислоҳатчиларни турли йўллар билан ўлдириб юбориш даражасига борардилар. Исфандиёр эса табиатан ишратпараст бўлганлиги учун, тахтда ўтириб, аксарият вақтини машиатпарастлик билан ўтказар, унинг айниқса, Исломхўжанинг 1913 йилдаги ўлимидан сўнг тахтда ўтириб ишратни ўйлашдан бошқа мақсади бўлмай қолганди. Шундай вазиятда, унинг тахтига исёнкор ёвмудлар, жадид ислоҳатчилар таҳдид солаётган ҳолат эди. Шу боис, у тахтдан ажралмасликни ўйлар, тахтдан тушса омон қолмаслиги аниқ эди. Ана шу туфайлиям у амударё бўлими бошлиғига, Туркистон генерал губернаторларига, империя ҳарбий министрига, ҳаттоки Николайнинг ўзигаям совға шаклидаги поралар бериб, шулар билангина тахтда жон сақлаб ўтирарди.
Исфандиёрнинг ожизлиги ва ишратпарастлигини билиб олган Амударё бўлими бошлиқлари ва Хоразмга келган турли амалдорлар шу сабабдан хондан таъма билан пулларини талаб туришарди. Масалан, генерал Галкин Хивадан хонга қарши қўзғолон кўтарган исёнчиларни Тошкентдан келиб жазолагач, кетиш олдидан Хива хонидан 30 минг рубл пул олган. (Ўзмардавархив, 461-И-фонд, 1-рўйхат, 1899, 88-91-варақлар).
Бундан ташқари, хон Колосовскийга наслдор отлардан иккитасини 1916 йилда совға қилади. Генерал Цейлга эса 1912 йилда тилла гардишли қилич, пичоқ, тилла портсигар, генерал Галкинга ҳам қимматбаҳо тошлар билан гардишланган қилич, тилла гардишли пичоқ ва тилла портсигар совға қилади.
Хонликнинг энг очофат, ишратбоз ва империя амалдорлари билан “ош-қатиқ” бўлган, ўртада олди-берди қилган, ўзи эса шунинг орқасидан ғоят кўп даромад орттирган Матвафо Баққолов, “полковник Колосовскийнинг хонликка келганидаёқ ўзининг шахсий фойдасини кўзлаганини” айтиб ўтган. (юқоридаги архив, ўша иш, 72-89 варақлар).
Буларнинг бари, хоннинг амалдорлар ва императорга тинимсиз пора беравериши эса халқдан йиғиб олинадиган солиқ ҳисобига эди. Яъни у халқ ризқи эвазига ўз жонини сақлаб тахтда ўтирган. Бироқ… бироқ бу узоққа бормади. 1916 йилда очофат бош вазири Матвафо Баққолов, 1918 йил кузида эса Хива хони Исфандиёр исёнкор ёвмудлар томонидан бўғизлаб ўлдирилди…