Янгиариқда янги корхона иш бошлади
Президентимиз жорий йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида Янгиариқ туманида қуриладиган бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳалари билан танишиб, ҳудудда янги иш ўринлари яратиш,бозор талабига мос ва экспортбоб маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берган эди.

Янги йил байрами арафасида ана шу лойиҳалардан бири – пластик идишлар ва сиғимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона иш бошлади.Умумий қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур замонавий ишлаб чиқариш корхонаси "Ўзбекнефтегаз” АЖ таъсисчилигида барпо этилган бўлиб, йилига 2,5 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларини қайта ишлаш қувватига эга.

-Корхонамизда ишлаб чиқариладиган пластмасса яшиклар,чиқиндилар учун махсус контейнерлар,пластик поддонлар ва суюқликлар учун хар хил сиғимли идишларга ички ва ташқи бозорда талаб жуда катта,-дейди "Янгиариқ пласт” масъулияти чекланган жамияти раиси Жаҳонгир Абдураҳмонов.-Айниқса вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотларни экспорт қилишда қадоқлаш воситаси сифатида маҳсулотларимиз жуда қўл келади.Чунки пластмасса идишларимизнинг чидамлилиги юқори ва вазни енгил бўлиб,фақат бир томонга ортиш учун мўлжалланган.Бу эса экспортга жўнатилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг таннархи ошиб кетмаслигига имконият яратади.Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, полиэтилен ва полипропилен гранулаларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётгани натижасида хом-ашё таъминотида узилишлар, муаммолар бўлмайди.

120 нафар ёш мутахассис бандлиги таъминланган корхонада ишчи-хизматчиларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Лойиҳанинг иккинчи навбати ишга тушгач иш ўринлари сони, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажми ва тури янада ортади.

Одилбек Одамбоев, xorazm.uz
"Халқ сўзи” мухбири

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР