Ҳазорасп ― Хоразмнинг жанубий қалқони
Ҳазорасп қалъасининг қурилиши ҳақида бир қатор афсона ва ривоятлар мавжуд. Хусусан, қалъанинг дастлабки даврдаги тарихи яхудийларнинг тўртинчи подшоси ― Соломон (Сулаймон) номи билан боғланади. Тарихий манбаларга қараганда Соломон подшо Давид (Довуд) нинг ўғли бўлиб, мил. олд. 1015–975 йилларда, яъни 40 йил тахтда ўтирган.

Хоразм воҳаси ҳаётида жуда катта роль ўйнаган Ҳазорасп қалъаси бир вақтлар катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий марказ бўлган. Қалъанинг қачон барпо этилганлиги ҳақида аниқ ёзма маълумотлар сақланиб қолмаган. Ҳаттоки, қадимшунос олимларимизнинг кўп йиллик археологик тадқиқотлари ҳам бирорта аниқ хулоса чиқаришга асос бўла оладиган далилни бермади. Шунга қарамасдан, зардуштийлик динининг дастлабки муқаддас олови ― “Атураспенд” ёқилган қалъанинг тахминий ёши ― 3000 йилга яқин деган фикрлар илгари сурилмоқда.

Ҳазорасп қалъасининг қурилиши ҳақида бир қатор афсона ва ривоятлар мавжуд. Хусусан, қалъанинг дастлабки даврдаги тарихи яхудийларнинг тўртинчи подшоси ― Соломон (Сулаймон) номи билан боғланади. Тарихий манбаларга қараганда Соломон подшо Давид (Довуд) нинг ўғли бўлиб, мил. олд. 1015–975 йилларда, яъни 40 йил тахтда ўтирган. Ўта билимдон ва тадбиркор Соломон ўз давлати сарҳадларини кенгайтирган. У Хоразмга келган вақтида булоқлардан сув ичаётган қанотли отларни кўриб ҳайратга тушган. Шунда у Сомон исмли девига булоқлар сувига оғу солиб, отларни ушлаб олиш ва қанотларини кесиб, хонакилаштиришни буюрган. Сўнгра подшо булоқлар (улар этнограф М.В.Сазонованинг маълумотларига қараганда 5 та бўлган) атрофини баланд девор билан ўраб, қалъа барпо этишни буюрган. Қалъага эса Хазорасп, яъни “минг от” деб ном берилибди. Кейинчалик маҳаллий халқнинг тилида ушбу қалъа «Дев солған» номи билан юритила бошланган. Демак, ўтмишда тўқилган афсона ва ривоятларнинг бироз бўлса-да ҳақиқатга яқин асоси бор деб қаралса ― Ҳазорасп қалъасининг ёши салкам 3000 йил эканлиги яққол кўзга ташланади.

Этнограф ва ўлкашунос тадқиқотчилар шаҳарнинг номи афсонавий отлар билан эмас, балки шу ерда қачонлардир яшаган «хазор» ва «ос» қабилаларининг номи билан боғлиқ деган ҳақиқатдан узоқ бўлмаган фикрни илгари сурмоқдалар. Чунки шу кунгача сақланиб қолаётган ва қалъа яқинидан ўтадиган ариқнинг номи ҳам «Ҳосоёп» деб айтилади ва у бир неча минг йил илгари ос қабиласи ерларини сув билан таъминлаган.

Ҳазорасп ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги авлодлардан қолган ёдгорликлар» асарида келтирилган. Машҳур тарихчи ат-Табарий 712 йилда араблар истилосига учраган Хоразмда учта йирик шаҳар — Қот, Гурганж ва Ҳазорасп бўлганлигини қайд қилган. Яна бир йирик араб тарихчиси ал-Истаҳрий қалъа яқинидан бир нечта ариқлар оқиб ўтади ва улардан бирининг номи Ҳазорасп эканлигини таъкидлаган.

Ҳазорасп қалъаси Хоразмнинг жанубий дарвозаси бўлибгина қолмасдан ҳарбий-стратегик истеҳком ҳам ҳисобланган. Воҳанинг жанубидан келаётган ҳар қандай ёвга даставвал шу қалъа қаршилик кўрсатган ва жуда кўп ҳолларда Хоразмни истило қилишга кучи етмаслигини билган душман шу ердан орқага қайтишга мажбур бўлган. «Тарихи Жаҳонгўша» номли катта асар муаллифи бўлган Жувайний: «Ғазнавийлар давлати бошлиғи Султон Маҳмуд ўзининг Хоразмга қилган учинчи юриши вақтида мустаҳкам Ҳазорасп қалъасини икки ойлик оғир қамалдан кейингина бўйсундирган»,— деб ёзади.

1219-1221 йилларда Ўрта Осиёни мўғул-татарлар истило этиб, бу ерда мавжуд хоразмшоҳ ануштагинийлар империясини тор-мор қилдилар. Ана шу босқин арафасида Ҳазораспда бўлган араб сайёҳи Иброҳим ибн Ёқут қуйидагиларни ёзганди: «Бу олиб бўлмайдиган қалъа ва жуда чиройли шаҳар. Унинг атрофини орол каби сув ўраб туради. Қалъага кириш учун биргина йўлак бор ва у ҳам Хоразм тарафдан қилинган. Уларнинг орасидаги йўл уч кунлик. У текис ерда жойлашган, бозорлари ва савдогарлари кўп. Аҳолиси бой-бадавлат». Юқорида тилга олинган Жувайний мўғуллар босқинидан кейинги шаҳарнинг аҳволи ҳақида тўхталиб, унинг Хоразмнинг бошқа шаҳарлари қаторида вайрон этилгани ва сувга бостирилганини кўрсатган. Шундан сўнг, Ҳазораспдаги ҳаёт бир неча ўн йиллар давомида осойишта изга тушмаган.

XIV аср бошларида Хоразм воҳаси иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида бироз жонланиш кузатилган. Олтин Ўрда ноиби Қутлуғ Темур ва унинг рафиқаси Тўрабекхоним Урганчда бир неча йирик мақбара ва минора қурдиради. Бу вақтда Ҳазорасп Чиғатой улуси таркибидаги жанубий Хоразмнинг йирик шаҳри ҳисоблансада, тахт учун курашни кучайтираётган амалдорлар уни тиклаш ва мустаҳкамлаш ишига ўта кам эътибор берганлар. 1371-1372 ва 1388 йилларда эса Ҳазорасп Амир Темурнинг ҳарбий юришларига дуч келди. Урганч каби Ҳазорасп аҳолисининг анчагина қисми Самарқанд, Шаҳрисабз каби шаҳарларга олиб кетилди.

1405 йилда соҳибқирон Амир Темурнинг вафоти оқибатида Олтин Ўрда лашкарбошиси Едигей (Идиқу ўзбек) Хоразмнинг кўпгина қисмини истило қилди. Шимолдан келган мўғуллар бу вақтда Ҳазораспга хуруж қила олмадилар. Шунингдек, Шоҳруҳ Мирзо ва Улуғбекнинг 1412 йилда Хоразмга юборган қўшинлари ҳам зафарсиз орқага қайтдилар. Бу даврда Ҳазораспнинг Хоразм воҳасини мудофаа қилишдаги роли улкан бўлган.

Орадан ярим аср ўтиб, 1463-1464 йилларда темурзода Ҳусайн Байқаронинг Хоразмга юришлари вақтида Ҳазорасп қалъаси воҳа аҳолисини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнади (Мирхонд). Шаҳар аҳолисининг бундай жасорати Муҳаммад Шайбонийхонинг 1505 йилги ҳарбий хуружлари вақтида ҳам кўрсатилган.

1511-1512 йилларда Хоразм хонлигининг шаклланиши жараёнида Ҳазорасп давлатнинг йирик иқтисодий, ижтимоий, маданий марказларидан бири сифатида ўз мавқени йўқотмади. Воҳадаги йирик беклик эканлигини ҳисобга олган ҳолда хоннинг энг ишончли оға-иниларидан бири бу ерга ҳоким қилиб тайинланарди. 1620 йилда шаҳарга келган ҳамда бозорлар ва улардаги савдогарларнинг кўплигини кўрган рус элчиси Иван Хохлов бу ердаги ҳаёт анча осойишта ҳолатга ўтганлигини таъкидлаган.

Ҳазораспнинг ривожланишида янги босқич ― XVIII асрнинг 70-йилларидан бошланди. Шаҳар ҳокими Муҳаммад Ниёз иноқ ташаббуси билан қалъанинг деворлари қайта таъмирланди. 1825-1826 йилларда Ҳазораспнинг янги ҳокими Раҳимқули иноқ буйруғи билан қалъада қаср қурилди. Бухоролик усталар ва эронлик қуллар барпо этган ушбу иморатни ўз кўзи билан кўрган этнограф А.Кун сарой хоналарининг ганч билан ишлангани, шаҳарда 8 та масжид, яна шунча мактаб ва мадраса, 400 га яқин катта-кичик дўкон-расталар борлиги, жума ва якшанба кунлари бозор бўлиб туриши ҳақида ёзганди.

1842 йилда Хоразмда бўлган рус дипломати Г.И.Данилевский Ҳазораспнинг Полвон каналидан олинган Ҳосо ариғи бўйида жойлашгани, ҳоким Раҳимқули иноқ даврида қалъа деворларининг бузилган жойлари тиклангани ҳақида маълумот беради. 1842 йилда Хива хонлиги тахтига ўтирган Раҳимқулихон буйруғи билан Ҳазорасп қалъаси деворлари яна бир марта мустаҳкамланган.

Кейинги йилларда девонбегилар Муҳаммад Амин ва Иброҳим вақтида Ҳазорасп қалъаси атрофида янги девор кўтарилди. Эндиликда шаҳарнинг шимолий деворида 7 та, жанубида — 6 та, ғарбида — 4 та ва шарқида — 1 та ҳимоя миноралари кўриниб турадиган бўлди. Жанубий деворнинг ўртасида баландлиги 16 ва эни 8 метр бўлган ҳамда пишган ғиштдан қурилган дарвоза бор эди. Дарвоза яқинида мадраса биноси турарди. Янги қалъа ичида қолиб кетган эски қўрғон яқинида мавжуд бўлган бозор кўп ҳолларда шаҳар ташқарисигача чўзилиб кетарди.

Ҳазорасп қалъаси ҳокимининг лаёқатсизлиги оқибатида 1873 йилги русларнинг босқини вақтида аҳоли душманга етарли даражада қаршилик кўрсата олмади. Хива хонлигининг Россияга бўйсундирилиши ва ташқаридан бўладиган хуружларга чек қўйилганлиги натижасида Ҳазорасп қалъасининг ҳарбий-стратегик аҳамияти бироз бўлсада пасайди. Эндиликда у воҳанинг жанубий қисмидаги ерларнинг муҳим маъмурий маркази сифатида иқтисодий ва сиёсий ҳаётда жуда катта ишларни амалга оширишга имкон яратди.

Ҳазорасп бозорларида ўлканинг кўплаб ҳудудларидан келтирилган молларни ва савдогарларни кўриш мумкин эди. Шаҳар аҳолисининг сони ортиб борди ва назоратнинг сусайганлиги оқибатида «Дев солган»нинг ичкари қисмида жуда кўплаб иморатлар қурила бошланди. Натижада кўп минг йиллик кўҳна тарих гувоҳи бўлган ашёвий далиллар иморатлар остида, аниқлаб бўлмайдиган даражада қолиб кетди.

Мазкур афсусли ҳолатга қарамасдан Ҳазорасп қалъасини ўрганиш масаласи барча йирик олим ва тадқиқотчиларнинг эътиборини тортиб келди. Ҳазорасп қалъасида археологик тадқиқотни илк бор 1936 ва 1941 йилларда Яхё Ғуломов амалга оширган. Олим қалъанинг қурилиши тахминан мил. олд. IV–III асрларда рўй берганини таъкидлаб, уни Қанғуйлар даврига оид ёдгорликлар қаторига киритган. Қумлар билан тўлдирилган мураккаб истеҳкомлар устида жойлашган қалъанинг майдони 340х320 метрни ташкил қилади ва пахса деворлари ҳажми 40х40х10 см. бўлган ҳом ғиштлар ёрдамида мустаҳкамланган. Уч қатор мудофаа (2 та девор ва сув тўлдирилган хандак) тўсиқлари бўлган қалъа атрофида оралиғи 55 метрга тенг 17 та лой кунгура (милчар) лар билан мустаҳкамланган. Қалъада атрофига тўсинлар (колонна) ўрнатилган хашаматли сарой ҳам қурилган.

Рус олими В.И.Массальскийнинг маълумотларига қараганда Ҳазорасп Амул (Чоржўй) яқинидан чиқарилган ариқ орқали Амударё суви билан таъминланган. Аммо ушбу маълумот бироз шубҳалироқдир. Чунки қадимги Амул билан Ҳазорасп орасида тахминан 350 км. масофа ётади ва бундай узун сув иншоотини қуриш жуда мураккаб иш бўлган.

Этнограф М.В.Сазонова шаҳарга махсус қурилган мосламалар ёрдамида сув етказиб берилганлиги сабабли 5-6 м. баландликдаги қалъа қудуқларида сувнинг сатҳи анча юқори бўлган, деган хулосага келган. Айрим маълумотларга қараганда, қачонлардир қалъадан то Амударёгача бўлган яширин ер ости йўли ҳам бўлган экан.
Кейинги йилларда қалъанинг қадимги даврдаги тарихини Хоразм археология–этнография экспедициясининг аъзолари Милица Георгевна Воробьева (1958), Михаил Самойлович Лапиров-Скобло, Елена Евдокимовна Неразик (1960) бошлиқ олимлар гуруҳи Ҳазорасп қалъаси деворлари ва шаҳарнинг ичкарисидаги айрим иморатларнинг қолдиқларини текширдилар. Тадқиқот ишларининг кенгайтирилиши ва чуқурлаштирилишига ер ости сувлари сатҳининг юқорилиги имкон бермаган.
1996 йилда қалъадаги Жума масжид тагида сақланиб қолган маданий қатламни ўрганиш ишига қорақалпоқ олимларидан Мирзамурод Мамбетуллаев ва Наримон Юсупов, хоразмлик олимлардан — Раззоқберган Абдиримов, Қуронбой Собиров, Шихназар Матрасулов, Комилжон Абдиримов киришдилар. Қўл меҳнати ёрдамида қазилган 8 метрлик чуқурдан топилган ашёлар жуда кўплаб сирларни очишга ва тарихий маълумотларни аниқлаштиришга ёрдам берди. “Ҳазорасп тарихи” китоби муаллифларидан бири, таниқли ўлкашунос Комилжон Нуржонов ҳам “Дев солған” қалъаси ўтмиши ва бугунги кундаги аҳволини ўрганишнинг муҳимлигини таъкидлаган.

«Дев солган» қалъасини тарихий музей-қўриқхонага айлантириш ва уни томоша қилиш учун сайёҳларни таклиф этишга шароит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳолбуки, маданий қадриятларимизни тиклаш ва тарғиб қилиш орқалигина баркамол авлодни тарбиялаб, ватандошларимизда юксак миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантира оламиз.

Мадраҳим Маҳмудов, профессор.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР