Муҳаммад Раҳим тўра 1864 йил 22 сентябрда 19 ёшида тахтга ўтирган. Хоразм санъатининг сайқал топиши, абадийликка юз тутиши, бугунги авлодларга бой ва туганмас хазина сифатида етиб келиши бевосита Муҳаммад Раҳимхон Феруз номи билан чамбарчас боғлиқ.
1870 йилда Хива шаҳрида тахминан 700 дан ортиқ майда ҳунарманд косибларнинг устахонаси бўлган.
Шу жумладан, шаҳардаги 54 бўёқчилик, 37 та этикдўзлик, 33 маҳси-кавушдўзлик, 16 та кўнчилик устахоналари хон буюртмаси ва аҳолининг кундалик заруратини қондириш учун ишларди.
Шаҳарда дўконлари бор 200 дан ортиқ савдогарларнинг 56 нафари баққоллик, 38 таси баззозлик, 32 таси чой ва тамакифурушлик, 15 таси чопонфурушлик қилишган.
Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигини босиб олган Россия империяси 1873 йилда Хива хонлигини ҳам босиб олди. 1873 йилдан Амударёнинг ўнг соҳилларидаги ерлар Россия тасарруфига ўтказилди.
Муҳаммад Раҳимхон II нинг 37 йиллик ҳукмдорлик даври Россияга қарамликда ўтди. Бу даврда Россия бутун Марказий Осиё хонликларини босиб олган эди. Шундан кейин хонликлар ўртасидаги ўзаро уришлар тўхтади, қуллик тизими тугатилди. Тинчлик билан давлат ишларини бошқариш ва бунёдкорлик ишлари бошланди.
Хон саройидан ва Хива шаҳридан талаб олиб кетилган китобларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида хон 1874 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб тош босмани ишга туширди, Худойберган Девонов сураткашликни машқ қилиб, Хивада Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб фото-кино санъатига асос солди, уни Муҳаммад Раҳимхон ўз ҳимоясига олиб ҳомийлик қилди.
Муҳаммад Раҳимхон даврида қурилган иморатлардан 30 тадан зиёди хозиргача сақланган. Хон Кўҳна Арк қаршисида 76 ҳужрали қилиб, катта мадраса қурдирди.
Муҳаммад Раҳимхоннинг 1898 йил 12 апрелдаги фармони билан хонлик худудларида қадимдан қолган музейбоп буюмлар тўпланди. Хоразм асори-атиқалари 1890 йилда Тошкентда, 1895 йилда Нижний Новгородда, бутунроссия кўргазмасида, 1900 йилда Парижда, 1904 йилда АҚШнинг Миссурий штатида ўтган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинди.
1910 йил 16 августда хон 66 ёшида дунёдан ўтди.