Туркманистонлик меҳмонлар Хоразмда бўлди
Туркманистон Республикасининг Дашогуз вилояти делегацияси Хоразмга ташриф буюрди.

Дашогуз вилояти ҳокими М.Байрамгулиев бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб Шовот туманидаги "КатқалъаТекс” корхонаси фаолияти билан танишдилар. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари уларда катта қизииш уйғотди.

Шундан сўнг, Дашогуз ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари бошчилигида ҳар иккала вилоятнинг халқ хўжалиги, маданият ва санъат намояндаларининг учрашуви ташкил этилди. Йиғилишда икки вилоят ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хоразм вилоят иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Ж.Авезов вилоят иқтисодиёт тармоқларининг бугунги ҳолати, келгуси тараққиёт режалари ҳақида меҳмонларга атрофлича маълумот берди ва туркманистонлик тадбиркорларни ҳамкорликка чорлади.

Шунингдек, Урганч шаҳридаги «Ёшлик» спорт мажмуасида спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Кейин Хонқа туманида жойлашган қорамол ва паррандалар учун озуқа ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Феэдгран» корхонасини бориб кўрилди. Делегация аъзолари Ҳазорасп туманидаги "GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали фаолияти билан ҳам танишдилар.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар қадим ва навқирон Хива шаҳрини, жумладан, «Нуруллабой» ва «Ичонкалъа» ёдгорлик мажмуаларини ҳам зиёрат қилишди. Шу билан Дашогуз вилояти делегациясининг Хоразм вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Маъруф Манглиев xorazm.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР