-Қарангки, олий ҳазратлари, биз бундай шодиёнага тасодифан келиб қолибмиз,-деди Исломхўжа, -Негаки, йўл узоқ, алоқа масаласи қийин. Шу боис, арзимас совғамизни қабул қилсангиз.
Шунда унинг ёнидаги Исфандиёрхон ўз қўли билан ясаган, тилладан нақш солинган қилични ўша шодиёна арафасида касалланиб, ҳануз дарди енгиллашмаётган шаҳзода Алексейга берди. Бундай ажойиб дурдонани кўрган Николай 2 ва унинг ёнидагилар қиличдан кўз узолмас, шаҳзода эса маҳкам ушлаганича, ҳадя боис руҳияти тетиклашаётганини сезди. Исломхўжа ва Исфандиёрхон бир-бирига кўз уриштирганича, императорга қараб, жилмайиб қўйишди…
Ҳа, 1910 йили Хива хони Исфандиёрхон ва бош вазир Исломхўжа Санкт-Петербургга борганларида ажойиб шодиёнанинг устидан чиқишди. Саройда валиаҳд шаҳзоданинг туғилган куни нишонланаётган экан. Яхшиямки, Исфандиёр гарчи хон бўлсада, ёшлигидан қилич ясашга ихлос қўйган экан. Ўша сафарда у ўзи ясаган тилла қилични Петербургга олиб борганди.
Шодиёнадан сўнг шаҳзодаю императорнинг қувончи чексизлигини кўрган хон ва вазир бу йилги божни олиб келганини айтишди. Ўғлининг айнан совға боис касалдан фориғ бўлаётганини сезган император қувонганидан бир йиллик бождан воз кечиб юборди.
-Унда бизга рухсат берсангиз,-деди Исломхўжа Николай Иккинчига. -Хивада шаҳзода Алесейга бағишлаб, бир шифохона бунёд қилсак. Токи, унда даволанган киши шаҳзодага дуо ўқиб, унинг ҳам мудом соғ бўлиб юришини тиласалар.
-Тағин, олий ҳазратлари, почта ва телеграфхонаям қурсак, Санкт-Петербург билан алоқа ўрнатиб, бугунгига ўхшаш ҳар бир шодиёнадан бохабар бўлиб, совға-саломлар билан келиб турардик, -деди Исфандиёрхон.
Шу тахлит 1910 йилда қилич эвазига шифохона қурилишига Санкт-Петербургдан рухсат олинади. Баёний “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида “Асфандиёрхон Урганч дарвозасидан Янги Урганчга олиб бориладиган йўлнинг шарқ тарафида вилоятнинг беморлари даволанишлари учун васеъ доруш-шифо бино қилмоқни Раҳимберганга топширди”, дея воқеани таърифлаб ўтганди.
Табиийки, барпо этиладиган шифохона замонавий ҳолда бунёд қилиниши лозим эди. Шу боис, бош вазир Исломхўжа Москва шаҳридаги Солдатенков шифохонасига бориб, иншоаатнинг қурилиш услуби ва лойиҳасини кўздан кечирди. Шу тарзда меъмор билан маслаҳатлашишни афзал кўрдилар. Натижада 1911 йилда Исфандиёрхон Москва шаҳри мэри Гучковдан шифохона бунёд қилиш учун лойиҳа тайёрлашда ёрдам беришни сўраган. Гучков бўлса, Москва ва Санкт-Петербургда шундай даргоҳ ҳамда бошқа иншоаатларни қуришда қатнашган меъмор А.М. Рооп номзодини тасвия қилади.
Исломхўжа Москвага бориб, Рооп билан маслаҳатлашади. Меъмор бош вазирдан шифохона қурилиши учун ажратиладиган жой тўғрисида мукаммал маълумот олади. Шундан сўнг Рооп бор билимини ишга солиб, 1911 йилнинг сентябрида лойиҳани Хивага юборади.
Лойиҳага кўра, бино учта алоҳида корпусдан-шифохона биноси, ошхона ва тиббиёт хизматчилари учун турар жойдан иборат бўлиши керак эди. Режага мувофиқ ҳар бири 15 ўринга эга бешта бўлим шифохона учун фаолият кўрсатиши лозим бўлган. Булар заҳм, кўз касалликлари, жароҳлик, ички хастадликлар, қорин тифи ва Сибирь ярасини даволаш бўлимлари эди. 50 нафар эркак ва 25 нафар аёлни қабул қилиш, махсус дорихона очиш ҳам мўлжалланганди. Лойиҳага кўра, шифохонани қуриш учун ўша вақтда 250 000 сўм пул керак бўлган.
Хон фармонига кўра, Дишон қаъладаги Оллоберган қорининг боғи сотиб олиниб, шу ерда Раҳмонберган маҳрам бошчилигида қурилиш ишлари бошлаб юборилади. 1913 йил сентябрда эса шифохона ишга шай ҳолга келтирилиб, хон ўзи ясаган қилич эвазига барпо бўлган бу шифохона учун халққа тўй беради.
Шу тарзда 1913 йил 23 сентябр куни тантанали равишда очилган шифохона бепул иш бошлайди. Унинг шифокори Москва университетини тугатиб, Самара губерниясида ишлаб тажриба орттирган, ички касалликлар, жарроҳлик ва кўз хасталиклари бўйича мутахассис Алексей Фёдорович Анисимов эди. Бу номзодни Исфандиёрхонга Санкт-Петербург ҳарбий академиясининг профессори Сиротин тавсия қилганди.
Аёлларни даволаш учун Фарғона вилоятида участка фельдшер-акушерлик бўлимида ишлаган Умми Гулсум Асфандиёрова чақирилади. Ҳар иккала шифокор шахсан бош вазир Исломхўжа билан шартнома тузиб, иш бошлайди. Шартномада ҳар иккала томон манфаатлари акс этдирилиб, шифокорларга тўрт минг сўм маош, иссиқ ва ёруғ хона, от-арава ажратилиши кўрсатилган.
Шифохона бепул иш бошлагани боис, дастлабки уч ойда беморлар сони ортиб борган. 1913 йилнинг октябрида 1574 эркак ва 1162 аёл, ноябр ойида 2232 эркак ҳамда 1976 аёл, декабр ойида эса 2353 эркак ва 1609 нафар аёл шифокорлар қабулида бўлиб даволанган. 1914 йилнинг 1 январидан шифохона пуллик қилингани сабаб, аста секин мурожаат қилувчилар сони камая бошлайди. Январ ойида 2 724 бемор шифокорлар кўригидан ўтган.
Шу тахлит 1913 йилда Хивада илк бор замонавий шифохона ишга туширилади. Унинг пештоқига кўк кошин плиткаларда шундай сўзлар битилган: “подшоҳи аъзам императури ҳазратларининг валийаҳдлари шаҳзода, улуғ князь Алексей Николаевич жаноби олийнинг номларига Саййид Исфандиёрхоннинг тарафларидин Тоза Хивақда бино этилган хастахона. 1331 ҳижрий.
Ушбу сўзлар бугун ҳам Хивага борган ҳар бир сайёҳга Исфандиёрхон ясаган қилич эвазига шифохона қад ростлагани тўғрисидаги тарихий воқеани сўзлаб тургандек гўё.
Умид Бекмуҳаммад
ҚИЛИЧ ЭВАЗИГА ШИФОХОНА