Хоразм вилоятидаги Шовот туманини шоирлар маскани десаям бўлаверади. Негаки, 2001 йилда “Хоразм” нашриётида чоп этилган “Шовот мавжлари” тўпламига 60 нафар китоблари нашр қилинган шоирларнинг ижод намуналари киритилганди. Орадан ўтган 14 йил ичида Шовотлик шоирлар сафи ортиб бормоқда. Албатта адабиёт, санъат ишлаб чиқариш фабрикаси эмаски, маҳсулот сон билан ўлчанса. Аммо адабиётда воқеа бўларли, тарихда из қолдирган, қолдиришга муваффақ бўлаётган ижодкорлар, инсонлар Шовотда шукрки кўп.
Маълумки, Шовот тумани-вилоятнинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган. 1926 йилнинг 29 сентябрида ташкил этилган. Майдони 0,46 минг км2. Аҳолиси асосан ўзбеклар, шу каби қозоқ, туркман, рус, татар, корейс, қорақалпоқ ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Туманда 1 шаҳарча, 11 қишлоқ фуқаролар йиғини бор. Маркази-Шовот шаҳарчаси.
Шовот-шоҳобод атамасининг қисқарган шакли. 1681-82 йиллари Хива хони Анушахон томонидан барпо этилган Шоҳобод арнаси (канали) ва шу арна бўйидаги қаъла ҳам Шоҳобод дея аталган. Туман ҳудудидаги Кат, Воянган сингари қаълалар тарихи эса милоддан олдинги даврларга бориб тақалади.
Шовотдан Ниёзмуҳаммад шайх, Отаниёз охун, Нуржон Ботир (адиба Саломат Вафонинг бобоси), Юнус Айёмий, Комилжон Отаниёзов, Баҳром Рўзимуҳаммад, Баҳодир Содиқов сингари адабиёт ва санъат вакиллари етишиб чиққан. Шу билан бирга 2-жаҳон уруши қаҳрамони Раҳим Авазмуродов, меҳнат қаҳрамонлари Карим Раҳимов, Оводон Дўсова, Зариф Раматов, академик Азимбой Саъдуллаев, Ўзбекистон Халқ бахшиси Қаландар Норматовлар ҳам Шовот номини улуғлаган инсонлардан ҳисобланишади.
Ана шу сафдаги инсонлар сафида эса Хива қишлоқ хўжалик техникумини битириб бир неча йиллар “Шовот” совхозида зоотехниклик қилган Болтабой Бекматов ҳам бор. Асли Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти Мойлижангал қишлоғида 1958 йилда туғилган Болтабой ака 1981 йилда техникумни битиргач, Шовотдаги фермада ишлай бошлаган, аммо мунтазам шеърлар битарди.
Шоирнинг дўсти Баҳром Рўзимуҳаммад айтганидек, “биз хаёл деганда ўй-фикр оқимини ёки тасаввур қилиш амалини тушунамиз. Аммо, хаёлнинг мазмуни биз ўйлагандан ҳам кенгроқ бўлиши мумкин. Чўлпон: “Ёлғиз хаёл гўзал”, деганида балки руҳиятдаги сир-синоатли дунёнинг олис уфқларини назарда тутгандир? Не бўлганда ҳам шоир қавми хаёл бандалари ҳисобланишади. Шу боис кам хаёл сурадиган кишиларнинг, шоирлар-сал жиннироқ, телбароқ…дейишларини оғринмасдан қабул қилиш жоиз. Болтабой Бекматов ҳам бир замонлар “ туппа-тузук одам” эди.
Ҳа, Баҳром ака айтганидай фермада зоотехник қилаётган, касби ортидан обрў топаётган инсонга шу боисдан совхоз раҳбарияти уй беришган, Шовотдаги энг довруқли зоотехник сифатида довруқ таратаётганди. Бироқ болалигидан китобга ошно бўлиб ўсган Болтабой Бекматов шеър қоралаб турар, туман газетасига шеърларини олиб борар, ҳатто ўзича китоб “тахлаб” қўйганди. Агарки, Баҳром Рўзимуҳаммад 1983 йилда ТошДУни битириб Шовотга қайтмаганида, Болтабой ака ҳалиям Шовот туман ветеринария бўлимида ишлаб юрган бўлармиди, хуллас бу ҳақда Б.Рўзимуҳаммаддан эшитинг:
— Университетни тамомлаб Тошкент шаҳрида қолишни ният қилгандим. Иложи топилмади. Қишлоққа қайтдим. Бир амаллаб туман газетасидан иш топиб беришди. Тошкент ҳавосига кўниккан мендек ёш журналистга “фақирона” таҳририятда ишлаш ёқмас эди, албатта. Шундай кунлардан бирида иш столим ғаладонини титкилаётиб битта “китобча” топиб олганман. Қўлда ясалган, муқоваланган “китобча”га “Болтабой Бекматов” деб ёзиб қўйилган. Муқовани очарканман миямдан: “Болтабойлардан янгилик кутиб бўлмайди” қабилидаги фикр ялт этиб ўтиб кетди. Чунки, Болтабой — анъанавий бир исм. Бу исм эгалари одатда ўта консерватор бўлишади. Шеърларини ўқидим. Чиройли шеърлар экан. Ноанъанавий усулда битилган. Сўнг таажжубландим. Шовотда шундай тап-тайёр шоир яшаётган экан-у мен билмай юрган бўлсам. Бўлим мудири Тозагул опадан уни сўраб-суриштирдим. “Шовот совхозида, чорвачилик фермасида ишлайди. Зоотехник. Ҳар замонда бир келиб туради”,-деди. Шоирнинг келишини ҳам кутиб ўтирмасдан қишлоғига бордим. Йўқ экан. Сўнг унинг ўзи таҳририятга ташриф буюрди. Танишдик. Шундай ёқимли тасссуротлар таъсирида газетамиз қошида “Нилуфар” клубини ташкил этдик. Истеъдодли шоир ва ёзувчиларнинг шеър ва ҳикояларини ёритардик: фотоэтюдлар бериларди. Хуллас, битта саҳифани туман адабий муҳити кўзгусига айлантира олдик. Болтабой оғанинг шеърлари ҳам нашр этиладиган бўлди.
Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи вазифасида ишлаётган Матназар Абдулҳаким ишларимизни қўллаб-қувватлади. Оз вақт мобайнида бизнинг устозимизга, нафақат устоз, балки суянч тоғимизга айланди. Шу аснода Болтабой оғанинг битиклари Тошкент адабий доираларида ҳам эътибор топди. Жиддий устозлардан биридан: “Зоотехникнинг шеърларидан юборинг” қабилида мактуб олдик. Сўнг Матназар ака: “Болтабойнинг фикрларини бузамиз”,-деди. Хуллас, зоотехникни ола сигирлару семиз ўтлар дунёсидан айириб, Москвага жўнатишди. М.Горький номидаги Жаҳон Адабиёти институтига кириб ўқиди.
Ҳа, Матназар Абдулҳаким, Баҳром Рўзимуҳаммад ва Тошкентдаги жиддий устозлари таъсирида Болтабой Бекматов фермадаги зоотехниклик касбини ташлаб Москвада таҳсил олди. Бу пайтлари у оилали бўлиб, фарзандлари камол топиб бораётган, қолаверса, Горбачёвча қайта қуриш сабаб миллий республикаларда уйғониш ҳаракатлари бошланган кезлар эди. Бироқ Москвадаги Жаҳон Адабиёти институти одатий анъанага кўра ўз бағрига шоир ва ёзувчиларни қамраб олганидан, талабалар АДАБИЁТ оғушида эдилар. Шу тариқа 1986-92 йилларда Болтабой Бекматов институтда таҳсил олиб, қадрдон Шовот туманига қайтиб келди.
Шундан сўнг 1992-95 йилларда Тошҳовуз вилоятининг “Дўстлик байроғи газетасида мухбир бўлиб ишлади. 1995-99 йилларда эса “Хоразм” нашриётида бош муҳаррирлик қилди. 1999 йилдан кейин Шовот тумани маънавият ва маърифат маркази раҳбари, вилоят маънавият тарғиботи марказида, ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида консультантлик қилди. Айни пайтда “Хоразм” нашриётида ишлаяпти.
1992 йилда “Алвон учқунлар”, 1993 йилда “Сени кўргим келади”, 1996 йилда рус тилида “Цветок в хрустальной вазе”, 2012 йилда “Биллур гулдон” шеърий тўпламлари нашр этилган. Республикамиздаги кўплаб газета-журналларда ижод намуналари ёритилган шоирнинг рус тилидаги тўпламига москвалик таниқли шоира Татьяна Бек сўз боши ёзганди. Алберьт Вазихов, Иван Новицкий, Татьяна Бек, Матназар Абдулҳаким сингари шоир ва адабиётшунослар Болтабой Бекматов шеърларини рус тилига таржима қилишган.
Шу билан бирга шоирнинг ўзиям Афанасий Фет, Иван Новицкий шеърларини, Пушкинннинг “Моцарт ва Сальери” (кичик фожиа)сини ўзбекчага ўгирган. Таржимада Пушкинга хос шиддат шундоққина мавжланади, жилва қилади:
Ким ҳам айтоларди: Сальери мағрур,
Разил бир ҳасадгўй, ерга топталган,
Тупроқ чайнаётган ожиз илон деб?
Ҳеч ким…Лекин энди-чи, ўзим айтаман.
Энди мен ҳасадгўй. Ҳасад қиламан,
Чуқур изтиробда қиламан ҳасад.
Бу қабилдаги таржималар мутаржимнинг сўз руҳини сезиш лаёқатини ҳам тасдиқ этади. Пушкинни Пушкин даражасида ўзбекчалаштириш учун худо марҳамати ҳам даркор,-дейди Баҳром Рўзимуҳаммад Болтабой аканинг таржимонлик маҳорати ҳақида.
Москвада таҳсил олган, Россия ижодкорлари орасидан кўплаб дўстлар орттирган Болтабой ака баъзан бепоён кенгликларни, у ердаги ижодий муҳитни соғиниб туради. Баъзан бориб дўстлари билан учрашгиси келади, талпинади. Бироқ касби зоотехник бўлган Болтабой ака уйини, аёлини, молларини ташлаб узоққа кетолмайди. Шу боис шоирнинг ўрнига, учта ўғли бугун дадаси таҳсил олган бепоён кенгликларда меҳнат қилишмоқда. Сал кам 50 км Шовотдан Урганчга муҳаррирлик қилиш учун борадиган Болтабой ака, баъзан дўсти Баҳром ака айтганидай, автобусда ўтириб хаёл сурганича, қўл телефонига СМС тарзида шеърлар битарди. Шукрки, ўғиллари планшет, “Тико” олиш учун пул жўнатишди. Энди Болтабой акани баъзан Шовотдан Урганчга машинада қатнаб ишлаётганини, нашриётда ўтирганича шеърларини планшетда ёзаётганига гувоҳ бўламан.
Қуйида Шовотлик шоир акамиз Болтабой Бекматовнинг планшетга ёзилган шеърларидан намуналарни тақдим қиламан.
Умид Бекмуҳаммад
Болтабой Бекматов. Шеърлар (юклаб олиш PDF 158 Kb)