Асфандиёрхон (Исфандиёрхон) (? - 1643)
Асфандиёрхон даврида тарқоқлик ва зулм кучайди. Бундан фойдаланган йирик мулкдорлар ўз вакилларидан бири Абулғозийни Асфандиёрхонга қарши қўйдилар.

Асфандиёрхон (Исфандиёрхон) (? - 1643) - Хива хони (1623-43), Араб Муҳаммадхоннинг ўғли. Эрон шоҳи Аббос I ҳомийлигида, туркманлар ёрдами билан укаси Элбарс (Илбарс) Султонни тахтдан ағдариб, 1623 йилдан Хивада хонлик тахтига ўтирди.

У туркман зодагонларига таяниб иш юритди. Эрон давлати қўлига ўтиб қолган Жанубий Туркманистонни Хива хонлигига қўшиб олишга интилди, аммо 1628 йилда сафавийлар қўшинидан енгилди. 17 асрнинг 30-40 йилларида Бухоро ва Россия савдо карвонларига зарар етказаётган қалмоқларга қарши қаттиқ кураш олиб борди, қалмоқларга қарши иттифоқ тузиш мақсадида Москва билан музоқаралар юритди.

Араб Муҳаммадхонни ўлдиришгани учун укалари Ҳабаш Султон билан Элбарс Султонни қатл этиб, уларга ёрдам берган Хоразмдаги уйғур ва найман қабилаларининг чорва молларини тортиб олди ва уларга қарши қирғин уюштирди.

Асфандиёрхон даврида тарқоқлик ва зулм кучайди. Бундан фойдаланган йирик мулкдорлар ўз вакилларидан бири Абулғозийни Асфандиёрхонга қарши қўйдилар. Натижада 1643 йил Абулғозий хон қилиб кўтарилди.

Худди шу йили Асфандиёрхон вафот етди. Орадан 2 йил ўтгач, Абулғозий Баҳодирхон Хивада тахтга ўтирди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР