Урганч ёғ заводи урушдан олдинги ва кейинги йилларда
Иккинчи жаҳон урушигача ўтган беш йилликлар даврида завод нафақат Урганч шаҳрида, балки вилоятдаги барча саноат корхоналари орасида биринчиликни қўлдан бермай келди.

У Тошкент ва ҳозирги Санкт-Петербургдаги машинасозлик заводлари билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш линияларини ишга солди, ёш ишчи-кадрлар ўқув-семинарини ташкил этди, илғорларни рағбатлантирди. Энг муҳими икки цилиндрли “Помпуд” типидаги 250 от кучига эга бўлган буғ билан ишлайдиган қозон ўрнатилди. Натижада бир суткада 3820 кг. оқланмаган ёғ, 3334 кг. рафинацияланган ёғ, 500 кг. совун ишлаб чиқаришга эришилди. Бу 1930 йилдагига нисбатан деярлик икки баробар зиёд дегани.

1935-1936 йиллар завод жамоаси учун катта кўтаринкилик йиллари бўлди. Шу йил корхонада стахановчилик ҳаракати кенг қулоч ёйди. Ишчилар бир сменада икки норма бажариш мусобақасига қўшилдилар. Раҳим Худойберганов бошлиқ ёғ-мой (жувоз) цехидан 30 киши стахановчилик ҳаракатига қўшилиб меҳнат унумдорлигини 20 фоиз оширишга муваффиқ бўлдилар. Корхона ишчилари бошлаган стахановчилик ҳаракатига биринчи бўлиб Урганч тикувчилик фабрикаси жамоаси ҳам қўшилди.

1936 йил 8 февраль куни завод жамоаси собиқ мамлакат озиқ-овқат халқ комиссарлар кенгашининг раиси И.Микоян имзо чеккан табрик телеграммасини олди. Телеграмма “Хоразм ҳақиқати” газетасида чоп этилди ва у вилоятдаги барча ишчи-хизматчилар, пахтакор деҳқонлар ўртасида ўқиб эшиттирилди.

Вилоят деҳқонлари пахта ҳосилдорлигини янада ошириш, пахта тозалаш саноати ходимлари унинг бир граммини ҳам нобуд этмай Тошкент, Иваново, Москвадаги тикувчилик, тўқувчилик фабрикаларига жўнатиш, “Красний Октябр” заводи жамоаси эса қабул қилиб олинган чигитни тайёр маҳсулотга айлантириб, мамлакат истеъмолчиларига мунтазам етказиб туриш мажбуриятини олдилар.

Ўтказилаётган сиёсий-тарбиявий тадбирлар ўз самарасини берди. Завод ҳар суткада 146,5 тонна ўрнига 160,4 тонна чигитни қайта ишлади.

Шунингдек, Бобожон Одамов, Қўшоқ Отажонов бошлиқ смена нормасини 280-290 фоизга етказиб бажардилар.

1937 йилда стахановчилик ҳаракатига қўшилганлар сони 60 кишига етди. Ортиқ Бекчонов, Қурбонбой Ҳасанов, Ҳусайин Авазметов, Нурумбой Отажоновларнинг фотосуратлари “Ҳурмат тахтаси”дан жой олди.

1938-1940 йилларда заводнинг ишлаб чиқариш қувватлари янада ошди. “Шухов” типидаги 400 от кучига эга бўлган дастгоҳлар ўрнатилди. Натижада меҳнат унумдорлиги 125 % кўтарилиб ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошлари ўстирилди.

1939 йил 1 сентябрда бошланган Иккинчи жаҳон уруши 1941 йил 22 июндан ҳақиқий тус олди. Шу билан тинч ижодий меҳнат ва турмуш тарзи бузилди. Мамлакатнинг ҳамма жойларида бўлгани каби 26 июн куни урушни қоралаб митинг ўтказилди. Митинг: “Ҳамма нарса фронт учун, биз ғалаба қиламиз” шиори остида ўтди. Корхона жамоаси бир жон, бир тан бўлиб фронт учун янада яхшироқ ишлашга қасамёд этдилар. Кўнгилли бўлиб фронтга жўнамоқчи бўлганларга оқ йўл тиланди. Шу кундан бошлаб корхонада 10 соатлик мажбурий иш куни, зарур пайтда 2-3 смена ишлашга ўтиш мумкинлиги эълон этилди.

Шу тариқа Урганч ёғ заводи жамоаси уруш давридаги барча қийинчиликларни ҳушёрлик билан енгиб, ишда темир интизом ўрнатиб, юксак фидойилик кўрсатиб ишлай бошлади. Барча участка ва цехларда урушга кетган эркаклар ўрнини хотин-қизлар эгалладилар.

Урушнинг биринчи ва иккинчи йилида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 25-30 фоизга камайса ҳам Ватан ҳимоячилари ва қамалда қолган жабрдийдаларга ўн минг тоннадан зиёд турли маҳсулотлар жўнатилди.

Уруш йилларида завод жамоаси ишлаб чиқариш бригадалари ўртасида мусобақаларни қизитиб юборди. 1943 йилда заводнинг биринчи бригада ишчилари ғолиб бўлиб, планни 103,8 фоизга бажардилар. Энг юқори муваффақиятларга ёғ жувоз ва совун пишириш цехлари ишчилари эришдилар.

Урушга кетганларнинг бир қисми заводга қайтиб келдилар. Улар орасида орден ва медалларга сазовор бўлганлар Содиқ Ибодуллаев, Сафо Жуманиёзов, Алексей Чурликин, Семён Кузнецов, Якфар Мазитов, Виктор Кузнецов, Виктор Салумин, Сотим Нурматов, Абдулла Абдураҳмонов, И.Пополитов, М.И. Кравцов, Қодир Аннамуратов ва бошқалар бор эди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари

1948 йилда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1924 йилга нисбатан 6 мартага кўпайди. Шунингдек, 1948 йилда совун ишлаб чиқариш ҳам 1928 йилга нисбатан 3 баробар кўпайган эди.

Урганч ёғ заводи жамоасига ўз ишини биладиган кадрлар раҳбарлик қилганлиги ва ишлаб чиқариш кучларидан оқилона фойдаланиш учун ишчи-техник мутахассислари етарлича жалб этилганлиги натижасида юксак ютуқлар кўлга киритилди.

Урушдан кейинги йилларда ёғ заводи цехларидаги эски техникалар юқори унумли, замонавий ускуналар билан алмаштирилиб меҳнат унумдорлиги янада оширилди.

1952 йилда қуввати 900 от кучига эга бўлган, иситиш майдони 117 м2 бўлган Чехиянинг “Грасс” русумли иккита локомобили қурилиб фойдаланишга топширилди.

1954 йилда заводнинг тайёрлов цехида таъмирлаш ишлари бошланди. Цехни таъмирлаш 2 босқичда олиб борилди. Биринчи босқича қуввати 1000 кВт бўлган буғ турбинаси буғ қозони билан ўрнатилди. Иккинчи босқичда “Литнер” ва “Гартман” типидаги бешта буғ қозонлари ўрнатилди. Ушбу тадбирларни амалга оширишда завод директори Е.Ф.Демаков, бош муҳандис В.И. Девяткин, бош механик Н.М.Санжаровскийларнинг хизматлари катта бўлди.

Иссиқлик манбаи цехининг бўшаган қисмида қўшимча мой-жувоз цехи ташкил қилинди ва у 1956 йилда ишга туширилди. Натижада заводда меҳнат унумдорлиги кўтарилди, ишлаш шароити яхшиланди, ёғ ишлаб чиқариш узликсиз равишда ташкил қилинди, машина ва техникаларнинг бекор туриб қолишига асло йўл қўйилмади.

Заводнинг уруғлик хўжалигида қўл меҳнати ҳажмини камайтириш, ишларни механизациялаштириш мақсадида 1956 йилда жами бешта, узунлиги 45 метрлик транспортерлар ўрнатилди. Натижада йилига 2376 сўм тежаб қолинадиган бўлди.

Корхона инженер-техник ходимлари, ишчилари олиб борган фидокорона меҳнат ва цехларни қайта жиҳозлаш ҳамда таъмирлаш ишлари эвазига 1955 йили режалар муддатидан олдин 103,2 фоизга бажарилиб, қўшимча 252 тонна қора ёғ, 1067 тонна рафинация ёғи, 43 тонна хўжалик совуни кўп ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, табиий йўқолиш ҳисобига 41 тонна ёғ тежаб қолинган, меҳнат унумдорлиги 6,5 фоизга ошган. 1956 йилги ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 102,6 фоизга бажарилди.

Корхонада 18 та рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқаришга тадбиқ қилинганлиги сабабли 69 минг сўм иқтисодий самара кўрилди ва ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш плани 107 фоизга бажарилди. Бу даврда заводга И.Т.Сорокин директор этиб тайинланди. Унинг раҳбарлигида инженер-техник ходимлар, ишчи бригадалар, цехлар ўртасида мусобақа ташкил қилиниб, ғолиблар мукофотланди.

Ишлаб чиқариш планларини ошириб бажарган ва рационализаторлик таклифи билан чиққан ишчилар моддий рағбатлантирилиб борилди. Натижада 1958 йилнинг ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 434 минг сўмга ошди ва пландан ташқари 283 тонна қора ёғ, 123 тонна хўжалик совуни ва 273 тонна шелуха кўп ишлаб чиқарилди.

Ишлаб чиқаришга янги техникаларнинг жорий қилинганлиги эвазига меҳнат унумдорлиги 123,3 фоизга ошди ва заводда планлаштирилган ташкилий-техникавий тадбирдаги ишларнинг амалда бажарилганлиги сабабли 64 ишчининг қўл меҳнатини механизациялаштиришга эришилди.

1957 йилда заводда режадаги 40 ишчи ўрнига 56 нафар ишчининг малакаси оширилди. Якка тартибда ўқитиб олиш бўйича 12 ёш олий ва ўрта махсус билим юртларига жўнатилиб, стипендия билан таъминланадиган бўлди.

1957 йилда мойжувоз цехи қайта реконструкция этилиб 14 мойжувоз ускуналари ўрнатилиб ишга туширилди. Натижада завод 11 092 тонна қора ёғ, 9228 тонна оқланган истеъмол ёғи ва 1507 тонна хўжалик совуни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди.

Республика ҳукумати 1960 йил декабрида Урганч ёғ заводида оқланган истеъмол ёғи (рафмасло) ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш юзасидан махсус қарор қабул қилди. Натижада ёғни оқлаш (рафинация) цехи 1962 йилда ишга туширилди.

Урганч ёғ заводининг совун пишириш цехи бўлимида суткасида 33 тонна қора ёғни ишлаб чиқарадиган сиғими 10 м3 бўлган иккита нейтрализация қиладиган юқори унумли ускуна ўрнатилиб, ёғ оқлаш цехи 1962 йилнинг охирида ишга туширилди. Цехнинг қуввати суткасига 60 тонна ўсимлик ёғини қайта ишлаб, ёғни фильтрлаш, қуритиш ва ювиш ишлари амалга оширила бошланди. Натижада 1963 йилда корхонада қўшимча 30 тонна ёғ иқтисод қилиниб меҳнат унумдорлиги 8,5 фоизга ўсганлиги ҳужжатларда қайд этилди.

Заводда иш 3 сменада ташкил қилиниб йиллик ишлаб чиқариш плани муддатидан олдин бажарилди. Пландан ташқари 100 тонна ўсимлик ёғи ва ўнлаб тонна шелуха, кунжара, совун каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

1959 йилда ялпи ишлаб чиқариш плани ошириб бажарилиб, 84319 тонна чигит қайта ишланди, пландан ташқари 1276 тонна қора ёғ, 430 тонна оқланган ёғ, 3710 тонна шелуха, 2 тонна хўжалик совуни ишлаб чиқарилди. Мойжувоз цехидаги қувватлардан фойдаланиш 5,8 фоизга, заводда меҳнат унумдорлиги 6,8 фоизга ошган. Кадрларни тайёрлашга катта эътибор берилган. Завод ишчи-ходимларидан 92 ишчининг техник малакаси оширилди, 6 ходим якка тартибда ўқитилиб, 27 одамнинг малакаси оширилди.

Заводда 1959 йилда ёғни оқлаш цехидаги соапсток сиғимли махсус идиш ўрнига 2 марта катта бўлган шундай бак ўрнатилди. Совун цехидаги штамплаш ускунасини 2 каналда автоматик равишда ишлаши ташкил қилинди. Ёғни оқлаш цехида эмульсион установка ишга туширилиши натижасида оқланган ёғ ишлаб чиқариш 0,5 фоизга ошган. Завод цехларида хом ашё материаллари ишлаб чиқариш, товарларни юклаш-тушириш ишлари механизациялаштирилди. Мойжувоз цехига қимматбаҳо насос ўрнатилиб йиғилувчи бакни ёғдан тозалаш механизациялаштирилди. Натижада ишчиларнинг иш шароитлари анча яхшиланди.

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР