Ануштегинийлар даврида давлатнинг бошқарув тизими
Ануштегинийлар даврида давлат бошқаруви икки тизимдан: даргоҳ ва девонлар мажмуидан иборат бўлган. Даргоҳда ҳожиб, улуғ ҳожиб тутган мавқе юқори бўлган. Ҳожиблик хизмати хоразмшоҳлар даврида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолди. Улуғ ҳожиб ҳукмдорнинг энг яқин кишиларидан бири ҳисобланган.

Ҳожибларга ғоятда муҳим вазифалар, масалан, махсус музокаралар олиб бориш ва, ҳатто, вазирлар фаолиятини тафтиш этиш кабилар топширилган. Шунингдек ҳожиб лавозимидаги амалдорга бутун бир вилоят ноиблиги топширилгани ҳам маълум.

Даргоҳдаги барча хўжалик хизматлари фаолиятини бошқариш устоздорга юклатилган. Султон чақирганда биринчи ҳозир бўладиган шахс ҳам устоздор ҳисобланган. Олий фармон олган устоздор шунга кўра тегишли хизматларга буйруқ берган ва унинг гапини икки қилиш бўлмаган. У даргоҳнинг барча масалалари билан шуғулланган ва бундан ташқари бош хазина маблағларидан ҳам истифода этган ҳолда нонвойхона, ошхона, отхона, сарой хизматчиларининг харажатларини қоплар эди. Шунингдек, у ушбу маблағдан маош бериш ва бошқа харажатлар учун ҳам фойдаланган. Нисавийнинг ёзишича, бунда устоздор улардан тилхат олган. Тилхатга вазир, муставфий, мушриф, нозирнинг муҳрлари босилган бўлиши керак эди. Аъёнлар харажатига кетган маблағ ҳақидаги тилхат ариз муҳри билан тасдиқланиши керак бўлган.

Амири охур мансаби ҳам масъулиятли ҳисобланиб, унча-мунча киши бу лавозимга тайинланмаган. Чунки унинг бўйнига султонга тегишли отлар парвариши юклатилган. Отларнинг сони эса 30 минггача бўлгани маълум. Подшоҳона овларни ўрнига қўйиш тадбирларини амири шикор уюштирган. Саройдаги муҳим хизматлардан яна бири бу таштдордир. Гарчи таштдор ювиниш анжомларини сақповчи маъносини берса-да, аммо аслида бу мансабни эгаллаган киши султоннинг энг яқин кишиларидан бирига айланган. Ҳукмдор унга ўзининг энг махфий фикрларини ҳам изҳор қилиши мумкин эди. Юқорида тилга олганимиз Ануштегин салжуқий Султон Малик саройида худди мана шундай таштдор мавқеига эришганда, унга мазкур мансабга вилоятда мутаносиб келувчи шиҳналик, яъни Хоразм шиҳналиги лавозими берилади. Чунки таштдор хизмати билан боғлиқ барча харажатлар Хоразм вилоятидан тушадиган солиқлар билан қопланарди. Яна бир муҳим лавозим бу қиссадордир. У ҳафта давомида султонга тушган арзлар, шикоятларни йиғиб, жума куни кечаси ҳукмдорга топширарди. Кейин эса ҳар бир арзчи ё шикоятчига тегишли жавобини берарди. Бу мансабга ҳам ҳар ким тайинлана берилмасди. Зеро, ҳукмдор билан оддий халқ ўртасида алоқа боғлаб, раийят аҳволи ва зоридан хабардор қилиб туриш савобли ишини ҳамма ҳам ҳалол бажара олмаслиги табиий. Даргоҳда шунингдек чашнигир — султонга бериладиган овқат, ичимликларни текшириб кўрувчи, жомадор, султоннинг котиби (даватдор), шаробдор, фаррош, байроқдор (амири алам), хос хизматкорлар бошлиғи (малики хавас) каби хизмат ва вазифалар ҳам бўлгани маълум.

Ижроия ишларини девонлар (вазирликлар) олиб бориб, бу тизим тепасида вазир (бош вазир) турган. Вазир ҳам ҳукмдорнинг энг яқин кишиларидан, биринчи маслаҳатчиси сифатида гавдаланади. Ўз фаолиятида у фақат султон олдидагина жавобгар бўлган. Расмий тадбирлар, турли мақсаддаги музокараларда ҳукмдор номидан иш тутган. Унга барча амалдорлар, ноиблар, ҳарбийлар бўйсунган. Ишдан олиш, ишга тайинлаш, маош, нафақа тайинлаш, хазина ва солиқ тизимини назорат этиш, маҳаллий вазирлар ҳисоботини олиш каби қатор вазифалар унинг ваколатида бўлган.

Хоразмшоҳлар давлатида марказий бошқариш аппарати ал-мажлис ал-фахри деб аталиб, уни олий даражадаги мансабдор вазир бошқарган. Вазир девон мансабдорлари (асхаб-ул-давовин) бошлиғи ҳам эди. Уларга нафақа (арзак), иш ҳақи (мавожиб) тўлаш, солиқ бошқармасини, давлат ҳазинасини назорат қилиш ҳам унинг вазифаси ҳисобланган.

Вазирлик мансаби давлатда жуда катта эҳтиром билан ҳурмат қилинган. Чунки мамлакатнинг моддий аҳволи, аҳолининг тартиб-интизомга риоя этиши, амалдорларнинг ҳаққоний хизмат қилиши, қолаверса давлат бошлиғининг сиёсий ва маънавий мавқеи ана шу вазирнинг ишбилармонлиги, мамлакатни бошқариш қоидаларини билиши ва унга амал қилиши, ҳаёт тажрибасига эга бўлиши билан боғлиқ эди. Шариат қоидаларини яхши биладиган, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, садоқат билан хизмат қилаоладиган шахсларнинг вазирлик мансабига тайинланганлар. Вазирларнинг садр, дастур ёки хожаъи бузруг унвонлари бўлиб, улар мансабининг белгиси сиёхдон (давлат) ва махсус матодан тўқилган салла эди. Вазирлик мансабига одатда аждодлари мансабдор бўлган араб ёки форс миллатига мансуб бўлган шахс тайинланган. Туркий халқ вакиллари бу мансабга тайинланмаган. Вазир араб ёки форс тилини билиши, маъмуий ишларга қобилиятли бўлиши, сарой ахлоқ-одоб қоидаларини билиши зарур эди. Вазирлар қабул пайтида шоҳнинг ўнг томонига қўйилган маҳсус курсида ўтирган. Хоразмшоҳлар давлатида вазир мансаби биринчи марта султон Отсиз даврида жорий этилган. Хоразмшоҳлар давлати тарихида ўз вазифасини виждонан бажарган, мамлакатда садоқат билан хизмат қилган ва тарихда яхши ном қолдирган вазирлар кўп бўлиб, улардан энг машҳури султон Такаш ҳукмронлиги даврида вазирлик қилган Низом-ал- мулк Шамс-ад-дин Масъуд ибн Али ад-Харавий эди. Унинг даврида Марв, Урганч каби шаҳарларда мачит, мадраса ва қўлёзмалар сақланадиган жой қурдирганлиги тарихда маълум. Мўғуллар босқинчилиги арафасида шоҳ Аловуддин Муҳаммад вазирлик мансабини бекор қилиб, унинг ўрнига олтита вакилдорлардан иборат кенгаш тузган эди. Бу Хоразмшоҳлар даврининг охирларида тузилган давлат кенгаши бўлиб, муҳокама этилган ҳар бир масала якдиллик билан қабул қилиниши ва қарорда кенгаш аъзолари ҳаммасининг имзоси бўлиши керак эди.

Девонларнинг фаолияти салжуқийлар замонасидаги тизимдан деярли фарқланмаган. Иншо ёки туғро девони расмий ҳужжатлар, ёзишмаларни тузиш билан шуғулланган. Молия ишлари билан истифо девони, давлат назорати тадбирлари билан ишроф девони, ҳарбий масалалар, чунончи, қўшинни қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшин қисмлари шахсий таркибини назорат қилиш, ҳарбийларга ажратилган ер-сув назорати, ҳарбий кўриклар ўтказиш кабилар билан девони арз ё жайш шуғулланган. Яна бир девон бўлиб у девони хос дейилган. Ҳақиқатан ҳам бу махсус девон ҳисобланиб, ҳукмдор сулолага тегишли ер-сув, мол-мулк, султон мамлукларига маош бериш вазифалари билан машғул бўлган.

Давлат мусулмон оламида қабул қилинган қонун чиқарувчи-даргоҳ ҳамда ижроия-девонлар тизимида бошқарилган, давлат бошлиғи султон ҳокимиятининг ҳуқуқлари ҳеч бир қонун-қоида билан чегараланмаган эди. Салтанатни ҳокимлар, ноиблар, вазирлар, лашкар бошлиқларидан иборат кучли ҳарбий аслзода гуруҳлар, муставфий (дафтардор ҳисобчилар), қозилар, садрлар ва бошқа кўплаб сарой мансабларидан иборат улкан аркони давлат доираси қуршаб турар эди.

Вакилдорлар Давлат кенгаши тузилишига сабаб кўчманчи мўғуллар ҳужуми хавфининг кучайганлигида эди. Лекин мўғуллар хужуми хавфига қарши вакиллар кенгаши бирорта жиддий қарор қабул қилганлиги ёки чора-тадбир ишлаб чиққанлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Мамлакатдаги олий мансаблардан яна бири- бу вилоятлар ва ноҳиялар вазирлари эди. Бу мансаб фақат Хоразмшоҳлар давлатида бўлган. Бундай вазирлар одатда сиёсий жиҳатдан муҳим ҳисобланган вилоятларга, шаҳарларга ва ноҳияларга тайинланиб, улар шоҳнинг махсус топшириқларини бажарганлар. Охирги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ҳар бир шаҳарга вазир тайинлангани тарихдан маълум. Хоразмшоҳлар давлати марказий бошқариш аппаратида сиёсий аҳамияти жиҳатидан учинчи ўринда турадиган мансаб-буюк ҳожиб мансаби эди. Одатда бу мансабга турк уруғ-қабила задогонлари вакилларидан тайинланган. Ҳожиблар шоҳнинг шахсий хизматида бўлиб, сарой тантаналари тартибини назорат қилишган, шахсан шоҳга алоқадор масалалар юзасидан унга ахборот бериб турган, унинг махсус топшириқларини бажарган ва унга доимий ҳамроҳлик қилган. Шоҳ ихтиёридаги махсус топшириқларни бажарувчи ҳожиблар устидан назорат ишларини амалга ошириш котиб-ал-кабир (буюк хожиб)га юклатилган. Масалан, Хоразм шоҳларидан Низом-ал-Мупини ўзбошимчалиги, хазина мулкини талон-тарож қилаётганини текшириш ва аниқлаш учун юборган. Ҳожиб Эрбоз вазирот девони дафтарларини, мол-мулк рўйҳатини (жароидни), архивни (маҳзан), котибларни ва моддий тассарруфининг фаолиятини текшириш ваколатини олган эди. Султон Жалолиддин Мангуберди Ҳожиб-ал-хосс Хонбердини қўзғолончилар бошлиғи Бандар, Ҳожиб ал-хоса Бадриддин Тутакчи Султон Жалолиддин номидан исмоилийлар билан музокаралар олиб бориш учун юборган. Хоразм давлатида Ҳожиблар султон-шоҳларнинг махсус топшириқларини бажарган ва ҳаттоки унинг номидан қўшни давлатлар ҳукмдорлари билан музокаралар олиб борган ҳамда элчилик вазифасини ўтаган. Ҳаттоки халифа мунтақсир элчисини қабул қилган. Юқорида кўриб ўтилган давлатнинг асосий амалдорларидан ташқари шоҳ саройида турли майда вазифаларни бажарувчи мансабдорлар ҳам бўлган:

Устоздир - шоҳ саройидаги барча хўжалик юмушларига бошчилик қилган. Отхона, нонвойхона, ошхона ва сарой югурдаклари унинг ихтиёрида эди. Устоздир сарой сарфиёт хизматларига ҳақ тўлаш учун хазина ҳисобидан харажат қила олар эди. Кейинги сарой мансабдорлари қаторига Амир-охур- шохнинг отбоқари, амир-шикор- овчилик ишларини ташкил қилувчи, тошдор -шохнинг шахсий ҳаммомини бошқарувчи, таробдор шохни шахсий мирзаси, амир-ал-алам-туғдор ва бошқа амалдорлар ҳам мавжуд эди. Хоразмшоҳлар қўшини ўз замонаси учун ғоятда кучли ҳисобланар ва ўз даврининг энг яхши қуроллари билан жиҳозланган эди. Бу қўшинларда одатдаги қуроллардан ташқари қамал машиналари ҳам бўлган. Булар орасида ҳаракатчан минорлар, таранлар, ҳужум нарвонлари ажралиб турган. Хоразм яхши тайёргарлик кўрган доимий армияга эга эди. Доимий армия асосан турклардан тузилган бўлиб, қўшин бўлинмалар қабилачилик асосида тузилган эди. 1195 йилги ҳарбий реестрга кўра Хоразмшоҳлар 170 мингдан зиёд доимий армияга эга эди. Баъзи тарихий маълумотларда Хоразмда 400 мингли армия борлиги қайд этилган. Хоразмшохларнинг шунингдек қуллардан тузилган шахсий гвардияси (харас) ҳам бор эди. Харас кўпроқ савдо карвонларини кузатиб борган. Қўшинларнинг бош бошқармаси девон-алжойиш бўлиб, уни шоҳ тайинлайдиган соҳиб - ал-жойиш (девон)- моҳиб девон ал-ард бошқарган. Баъзи манбаларда умум ҳарбий бошқарув органи диван-и арз дар жумлаи- мамолик деб аталади. (Рашид-ад-дин Вад-вад тўпламида). Девон-ал-жойиш ҳарбийларга берилган иқта ишларини, ҳамма унвондаги ҳарбийларга маош ва бошқа тўловларни, қўшинларни ва уларнинг қуролланиши рўйхатга олиш, хамма жангчиларга маошни (арзақ) ўз вақтида тўланишини, уларнинг барча зарур анжомлар билан таъминланишини текшириб турган. Буюк вилоятларда маҳаллий ҳарбий бошқармалар ҳам тузилган. Хоразмшоҳлар армиясидаги энг муҳим мансаблардан иккинчиси ҳарбий назоратчи- назир-ал эди. У ҳам соҳиб-ал-дивон ал-жойиш назорати остида иш олиб борар эди. Армия қўмондонлари қайд ёки муқаддам деб аталиб, энг иш билармон, эпчил амирлар (лашкарбошилар) бу мансабга тайинланган. Баъзи ҳолларда вилоят ҳокимлари айни бир вақтнинг ўзида маҳаллий қўшинларга ҳам қўмондонлик қилган. Вилоят қўшинлари қўмондони ҳам соҳиб-ал-жойиш унвонига эга эди. Янги вилоятларни босиб олгандан сўнг, шу ҳудуд ерлари амирларга иқта тарзида инъом қилинган ва энг катта хизмат кўрсатган амирларга амир-ул-умаро унвони берилиб, шу ҳудудига амирлар оқсоқоли этиб тайинланган. 10 мингача отлиқ аскарлар қўмондони молик деб аталган. Уларнинг баъзиларига жангда жонбозлик кўрсатгани учун хон унвони берилар эди. Хоразмшоҳлар армиясида алоқачилар, разведкачилар бўлиб, уларни гўвушлар ва жосузлар деб аташган. Жосузлар ғанимнинг қўшинлаври ҳолати, унинг ҳаракати ва мақсадлари ҳақида маълумотлар тўпланганлар. Армияда диний ишларга қози-йи- хашам ёки қози-ал-аскар раҳбарлик қилган. Хоразм қўшинлари яхши қуролланган бўлиб, одатдаги қилич, найза, камон каби қуроллардан ташқари манжалиқ (катапулът) тош отар каби ҳужумда ишлатиладиган нарвонлари, тўсинлардан ҳам кенг фойдаланганлар. Хоразмшоҳлар истеҳкомлар ва қатъалар қуришга катта эътибор берганлар. Хоразмда ҳар томонлама баланд ва мустаҳкам қурилган Илал, Хўрондиз, Қоҳри, Ардахн каби қалъалар бўлганлиги ҳақида тарихий маълумотлар сақланиб қолган. Қалъалардаги жангчиларга мустаҳфизлар қўмондонлик қилган. Хоразмшоҳлар давлатида полиция ва жазолаш вазифаларини махсус отрядларга раҳбарлик қилувчи шихналар бажарган. Бу мансабга асосан турк ҳарбий бошлиқлари - амир этиб тайинланган. Шихна ҳокимият учун хавфли бўлган ҳамма ишларни назорат қилган. Ҳар бир босиб олинган вилоят ва ноҳияларга зудлик билан шиҳналар тайинланган. Хоразмшоҳлар давлатида қўшинларнинг ташкилий тузилиши, ҳужум ёки мудофасида қўлланиладиган ҳарбий ҳаракатлар тузуги араб қўшинлари тузилишидан олиган бўлиб, илғор-ўнг қаноат марказ- чап қаноат аръергард ва засада (хофия) қисмлардан иборат эди. Ҳарбий ҳаракат ёки уруш эълон қилишдан олдин йирик қўмондонлар, уламолар, факиҳлар, мунажжимлар иштирокида кенгаш ўтказилар ва шу кенгашда ишлаб чиқилган режа асосида ҳарбий ҳаракат бошланар эди.

Хоразмшоҳлар давлатида XIII асрнинг бошларида мўғулларнинг Ўрта Осиёга истилоси (босқинчилиги) бошланиши арафасида Хоразмшоҳларни Ануштегинлар сулоласининг сўнгги хукмдори Ала-ад-дин Муҳаммад даврида ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий зиддиятлари, ўзаро низолар кучайиб кетди. Бундай вазиятдан усталик билан фойдаланган Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Хоразмни забт этишга муваффақ бўлган.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР