«Худо хоҳласа, бугун, 14 феврал куни соат 20:30да «Миллий» телеканалида узоқ кутилган «Мендирман Жалолиддин» сериалимизнинг премьераси бўлади.
Сериал эфирга узатилмасданоқ одамларда катта қизиқиш уйғотди ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу – табиий. Тўлақонли кино кўринишидаги тарихий сериал олиш амалиёти бизда деярли йўлга қўйилмаган. Демак, бу – биз учун янгилик. Янги ҳаво эса ҳар қандай жамиятни доим тўлқинлантиради.
Сериалимиз кимгадир ёқиши, кимгадир маъқул келмаслиги ҳам табиий ҳолат. Биз премьерадан сўнг фикрлар турли-туман бўлишига тайёрмиз. Одамлар ўз мулоҳазасини эркин билдириши жамиятнинг очиқлиги белгисидир.
Масалан, энг кўп савол фильмда нега бош ролга турк актёри таклиф этилгани ҳақида бўлди. Асосий мақсад сериал орқали актёрларни танитиш эмас, балки таниқли актёрлар орқали жаҳонга миллатимиз қаҳрамонларини намоён қилишдир.
Сериал тўқима образлар ва воқеалар билан бойитилди. Сериалнинг асосий мақсади — томошабинларда тарихий қаҳрамонларга, тарихий воқеаларга қизиқиш уйғотиш. Одамлар ўзимизнинг бой тарихимизга қизиқиб, уни ўрганишлари — сериалнинг энг катта мақсади. Сериал, ҳужжатли филмлардан шуниси билан фарқ қилади.
«Анча бюджет маблағи совурилибди», деган гаплар ҳам бўлди. Aммо бу таъна асоссиз. Сериал тўлиқ ҳомийлар кўмагида ишланди. Бунинг учун бош ҳомий «Orient Finans Bank»га миннатдорлик билдирамиз.
Азизлар, бугун «Мендирман Жалолиддин» фильми ижодкорлари ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлаган барча учун узоқ кутилган байрам! Келинг, маза қилиб сериални томоша қилайлик. Сериалимиз сизга ёқади, деган умиддамиз», деган у.
Чингизхон бошчилигидаги мўғул босқинчиларига қарши курашган шаҳзода Жалолиддин Мангубердига бағишланган «Мендирман Жалолиддин» сериали Туркиянинг «Тирилиш-Эртуғрул» ва «Қурилиш-Усмон» каби сериаллари билан машҳур бўлган «Bozdag film» компанияси томонидан суратга олинган.
Туркиядаги 30 гектар майдонда барпо этилган «Bozdag film» платосида Ўзбекистоннинг XIII асрга оид муҳити жонлантирилган. 1200 нафар ишчи-хизматчининг меҳнати билан 3500 квадрат майдонда баландлиги 5,5 метр бўлган икки қаватли Хоразмшоҳ саройи қад кўтарган. Гурганж кўчалари, аҳоли яшайдиган уйлар, катта бозор ҳам даврга уйғун тарзда бунёд этилган. Истанбулдан 750 километр масофадаги Оқсарой музофотида саҳро жанг саҳналари суратга олинган. Либослар устида эса 200дан ортиқ киши меҳнат қилган.
Сериалда бош қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри Эмре Кивилжим ижро этган. Шунингдек, бир қатор ўзбекистонлик актёр ва актрисалар - Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Акбархўжа Расулов, Саида Раметова, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Феруза Норматова ва Юлдуз Ражабова ҳам ушбу лойиҳада иштирок этишган.
Сериалнинг илк мавсуми 13 қисмдан иборат.
манбаа: kun.uz