Ўтган даврда илгари мавжуд бўлган корхона негизида илғор технологиялар билан жиҳозланган, мингдан ортиқ иш ўрнига эга “Katqal’a teks” корхонаси ишга туширилди.
Лойиҳа қиймати 65 миллион доллар бўлган корхона фаолияти икки босқичда ташкил этилди. 2017 йилда амалга оширилган дастлабки босқичда Италиянинг “Лонати” компаниясида ишлаб чиқарилган 528 та, жорий йилда яна 512 та пайпоқ тўқиш дастгоҳи харид қилинди.
Бугунги кунда корхонада турли ўлчамдаги аёллар, эркаклар ва болалар пайпоқлари ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 70 миллион жуфт, қиймати 30 миллион долларлик пайпоқ тайёрлаш қувватига эга қўшма корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ инновацион технологиялар асосида бошқарилади.
Ўтган йили корхонада 5,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички бозорга йўналтирилди. Жорий йилдан тўла қувват билан ишлай бошлаган корхонада октябрь ойи ҳолатига кўра 12,5 миллион жуфт пайпоқ тўқилди. 3,85 миллион долларлик маҳсулот АҚШ, Россия, Молдова, Украина каби қатор мамлакатларга экспорт қилинди.
Президентимиз корхона қошида ташкил этилган логистика маркази, тўқув, қадоқлаш цехлари, лаборатория фаолияти билан танишди, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди.
Мазкур корхона технологик имкониятларига кўра дунёда саноқли, Марказий Осиёда ягона фабрикадир. Корхонада айни кунда пайпоқ, сочиқ каби тўқимачилик маҳсулотларининг янги моделларини ўзлаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича иш олиб бормоқда.
Иқтисодиётимизга қўрқмасдан инвестиция киритиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича яратилган шароитлар туфайли бугун тадбиркордан қўрқув йўқолди. Корхона қураман, иш ўрни яратаман деган ишбилармонларга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, бизнес учун барча кафолатлар яратилган. Бундан хорижий ҳамкорлар ҳам хабардор бўлиб, экспортга ҳисса қўшмоқда, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда Хоразм вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, “Dererlop Textile” МЧЖ томонидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида енгил саноат мажмуаси ташкил этиш, Шовот туманида аралаш ва пахта ип-калава ишлаб чиқариш бўйича янги йигирув фабрикаси қуриш, Урганч шаҳрида “Textile finanse Horezm” МЧЖ томонидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Тошкент вилояти Паркент туманида Uztex Заркент санаторийсини барпо этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари енгил саноат тармоғини жадал ривожлантириш, маҳсулот экспортини кенгайтириш, қўшимча даромад манбалари ва иш жойини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти