Хоразм – Марказий Осиёнинг Турон пасттекислигида, Амударё делтасида жойлашган қадимий тарихий ўлкадир
“Қадимги Хоразм Ўрта Осиёнинг Мисридир”- Инсоният цивилизациясининг кўҳна маконларини ўргананувчи археологлар улкан ютуқларга кўҳна Хоразм заминидаги маконлар, қабристон, қалъа ва қўрқонларни излаб топиш ва ўрганиш жараёнида эришдилар. Хоразм тарихи, маданияти ва санъатини бетакрорлигига яна бир марта амин бўлдилар". С.П.Толстов

Хоразм – Марказий Осиёнинг Турон пасттекислигида, Амударё делтасида жойлашган қадимий тарихий ўлкадир. “Хоразм” сўзи дастлаб “Авесто”да учрайди, “Авесто” Шарқ ёзма адабиётимизни энг қадимги манбаси сифатида алоҳида ахамият касб этади. “Авесто”да қадимги Турон ўлкаси ва Ероннинг ўзига хос тарихий географияси баён этилади. “Авесто” Шарқий эрон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи қадимий қабилаларнинг ижтимоий тузуми, диний қарашлари хамда жамиятда рўй бераётган табақаланиш ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ўша даврларда жамият турли табақаларга бўлиниб, бойлар ва камбағаллар синфлари пайдо бўла бошлаган. “Авесто” рухонийлар, жанг араваларида юрувчи ҳарбийлар, деҳқон-чорвадорлар, ҳунармандлар, қуллар мавжудлиги ҳақида хабар беради. Жамиятнинг синфларга бўлиниши натижасида дастлабки давлатчилик ҳам вужудга келади. “Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Проурата (Парфия), Моуру (Марв), Гава (Суқдиёна), Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган.

Милоддан аввалги I минг йилликнинг бошларига келиб, Марказий Осиёнинг нисбатан ривожланган худудларида илк давлат уюшмалари пайдо бўлди. Милоддан аввалги IX-VIII асрларга келиб, Бақтрия ва милоддан аввалги VII-VI асрларда Амударёнинг ўрта оқими қисмидан Оролга яқин бўлган ерларда (Шимолий ғарбий Ўзбекистон, Шимолий ғарбий Туркманистон) худудларида Хоразм номи билан аталувчи давлатлар вужудга келган.

Бақтрия ва Хоразм давлатининг худудий чегаралари ўрта Амударё оқимидаги ерлар орқали ўтган. Хоразмнинг йирик суғориш иншоотлари милоддан авваллги VI-V асрларга оиддир. Ўлкада яшаган аҳоли деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Шаҳарларда ҳунармандчилик, савдо- сотиқ ривожланган.

Қадимги ёзма ва архелогик манбаларни ўрганиш натижаси шуни кўрсатадики, қадимги хоразмликлар илм-фан соҳасида ўз даври учун илғор бўлган ютуқларга эришганлар ва ҳаётга тадбиқ қила олганлар. Хоразмликлар астрономия ва математикадан яхши хабардор бўлиб, бурчак ўлчови ускуналарини яратганлар ва улардан фойдаланганлар. Осмон жисмларини ўрганиш, табиат ҳодисаларини кузатишга ихтисослашган фалаккиёт фани кўҳна Хоразмда тараққий қилиб, шу даврда қурилган иншоотлар бизнинг кунларимизгача етиб келган. Ана шу иншоотлардан бири кўҳна Хоразмнинг маданий ёдгорлиги Қўйқирилган қалъасидир, эрамидан аввалги IV асрда бунёд этилган бу қалъа Тўрткўлдан 22 км шимоли шарқда жойлашган. Қалъа фақат ибодатхона сифатида эмас, балки астрономик кузатишлар олиб бориш учун ҳам мўлжаллаб қурилгани, бу ерда яна археологлар томонидан эрамизнинг учинчи асрга оид дастлабки тақвимнома ҳужжат, яъни “Хоразмликларнинг календари” топилган. Бу топилмалар қадимда хоразмликларнинг ўз календари бўлганлигидан гувоҳлик беради.

“Милоддан аввалги VI аср ва милодий XIX асрлар оралиғида Хоразм ўзининг иқтисодий, сиёсий, маъданий юксалиш жараёнида Марказий Осиё минтақасида ўзига хос ўрин эгаллаган ўлка сифатида танилди. Чунки Хоразм худудида қадимги “Дашт йўли” ва “Буюк Ипак йўли”нинг шимолий-ғарбий тармоғи, махаллий ахамиятга эга бўлган қадимги Бақтрия ва Хоразм, Сўқдиёна ва Хоразм савдо йўллари орқали Эрон ва Ҳиндистонга ўтадиган жанубий савдо йўллари кесишарди. Хоразм бу йўлларнинг чоррахасида жойлашган бўлиб, бу ерга турли мамлакатлардан савдогарлар, ҳунармандлар, олимлар ва меъморлар ташриф буюрганлар.

Натижада Буюк Ипак Йўли бўйлаб кенг миқёсдаги савдо-сотиқ жараёнлари бўлиб ўтди. Буюк Ипак Йўли фақат карвон йўли бўлбгина қолмасдан, Евроосиё халқлари цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган, унинг хар томонлама тараққий этишида улкан омил бўлиб хизмат қилган йўл ҳам эди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР